Линклар

Эркин микрофон - Вилоятларда ҳам бойлар овланмоқда

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Форишлик бир неча минг қўйлик бой Темур Мамажонов ўз мисолида¸ Тошкентда бошланган бойларни қийратиш¸ улар мулкини ўзлаштириш кампаниясининг эндиликда вилоятларга кўчганини айтади.


“5000 қўйимни олиб қўйишди”


дейди Қозоғистондан қўнғироқ илган ўзбекистонлик Темур Мамуржонов. У Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Чимқўрғон жамоа хўжалигида яшаганини айтар экан, Ўзбекистонда бойларга қарши бошланган қама-қама кaмпаниясининг қурбони бўлганини таъкидлайди:

- Мен Жиззах вилояти¸ Фориш туманиданман. Ўзбеклар 5000 қўйимни олиб қўйишди. Ҳозир бойларнинг ҳаммасини қуваяптию Ўзбекистондан. 5000 қўйимни тортиб олиб қўйди давлатдагилар.

Озодлик: Сизнинг шахсий қўйингизмиди?

- Ҳа.

Озодлик: Сиз Ўзбекистон фуқаросимидингиз?

- Ўзбекистон фуқароси эдим. Ҳозир Олмаотадаман.

Озодлик: Ўзбекмисиз¸ қозоқмисиз?

- Мен қозоқман. Ўзбекистондан март ойларида қочиб кетганман.

Озодлик: Нима учун қочиб кетдингиз?

- Қамайман¸ деб нима қилган эди. Мен кетиб қолдим. Границадан ошиб кетдим.

Озодлик: Бу қўйлар сизники бўлса¸ қандай қилиб биров тортиб олиши мумкин?

- Билмайман энди. Бойваччаларнинг ҳаммасини нима қилаëтгандан кейин мен ҳам ўтиб кетдим. Жиззахда бир бойвачча бор эди. Уч кило олтинини олиб¸ у ҳам қочиб кетди. Сариоғочдами¸ бир ерда юрибди дейди.

Озодлик: Сиз ҳам Ўзбекистонда ўзига яраша бой эдингизда-а?

- Энди молим бор¸ бошқам бор. Бола-чақам бор.

Озодлик: 5000 та қўй қаерда қолди?

- Давлат олиб қўйди. СНБ¸ коррупия ҳаммаси келиб шундай олиб қўйди. ОМОНми анави маска кийиб оладику¸ спецназ билан келдида.

Озодлик: Бола-чақа қаерда?

- Ҳаммамиз шу ердамиз. Ҳаммамиз қочиб кетдик. Дадам¸ ойим ҳаммамиз келдик. Уй қолди¸ дейди Темур Мамуржонов.


“Ихтиромни йўқ қилдилар”

Наманган туманининг Чуст туманидан қўнғироқ қилган Набижон Жунаевнинг айтишича, у қишлоқ хўжалиги ишлари учун янги машина ихтиро қилган, бироқ унинг ихтиросини Тошкентга олиб кетишганича қайтариб беришмаган:

- Бир ихтиро қилгандик. Шу машинани чиқара олмасдан қийналаяпманда.

Озодлик: Нима ихтиро қилгансиз?

- Мен далада тош¸ қамиш¸ ажириқларни терадиган машина ихтиро қилганман. 30 йилдан бу ëғига тошкентдагилар йўқ қилиб¸ судлашиб ҳам ҳеч бир нима қила олмаяпман. Бир очлик эълон қилиб бирорта давлатда ўтираман¸ деган ниятим бор. Матбуотда бутун дунë кўриб қолса¸ деган ниятим бор эди. Ўзбекистонда мен 2007 йили ҳукумат нималарига хат ëзиб “Рухсат беринглар. Шунақа қилай. Бир кўринглар” десам¸ ҳеч қайсиниси рухсат ҳам бермади.

Озодлик: Сиз ихтиро қилган машинангиз ҳақида гапиринг.

- Тош¸ ажириқ¸ қамишларни шудгордан теради.

Озодлик: Ўзи юрадими ëки тракторга тақиладими?

- Бу тракторга уланадида.

Озодлик: Қаерда бу машинангиз?

- Шартнома қилган эди мен билан.

Озодлик: Ким?

- Фирмамиз билан шартнома қилган эди. Шартномага асосан битта занжирини бошқача қилмоқчи бўлдик спецзанжир қилиб.

Озодлик: Ким шартнома қилган?

- Ирригация илмий-текшириш институтининг конструкторлик бюроси. Олти йилдан бери судлашамиз.

Озодлик: Машинангизни олиб кетиб бошқа қайтариб беришмадими?

- Йўқ. 30 йилдан бери президентнинг идорасига бораман. Ҳеч нарса ҳал бўлмайди. 60 мартадан ортиқ хат ëзиб безор бўлиб кетдим. МХХ¸ республика ички ишлар идораси¸ прокуратураси – папка-папка ҳужжат бўлиб кетди. Мен патент олганман бунга. Иккита авторлик гувоҳномаси¸ иккита патент бор. 1979 йилдан бери шуғулланаман¸ дейди Набижон Жунаев.


