Линклар

Россияда муҳожирлар учун патент тартиби кучга кирди


Янги тартибнинг хусусий иш берувчилар қўлида ишловчи меҳнат муҳожирларига қулайлик яратиши айтилмоқда.

Янги тартибнинг хусусий иш берувчилар қўлида ишловчи меҳнат муҳожирларига қулайлик яратиши айтилмоқда.

Жорий йилнинг 1 июлидан Россияда МДҲ давлатларидан келган меҳнат муҳожирларига иш рухсатномасини олишни осонлаштирувчи қонун кучга кирди. Унга биноан меҳнат муҳожирлари ойига 1 000 рубл турадиган патент сотиб олиши керак.



“Россиядаги чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонуннинг 13/3 моддасида кўрсатилган бу ўзгартиришлар фақат Россияда жисмоний шахсларникида ишлаётган меҳнат муҳожирларига тегишли, дейди Федерал Миграция хизмати расмий вакили Константин Полторанин Озодлик билан суҳбатда:

- 1 июлдан бошлаб Россияга визасиз кирадиган мамлакатлар, айниқса собиқ иттифоқ давлатларидан меҳнат қилгани келган барча мухлисларингиз Миграция хизматининг маҳаллий бўлимларига мурожаат қилиб патент олиши мумкин. Бу мигрантлар миграция картаси, муддати ўтмаган паспорт, 2 дона фотосурат билан ариза топширади ва 10 кун ичида патентни қўлига олади. Патент тайёр булган куни у хоҳлаган банкга кириб бир ойга амал қиладиган 1000 рублли солиқ тўлови ҳақида квитанция олиб келади. Бирданига 3 ойга тўлаш имконияти ҳам бор. Мана шу тўлов қоғози унинг Россияда яшаб меҳнат қилиши учун асос бўлиб хизмат қилади, деди Федерал Миграция хизмати расмий вакили Константин Полторанин.

Бу мутассадининг сўзларига кўра, кучга кирган янги тартиб Россиядаги уй хизматчилари, шахсий уйларнинг қурилишида ишловчи шахслар, қоровуллар, болаларга энагалик қилувчилар ва умуман жисмоний шахслар томонидан ишга ёлланган муҳожирларга таалуқлидир.

Янги қонунга кўра¸ меҳнат муҳожири ҳужжатларини расмийлаштириш масаласи¸ биринчи навбатда¸ иш берувчи зимасига юкланади.

Мазкур ўзгартириш¸ Россия расмийлари даъво қилаëтган каби¸ меҳнат муҳожирлари ҳаётига қулайлик киритадими? Мазкур янгиликка ўз фикрини билдирган аксар суҳбатдошларимизнинг патент ҳақидаги қонундан мутлақ бехабарликлари аниқланди. Москва шаҳрида шахсий уйлар қурилишида ишлаётган фарғоналик Ҳаётжон патент тизимининг жорий қилиниши анча-мунча сарф харажатлардан сақлашига умид билдирди:

Озодлик: Сиз ҳужжатларни тўғирлашга қанча пул сарфлагансиз?

- Мен ҳар уч ойда 1000-1500 сўм тўлайман.

Озодлик: Қалбаки қиласиз.

- Ҳа.

Озодлик: Қалбаки қилмасдан бошқа иложи йўқми?

- Иложи бор. У қимматроққа тушади.

Озодлик: Қанчага тушади?

- Энди ака биз границадан ўтиб келишимиз керакда. Паспортга печат уради. Агар 1000 сўм тўлаб бемалол ишлаб юрадиган бўлсак¸ шу бизга жуда ҳам зўр. Тинчгина юрамиз. Ҳозир документ қиламизда биз. Қалбаки қиламиз. Пулимиз бўлса¸ пул билан кўчада юргани қўрқамиз.

Озодлик: Қалбаки билан ҳеч қўлга тушганмисиз?

- Ҳар доим тушиб тураман.

Озодлик: Чегарадан кириб чиқишни нима қиласиз?

- Паспортни мана шу ердаги болаларга бераман. Улар урдириб беради. Қалбакими ëки ростданми билмайман. Мен ўзим қалбакилигини биламан. Чунки ўзим чиқиб келмайманда. Агар ўзим чиқиб келадиган бўлсам¸ менга қимматга тушиб кетади¸ деди патентни киритилишидан мамнунлигини билдирган фарғоналик Ҳаётжон.

Кейинги суҳбатдошимиз жиззахлик Зафаржон эса патент ҳақидаги қонунга ўзгартиришлар вазиятни осонлаштиришига ишонмаслигини айтади:

- Гапнинг очиғи катта фирмаларда расмий равишда тўлаб¸ тўғрилаб регистрацияга эга бўлса¸ унинг қулай томони кўп. Ҳозир қулай томони яхши бўлмасам керак¸ менимча.

Озодлик: Нима учун?

- Ҳозир ҳамма муҳожирлар¸ биринчи навбатда¸ ўз манфаатини кўзлайдида. Сиз айтган қонун бўйича ҳужжатлаштирадиган бўлса¸ уларнинг ўзларининг ҳам масъулияти ортадида. Регистрациянинг ўзи 200 сўмга ҳам бормайдида тўғриси¸ дея ойига 200 сўмга рухсатнома қилиб юриш маъқуллигини таъкидлайди жиззахлик Зафаржон.

Наманганлик Маҳмуджон ака эса Россияда анча йиллардан бери умуман ҳеч қандай хужжатсиз ишлаётганини ва бундан кейин ҳам бемалол ишлашини билдирди:

- Менга ҳужжат билан проблема йўқ. етти ой бўлди ҳалигача беҳужжат ишлаяпман.

Озодлик: Чиқишда муаммо бўлмайдими ?

-Чиқишда таможняга 500 сўм узатилади. Шунақа жойлари ҳам бор¸ қидириб топса бўлади. Қийнайди¸ лекин менинг ëнимда уст-бошимдан бошқа ҳеч нарса бўлмайди. Барибир чиқариб юборади. Ҳеч қанақа қийинчилик йўқ. разрешение на работу бўлмаса кўчада милиция ушлаб депорт қилиб юборади. Менга бўлса фарқи йўқ. мен соғ-саломат юриб, ишлаб уйга кетсам бўлди¸
дейди Маҳмуджон ака.
XS
SM
MD
LG