Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:33

"Ўзбеклар Қирғизистондаги зўравонликларни қўзғашда айбланмоқда"


Ўш ва Жалолободдаги қирғинда қирғиз армияси ва полициясининг ҳам аралашганини бугун нафат ўзбеклар¸ балки мустақил кузатувчилар ҳам айтмоқда.
Ўш ва Жалолободдаги қирғинда қирғиз армияси ва полициясининг ҳам аралашганини бугун нафат ўзбеклар¸ балки мустақил кузатувчилар ҳам айтмоқда.

Ўш ва Жалолободдаги қирғин чоғида энг кўп талафот кўрган ўзбекларнинг бугун қирғиз "силовиклари" томонидан миллий низони бошлаганликда айбдорга чиқарилаëтгани халқаро жамоатчилик эътиборидан четда қолмаëтир. Нуфузли The New York Times газетасида чоп этилган мақолада ўзбекларнинг энди қамоққа олишлар нишонига айлангани ëзилади.


АҚШ матбуотининг етакчи нашрида 2 июл куни босилган мақолада¸ кейинги кунлар ичи Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг ўнлаб жамоат¸ диний ва сиëсий етакчилари маҳаллий милиция томонидан қамоққа олингани ва уларга миллий низо қўзғаш айби қўйилаëтгани ҳақида сўз боради. ANDREW E. KRAMERнинг "Ўзбеклар Қирғизистондаги зўравонликларни қўзғашда айбланмоқда" сарлавҳали мақоласининг қисман қисқартирилган таржимасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

****************************************

Бу одамлар ўтган ойда Қирғизистон жанубидаги ўзбек маҳаллаlaрида юзага чиқиб¸ асосан ўзбеклардан иборат минглаб одам ëстиғини қуритган тартибсизликлар юзасидан бораëтган тергов давомида қўлга олинган.

Аммо инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра¸ Роза Ўтунбаеванинг муваққат ҳукумати томонидан бошланган бу тергов жараëни ўзбекларнинг сиëсий ва диний етакчиларини таъқиб қилиш кампаниясига айланиб кетди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар¸ қирғиз полицияси олиб бораëтган бу тергов жараëнини халқаро кузатувчилар кузатмаëтганини ҳам айтмоқда.

Ўзбек етакчилари қирғиз полицияси ва aрмиясини зўравонликларни бошлаш ва улар оловига мой қуйишликда айблаганидан сўнг бошланган бу қамоққа олишларга Қирғизистон Жиноят кодексининг миллий нафратни қўзғашни тақиқловчи моддаси асос қилиб олинмоқда.

“Биз аксар қамоққа олишларнинг ўзбек жамоасини нишонга олаëтганидан ташвишдамиз. Ҳукумат фақатгина бир миллий гуруҳ вакиллари эмас¸ балки зўравонликларга алоқадор барчани текшириши¸ ушлаши ва жазога тортиши лозим ”¸ дейди ўзбекларнинг асоссиз тарзда қамалишини ҳужжатлаштираëтган Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти тадқиқотчиси Оле Солванг.

Бу қамоққа олишлар¸ ҳам Россия¸ ҳам АҚШ ҳарбий базага эга бўлган Марказий Осиëнинг стратегик жиҳатдан муҳим бўлган бу республикаси жанубидаги кескинликнинг ҳамон сақланиб қолаëтганидан нишонадир.

Зўравонликлардан сўнг бошланган тергов давомида қирғиз полицияси 10 июн куни бошланган хунрезликка алоқадорликда айбланаëтган 72 шахсни қўлга олди. Ҳозирча расмийлар ушланганларнинг қайси миллатга мансублигини ошкор қилиш сўровини рад этмоқда.

Мустақил кузатувчилар қирғиз полицияси ва армияси айрим қисмларининг зўравонликларга алоқадорлигини айтаëтган бир пайтда¸ ҳукумат бу ҳақда бир-бирини инкор қилувчи изоҳ бермоқда.

Аввалига бу зўравонлик учун айб муваққат ҳукуматни ағдариб ҳокимиятга қайтишни режалаëтган собиқ президент Қурмонбек Бакиевга қўйган бўлса¸ кўп ўтмай қирғиз полицияси собиқ президент тарафидан ëлланган тожик снайперлари қўлга олинганини айтди.

Қирғиз разведка хизмати ўтган ҳафта эълон қилган баëнотда эса¸ зўравонликлар учун исломий радикаллар айбланиб¸ собиқ президент ва ўзбек жамоаси вакиллари билан ҳамкорликда бу кучларнинг мамлакат жанубида Ўзбек автоном минтақаси тузишни режалагани даъво қилинди ва айни шу баëнот ўзбек етакчиларининг қўлга олинишига замин яратди.

“Ўз сиëсий талабларига эришиш учун улар террорчилар ва бакиевпараст кучлар билан алоқага киришган” дейилади Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати эълон қилган баëнотнинг ўзбек етакчиларига оид қисмида.

БМТ ва АҚШ каби қатор ҳукуматлат Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирди ва Роза Ўтунбаева бундай чақириқни қўллади ҳам. ЕХҲТ полицияси кузатувчиларининг минтақага киритилишига қарши чиққан Россия эса¸ қирғиз бўҳронининг ҳали анчага чўзилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

17 июн куни қирғиз ҳукумати зўравонликларни тафтиш қилиш бўйича ўз комиссиясини таъсис қилди.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари гуруҳларидан бири раҳбари Валентина Гриценко қирғиз полицияси ва армиясининг миллий низодаги иштироки ҳақида баëнот берган қатор ўзбек етакчиларининг қамоққа олинганини тасдиқлади.

Бозорқўрғондаги инсон ҳуқуқлари гуруҳи раҳбари¸ ўзбек жамоаси етакчиларидан бири Азимжон Асқаров айни айб билан қўлга олинган ва унинг адвокати Нурбек Тўхтохуновга кўра¸ ҳибсхонада қийноққа солинмоқда.

Маркази Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эълон қилган ҳисоботга кўра¸ Жалолободда фаолият юрғизган икки ўзбек журналисти ҳам қирғиз полицияси томонидан қўлга олинган.

Қўмитага кўра¸ журналистлар фақат ўзбек миллатига мансуб бўлгани учунгина қасос нишонига айланмоқда ва қирғиз расмийлари уларни тегишли равишда ҳимоя қилмаëтир.

Аммо Жалолобод коменданти Кубатбек Байболов тергов давомида миллий камситишга йўл қўйилаëтганига оид айбловларни рад қилди.
"Биз миллатидан қатъий назар¸ жиноят содир этган шахсларнигина ушламоқдамиз"¸ деди жаноб Байболов.

Аммо бундай баëнотларга қарамай¸ бу қамоққа олишлар қирғиз маҳаллаларига деярли тегилмаган хунрезликлар давомида уй-жойлари вайронага айланган ўзбеклар учун дард устига чипқон ва қўрқув манбаи бўлиб қолмоқда.

Ўз маҳалласи 23 июн куни саҳарда юзига ниқоб тутган қора кийимдаги қуролли кучлар томонидан рейд қилинган Манзура Жўрабоеванинг айтишича¸ махсус кучлар маҳалладаги эркакларни ерга юзи билан ëтқизиб ¸ уларни милтиқ қўндоқлари билан урган¸ ҳақоратлаган ва қирғизларни ўлдиргaнликда айблаган. Полиция кучлари маҳалладагиларнинг тилла тақинчоқлари¸ бор пули ва мобил телефонларини тортиб олди¸ дейди бу аëл.

Ўшдаги ўзбек тадбиркори Зафар Акбаралиев эса, қирғиз полицияси уйини ўзи йўқлигида тинтув қилгани ва оиласини қаттиқ қўрқитганини айтади. "Бу ерга мустақил полиция кучлари келмагунча¸ ўзбеклар доимий қўрқувда яшайди. Армиянинг ўзи бизга ҳужум қилиб¸ энди бизни айбламоқда"¸ дейди Акбаралиев.
XS
SM
MD
LG