“Қийноқлар давом этаяпти”

дейди Ўш шаҳрининг Шаҳидтепа қишлоғидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз. Унинг айтишича, ҳарбийлар ўзбеклар яшайдиган хонадонларга кириб эркакларни олиб кетишаяпти, мол-мулкни талашяпти:

- Мана шу ишлар бўлди¸ қирғиз-ўзбек уруш бўлиб мана бунақа бўлди-а? Қуролсиз бизнинг халқимиз ҳеч нарса қила олмади. Биз ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилдик. Автобуслар борми¸ КамАЗлар борми йўлни тўсиб¸ қирғизларни ўзимизнинг территориямизга киргизмадик. Бу ëқда снайперлар отди¸ бу ëқда БТРлар¸ танкларда келиб отишиб роса ëмон нима бўлди. Ҳозир шу кунда жим юрган халқнинг уйига кириб¸ болаларини олиб чиқиб кетиб¸ ҳаммасини роса уриб ГОВДда¸ издеватся қиляпти. Мана бугун учта маҳалламиздаги болаларни олиб чиқиб кетган. Шу бўйича уриб эзиб юборишибди. Иложи қолмаяпти. Қаерга¸ нима¸ деб телефон қилишимизни ҳам билмаймиз. Энди нима қилишни ҳам билмай қолдик. Охири сизга телефон қилишга мажбур бўлдим. Бир ëрдам¸ нажот бўлса¸ иложини қилинглар¸ дейди ўшликлардан бири.


“Ўзбеклар Ўшдан кўчманг”

дейди Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан қўнғироқ қилган Дилноза.

- Мен олдиндан кечирим сўрайман. Илтимос мени кечиринглар ўзбеклар. Агар нотўғри гапирган бўлсам¸ ватандошларим кечиринглар. Кейин яна битта ака гапирдилар. “Қирғизистонда бизга яшашга жой қолмади. Биз референдумга ҳам қатнашмадик” дедилар. Сиз бошқа қаерга борасиз? Маслаҳатим шуки¸ ҳамма ўзбеклар бир ëқадан бош чиқариб БМТ га мурожаат қилсин. Тегишли жойларга мурожаат қилиб ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилса бўладику. Униси у ëққа қочади¸ буниси бу ëққа қочади. Ҳамманинг калласидан ҳар хил фикр чиқаяпти. Ҳамма битта фикрда эмас. Ҳамма “Қирғизистонда биз туғилиб ўсдик. Бу бизнинг ватанимиз. Миллатимиз ўзбек бўлгани билан биз Ўзбекистон фуқароси эмас Қирғизистон фуқаросимиз. Мана шу фуқароликни¸ ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қиламиз” демаяпти. Ҳамма бир ëқадан бош чиқариб қочқинга айланмасдан¸ фожиа бошланган пайтда тик военнийларнинг кўзига чиққан пайтда биттани ўлдирар¸ иккитани ўлдирар¸ 200 тани ўлдирар шаҳара барибир бедарвоза эмаску. Уларни ҳам сўрайдиган жой борку. Шу нарсани мен айтмоқчи эдим. Балки нотўғри фикр билдиргандирман¸ дейди Дилноза.


“Болаларни органларга ишга қўйиш керак”

дейди Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз Ўшда бўлган воқеаларга ўз муносабатини билдирар экан,

- Бундан 20 йил олдин ҳам шу икки миллат ўртасида ўзаро келишмовчилик бўлган. 20 йилдан кейин ҳам бўлди. Миллатдошларимиз бошидаëқ дўппини тўғри олиб қўйиб¸ ўзининг ҳуқуқини¸ ўзини ҳимоя қиладиган даражасини ўйласа шулар. Ўзбек миллатининг фахрини кўтариши керакку ҳар бир одам. Ўзбек йигитлари қуролли кучларда бўлганда¸ бунчалик оëқости бўлиб кетмас эдику. Фақат бизнес билан шуғулланмасдан милиция¸ ҳарбий қўшинларида булар ҳам ўзининг ҳуқуқини ҳимоя қилиб болаларини ўша ерга юбориши керак. Бунинг қанчаси ишлаяпти¸ нима иш қилаяпти¸ шуни шуғулланиши керакми ëки йўқми ўшалар ҳам? Фақат қирғизлар эгалламаслиги керакку ҳамм аппаратурани.

Яна бир бор айтаман ички қўшинларига¸ қуролли кучларига¸ СНБсига ўзимизнинг юртдошларимиз ўзининг фарзандларини қўйсин. Ўша ердан ойлик олсин¸ ўша ердан манфаат олсин. Ўзининг ота-онасини қўриқласин ва миллатимизнинг руҳини қўриқласин. Фақат бизнес ëки мачитга қатнаш билан ҳаëт бўлмайдику. Фарзандларини мана бу руҳга руҳлантириш керак. 10 йилдан кейин яна такрорланади. Масалан¸ давлат идораларида¸ бошқа бир ташкилотларда миллатимиз фарзандлари ишлаши керак ва ўзини ҳимоя қилиши керак. Токайгача у ерда ўзбеклар ўлиб кетаверади. Ўзини ўзи ҳимоя қилсин. Фақат бизнес ëки намоз ўқиш билан ҳеч нарса бўлмайдику¸ дейди касбилик суҳбатдошимиз.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG