Линклар

logo-print

Қизил хоч ҳибсга олинганлар билан учрашмоқчи

  • Ҳурмат Бобожон

Ўшликларга кўра¸ Халқаро Қизил хоч қўмитаси жабр кўрганларга сезиларли ëрдам кўрсатмоқда.

Ўшликларга кўра¸ Халқаро Қизил хоч қўмитаси жабр кўрганларга сезиларли ëрдам кўрсатмоқда.

Халқаро Қизил хоч қўмитаси Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар давомида ҳибсга олинганлар билан учрашиш учун Бишкек раҳбариятидан изн сўрамоқда. Бу масала қўмита раҳбари Якоб Келленбергернинг Ўтиш даври президенти Роза Ўтинбоева билан учрашуви давомида кўтарилди.



Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Бишкекдаги вакили Василий Фадеевнинг билдиришича, Ўтунбаева билан сўзлашувлар давомида Келлинбергер мамлакат жанубидаги зўравонликларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган тутқунлар билан учрашишга рухсат сўраган.

- Сўзлашувлар давомида зўравонликлар пайти қамоққа олинганлар ёнига кириш масаласи кўтарилди, деди Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Бишкекдаги вакили Василий Фадеев.

Қирғиз расмийлари ўтган ойги зўравонликларга алоқадорлиги гумон қилинган ўнлаб шахснинг ҳибсга олинганини билдирган эди.

Улар орасида жалолободлик инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров, журналист Улуғбек Абдусаломовлар ҳам бор.

Аммо Қизил хоч қўмитаси вакили ўз ҳамкасбларининг айнан кимлар билан учрашиш ниятида эканликларини очиқламади.

- Конкрет исмлар йўқ. Сиз ҳуқуқ ҳимоячилари номларини эслатдингиз. Мақсадимиз зўравонликлар боис қамалганлар билан учрашиш, улар сақланадиган жойлардаги шароит билан танишиш¸ деди Василий Фадеев.

Аввалроқ 13 июн куни ҳисбга олинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туман милициясида сақланаётгани ва қийноқларга тутилаётганини ҳақида унинг адвокати хабар қилган, қирғиз расмийлари эса буни инкор қилган эди.

Азимжон Асқаровга ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳамда миллий низо қўзғаш айблари қўйилган.

Айни пайтда Қирғизистонга қайтиб борган қочқинлар Ўш ва Жалолободдаги воқеалар даҳшатдан ўзларига келмаганлари ва бутунлай вайрон бўлган уйларда яшаётганлари айтилади.

Халқаро Қизил хоч ташкилоти президенти Якоб Келленбергер ўз сафари давомида, шунингдек, мамлакат жанубида ёқиб юборилган ва вайрон бўлган уйларни ўз кўзи билан кўрди ва маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашди.

Қизил хочнинг Ўшдаги вакили Пьер Эммануэл Дюкрюэ бу ҳақда шуларни маълум қилди.

- Ўшда вазият сиртдан тинчдай кўринса-да, таранглик сақланиб қолмоқда. Жамоалар орасида ишончсизлик кучайган. Қочқинларнинг аксар кўпчилиги Ўзбекистондан қайтиб келди. Ҳозир улар учун қаерда яшаш катта муаммо бўлиб турибди. Сабаби, зўравонлик пайти кўпчилигининг уйи куйди, вайрон бўлди. Қайтган қочқинларнинг кўпчилиги ҳозир қариндошлари, дўстлариникида яшамоқда, айримлари чодирларда кун кечирмоқда. Улар уйлари қайта тиклангунига қадар улар учун лозим бўлган ёрдамлар берилиши керак¸ дейди Пьер Эммануэл Дюкрюэ.

Зўравонликлар пайти Ўзбекистонга ўтиб кетган қочқинларнинг мажбурлаб Қирғизистонга қайтарилгани билдирилган эди. Лекин Пьер Эммануэл Дюкрюэнинг айтишича, аксарият қочқинлар ўз хоҳишлари билан қайтишган.

- Биз Ўшда қайтиб келган кўплаб одамлар билан учрашдик, уларни асосий кўпчилиги билан кўришдик, улар ўз хоҳишлари билан қайтиб келганликларини айтишди. Биз қайтишга мажбурланганлар бўлиши эҳтимолини истисно қилмаймиз. Лекин, қочқинларнинг аксари ўз хоҳиши билан, уйларини тиклаб олиш учун, айримлари ҳосилни йиғиб териб олиш учун келишганини айтишди, дейди Қизил хоч вакили.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати қочқинлар учун аталган гуманитар ёрдамлар Қирғизистонга ўтказиб берилганини билдирди. Ўзбекистон томони ўтган ой Ўш ва Жалолободдаги зўравонликлар пайти 100 мингдан зиёд қочқинни қабул қилган қилган, аммо икки ҳафта ўтиб улар Қирғизистонга қайтарилган эди.

Ўзбек расмийларига кўра, қочқинлар учун жами 4 миллион долларлик гуманитар ёрдам келган.

- Ўзбекистонда вақтинча бўлган қирғиз фуқароларининг деярли барчаси уйларига қайтишди. Шу боис қолган 2¸5 миллион долларлик гуманитар ёрдам Қирғизистонга етказишга қарор қилинди¸ деб айтди Андижондаги гуманитар ёрдамларни мувофиқлаштириш маркази расмийлари.

РИА Новости ахборот агентлигининг маълум қилишича¸ шу кунга қадар Қирғизистон жанубидагиларга БМТ 1.34 миллион долларлик, Халқаро Қизил хоч қўмитаси 636 000 долларлик, ЮНИСЕФ 67 000 долларлик, Халқаро Шифокорлар лигаси 64000 долларлик, Чегара билмас шифокорлар 41.800 долларлик, Россия 1.28 миллион долларлик, Хитой 438.000 долларлик ва Грузия 60.900 долларлик ёрдам кўрсатган.

Ўзбекистоннинг ўзи эса қочқинларни бепул тиббий хизмат, чодирлар, кийим-бош ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаган.
XS
SM
MD
LG