Линклар

Россия тожик-афғон чегарасига қайтмоқчими?

  • Гулнора Равшан

Россия Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов фикрича, рус чегарачиларини тожик-афғон чегарасига қайтариш масаласи Москва ва Душанбе розилиги билан ҳал бўлиши мумкин.

Россия Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов фикрича, рус чегарачиларини тожик-афғон чегарасига қайтариш масаласи Москва ва Душанбе розилиги билан ҳал бўлиши мумкин.

Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараларини қўриқлашни Россия чегарачилари ихтиёрига қайтариш масаласи Москванинг диққат-марказида турибди. Бу борада 30 июн куни Душанбе шаҳрига борган Россия Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов маълум қилди.

1 июн куни эрталаб Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашувдан сўнг журналистлар олдида сўзлаган Россия наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов Афғонистондаги халқаро кучларнинг наркотикларга қарши олиб бораётган тадбирларини қониқарсиз, дея баҳолади.

- Афсуски, Афғонистон нафақат героин, балки наша ишлаб чиқаришда аввалдан лидер ҳисоблаб келинган Марокашни қувиб ўтиб, дунёда биринчи ўринни эгаллади. Биз жаноб Имомали Раҳмон билан музокарамизда афғон наркотиклари ноқонуний савдосига қарши кураш масалалари билан боғлиқ келгуси режалар борасида келишиб олдик, дея маълум қилди Россия ҳукумат мулозими Иванов.

Унга кўра, бугун дунё халқига банг моддалари ва террорчилик хавфи хуруж қилаётган бир пайтда Россия билан бир қаторда Марказий Осиё, жумладан, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегаралари янада жиддийроқ қўриқланиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Виктор Иванов Душанбега сафарига қадар Россия ахборот агентликларининг бирига интервюсида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараларини қўриқлаш рус чегарачилари ихтиёрига қайтарилиши лозимлиги ҳақида фикр билдирган эди.

Бугун Имомали Раҳмон билан музокара чоғида айни мавзу муҳокама этилдими-йўқми – журналистлар учун очиқланмади.

Аммо…

- Бу масала диққат марказимизда бўлиб турибди, бироқ ҳозирча бу масала бўйича томонлар музокараси бошлангани йўқ. Лекин шуни айтиш лозимки, икки давлат розилиги билан масала ҳал бўлиши мумкин, дер экан Россия Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов Тожикистоннинг Афғонистон билан чегаралари кўнгилдагидек қўриқланмаётганини қистириб ўтди.

Бироқ Тожикистон наркотикларни назорат қилиш давлат қўмитаси расмийси Бобожон Шафий бу фикрларга қўшилмайди.

- Агар ҳақиқатини айтадиган бўлсак, рус чегарачилари Тожикистондан чиқиб кетганларидан сўнг мамлакатимиз чегараларини қўриқлаш масаласида ҳеч қандай қийинчиликлар бўлган эмас, хусусан, наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш масаласида. Тожикистон чегара хизматчилари аввалгидан ҳам яхшироқ чегараларимизни қўриқлаётганини сўнгги йилларда чегарадан ўтиб кетаётган наркотиклар ҳажмининг ўтган йилларга нисбатан камайгани билан исботлаш мумкин, дея билдирди Бобожон Шафий.

Тожик расмийси маълумотларига кўра, ўтган йили Афғонистоннинг 34 вилоятидан 20 та вилоятида наркотиклар етиштирилмаган, ўз-ўзидан наркотиклар ноқонуний савдоси ҳажми ҳам ўтган йилдагиларга нисбатан анча кам бўлган. Бобожон Шафий айтган афғон вилоятларининг аксарияти Тожикистон билан чегарадош экан.

Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар маркази масъули Сайфулло Сафаров ўз мамлакати рус чегарачиларининг ортга қайтишига эҳтиёж сезмаслигини айтади.

- Аммо Россия тарафининг ташвишларини ҳам, манфаатларини ҳам яхши англаймиз. Рус чегарачиларининг чегараларимизни ўз ихтиёрига олишидан наркотиклар оқими камайиши мумкинлигига оид фикрларда асос йўқ, аксинча наркотиклар ҳажми ошиши мумкин, чунки бундай ҳодисалар аввал ҳам қайдга олинган. Россиянинг ташвишларига келсак, бу ерда кўпроқ унинг минтақадаги геосиёсий манфаатлари кўзда тутилгани сир эмас, дея таъкидлади тожик расмийси Сайфулло Сафаров.

Аснода мустақил таҳлилчилар Тожикистон ўз чегараларини мустаҳкамлаш ва қўриқлашда жиддий қийинчиликларга дуч келаётган эса-да, давлат амалдорлари Афғонистон билан чегараларини рус чегарачилари ихтиёрига топширишдан манфаат кўрмаслигини урғулашади.

- Чунки наркотиклар ҳозир айрим амалдорларга бой бўлиб кетиш учун катта имкониятини беради. Шунинг учун биз уни бермаймиз бошқа давлатларга, чегара ўзимизнинг қўлимизда, ўзимиз уни қўриқлаймиз, қўлимизга тушган нарсаларни ҳам маҳкам ушлаб туриб, ўз билганимизча керакли нуқталарга тарқатамиз, деди мустақил таҳлилчи Нўъмонжон Фахриддинов.
XS
SM
MD
LG