Линклар

Жалолобод вилоятида икки ҳафта аввалги тартибсизликларни уюштиргани тахмин қилинаётганлар қўлга олинган. Бу ҳақда баëнот берган Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларига кўра¸ ҳибсга олинганлар ўзбек етакчилари ва улар яқинларидир.


Қирғизистон Tашқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Мелис Турғанбаевнинг маҳаллий нашрларга билдиришича, “Сузоқ туманида Жалолободдаги оммавий тартибсизликларни уюштиришга алоқадорликда гумонланмиш Ғофуржон Абдураҳмонов қўлга олинди”.

Сузоқлик ўзбеклар лидерларидан бўлган Абдураҳмонов уйидан, Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, Ф-1 гранатаси, катта миқдорда қурол-аслаҳа, бир килограмм героин ва бошқа банг моддалари топилган.

- Ғофуржон Абдураҳмонов ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ ходими бўлиб ҳисобланади. Оператив маълумотларга кўра, ҳозирда у мамлакат жанубида катта таъсирга эга наркобаронлардан бири бўлиб ҳисобланади, деди Мелис Турғанбаев.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосарига кўра, 30 июн куни “ҳудудда Жалолободдаги тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинган икки киши, жумладан, Қодиржон Ботировнинг қариндоши ҳам ушланган”. Уларнинг уйидан Калашников автомати ва ўқ-дори чиққани айтилмоқда.

Тезкор гуруҳ ҳозирда қидирувда бўлган Қодиржон Ботировнинг уйида ҳам тинтув ўтказган.

Мелис Турғанбоевнинг айтишича, “умуман олганда, ҳудудда вазият осойишта, бироқ куч ишлатар тузилмалар ходимлари зачистка ва махсус амалиётларни ўтказишда давом этмоқдалар”.

Аввалроқ Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида бўлиб ўтган зачисткалар чоғида маҳаллий аҳоли бундай амалиётлар ўтказаётган ҳарбийлар ва милиционерларнинг айрим уйларга ўқ-дори, қурол-аслаҳа ва банг моддалари ташлаб қўяётганини айтган ва бу борада воқеа жойида вазиятни кузатаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам ташвиш изҳор қилгандилар.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG