Линклар

logo-print

Қирғизистонда референдумнинг расмий натижалари эълон қилинди


Қирғизистон марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариевга кўра, 27 июн куни ўтказилган референдум натижаларига мувофиқ, Қирғизистонда янги конституция кучга кирди.

Қирғизистон марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариевга кўра, 27 июн куни ўтказилган референдум натижаларига мувофиқ, Қирғизистонда янги конституция кучга кирди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Ақилбек Сариевнинг 2 июл куни маҳаллий оммавий ахборот воситаларига маълум қилишича, 27 июн куни референдумда қатнашган сайловчиларнинг 90,55 фоизи янги конституцияни ёқлаб овоз берганлар.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, якшанба куни ўтказилган референдумда иштирок этган 1 922 549 сайловчининг 1 777 339 таси (90,55%) “ҳа” деб овоз берган, 158 373 таси (8,07%) “йўқ” деб овоз берган, 1,38% бюллетен эса яроқсиз топилган.

- Расмий маълумотлар “Эркин-Тоо” газетасида (Қирғизистон ҳукуматининг расмий нашри – таҳр.) эълон қилинди, бу эса Конституция кучга кирганини англатади. Бундан ташқари, Роза Ўтунбоева 2011 йилнинг 31 декабригача Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти лавозимида тасдиқланди, деди Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Ақилбек Сариев.

Айрим маълумотларга кўра, Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаевани қасамёдга келтириш маросими 3 куни ортиқча тантаналарсиз пойтахт Бишкекда ўтказилиши кутилмоқда.

Қирғизистонликлар, шу жумладан, июн ойидаги хунрезликдан жабр кўрган Ўш шаҳри (бу ерда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 51,05 фоизи референдумга қатнашган), Ўш вилояти (бу ерда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 58,94 фоизи референдумга қатнашган) ва Жалолобод вилояти (бу ерда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 59,93 фоизи референдумга қатнашган) аҳолиси янги конституция кучга кириши ва ўтиш даври президенти расмий ваколатларга эга бўлиши билан мамлакатда нисбатан адолат ўрнатилиши, жиноий гуруҳлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бошбошдоқлигига чек қўйилишига умид билан кун кечирмоқдалар.

Янги конституцияга мувофиқ, Қирғизистон парламент бошқарувидаги мамлакатга айланади. Парламент сайловлари эса мамлакатда жорий йилнинг 10 октябр куни ўтказилиши мўлжалланмоқда.
XS
SM
MD
LG