Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:09

Эркин микрофон - Ўзбек-қирғиз чегарасидаги ҳовлилар бузилмоқда


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Қувасой туманининг Носиробод қишлоғидан келган хабарга қараганда¸ ўнлаб ҳовли¸ эгаларига ер ва товон пули тўланмай туриб¸ бузилиш олдида турибди.

“Бир ҳафтада уйингни бузиб кўчасан”

деб талаб қўйган Қувасой туман ҳокимияти Носиробод қишлоғи аҳолисига. Бу ҳақда хабар берган қувасойликнинг айтишича, 20 га яқин хонадон ўзбек-қирғиз чегараси кесишган жойда бўлиб қолганлиги учун ҳам расмийлар уларга бир ҳафта орасида уйларини бузиб кўчишни талаб қилишмоқда.

- Ҳозир Носирободда президент қарори билан чегарадаги уйлар бузилаяпти.

Озодлик: Носиробод қаерда жойлашган?

- Қирғизистон билан чегарадош.

Озодлик: Қувасой туманига қарашлими?

- Қувасой шаҳар¸ Носиробод қишлоғи. Олдин Шамсиддинов жамоа хўжалиги бўлган. “Ҳозир уйни бузасизларми¸ бошқа қиласизларми бир ҳафтада чиқиб кетинглар. Бир чегарани кавлаймиз” дебди. Одамлар бир ҳафтада қаëққа чиқиб кетади?

Озодлик: Бузилишга нечта уй тушган?

- Билмадим. У ерда уйлар кўп. Ҳозир ҳоким ўринбосари йиғилиш қилиб айтибдида.

Озодлик: Олдиндан огоҳлантиргани йўқми?

- Давлат дастурига киритилган дейди. Уй-жой бериши керакку. Унақа нарсани айтмаган ҳам.

Озодлик: Тахминан нечта хонадон бор?

- Тахминан 20 тадан кўп.

Озодлик: Уларга товон пули ваъда қилинганми?

- Ваъда қилинибди. Кадастр қанча пул тушса¸ ўшани счëтига ўтказиб қўйишни айтибди. Мева-чеваларини ҳисоблаб қанча пул тушса¸ ўшани ўтказиб қўяркан. Ҳисоб рақам қилиб банкдан ўтказиб қўйишаркан.

Озодлик: Қанчага баҳолашганини айтишмаяптими? Розилик сўрашмабдими?

- Қизиқмисиз ким рози бўлади? Ҳозир битта цементнинг ўзи қанча нарх бўлаяпти. Ҳозир ўғил уйлантираман¸ қиз чиқараман¸ тўй қиланман деганлари қанча.

Озодлик: Биз бузмаймиз¸ шароитимиз йўқ дейишсачи?

- Э сиз қизиқмисиз? Ўзбекистонда яшаяпмизку. Бузасан дегандан кейин¸ шарт бузиб кетади. Бир ҳафта муҳлат берибди. Ҳозир гапириб бўладими раҳбарларга.

Озодлик: Ҳеч бўлмаса ер беришганми?

- Ер берганга берибди¸ бермаганга бермабди. Риштонни бузаëтганда уй-жой солиб беришган эди. Ўшани мен эшитгандим¸ кўргандим. Мана Полмондагилар қанча шикоят қилди. Барибир ҳеч қанақа фойдаси бўлмади. Сизлар шунга тушунтириш берсангизлар¸ раҳбарлар эшитармикан дейман¸ дейди қувасойлик суҳбатдошимиз.


“Пенсиядан ҳам кемтиб олишяпти”

дейди Қорақалпоғистон республикасининг Тўрткўл туманидан қўнғироқ қилган 74 ёшли Сапармурод Қайтбердиев. Унинг айтишича, йўқ газ учун ҳар ойда пенсиянинг 30 фоизи мажбуран босиб қолинаяпти:

- Исмим Сапармурод. Қорақалпоғистон республикаси¸ Тўрткўл туманиданман. Мен бир нарса айтмоқчиманда. Газ йўқ¸ свет бўлса бўлади¸ бўлмаса бўлмайди. Пенсияни уч ойдан бери бермайди. Менинг газдан¸ светдан қарзим бўлмаса ҳам тутиб қолаверади булар.

Озодлик: Сапармурод ака¸ сизларга газ қувурлари тортилганми?

- Ҳа.

Озодлик: Газ қачондан бери йўқ?

- Мартдан бери йўқ. Мартгача бир кун ëнди¸ бир кун ëнмади. Чой қўйсангиз бир соатда қайнайди.

Озодлик: Пенсия қандай пенсия?

- Борсанг¸ неча фоиз тўлайсан¸ деб сўрайди. Агар тўлайман¸ деб рози бўлсанг¸ кейин пул келади. Шу фоизни олиб қолиб қолган пулни беради.

Озодлик: Қанча пенсия оласиз?

- 170 минг оламан. Мен ўзим трактористман. 40 йил трактор ҳайдадим. Ҳозир ëшим 74 да. Магазинда ун 35 минг сўм. Гурланга бориб олсанг¸ 22 минг сўм. Иккаласи бир тегирмондан чиққан. Мен ҳайронман. Болаларнинг пособиеси ҳам йўқ. Пособие деб борсанг¸ иш ҳақи олиб кел дейди. Уч неварам бор. Битта ўғлим қамоқда. Битта ўғлим Россияга ишлагани кетган. Бир ўзим пенсиям билан бир амаллаб ўтирибман¸ дейди Сапармурод ака.


“Ўзбеклар бир-бирингизни сотманг”

деб мурожаат қилади Россиянинг Сочи шаҳридаги меҳнат муҳожири қашқадарёлик Икромжон. Унга кўра, Россияга келаётган аксар ўзбекистонликлар одам савдоси қурбони бўлишяпти:

- Мен Қашқадарë вилояти¸ Касби туманидан бўламан. Беш йилдан бери Россияда юрибман. Ўзбеклар қўлидан келса одам олиб келса.

Озодлик: Қаерга? Россиягами?

- Россияга қўлидан келмаганлар одам олиб келаяпти. Ëш-ëш болалар қийналиб¸ поляда ëтиб керак эмас бунақа. Ўзбек ўзбекни нимага сотади-а?

Озодлик: Шунақа бўлган воқеалардан бирортасига гувоҳ бўлдингизми?

- Мен гувоҳ бўлдим. Ҳозир тўртта бола билан бирга ишлаяпмиз. Поляда қолиб кетган болаларни олиб келдим.

Озодлик: Қаердан келган экан бу болалар? Қандай алданибди?

- Сурхондарëдан. 55 та одам олиб келган поляга бодринг теришга. Нимага ундай қилади? Қўлидан келмайди¸ алдаган. Нима учун олиб келади қўлидан келмаса? Ўзи келсин¸ ишласин. Нима қилади бировнинг боласини овора қилиб. Онаси у ëқда пул кутиб¸ дуо қилиб¸ боласи бу ерда овора бўлиб нима кераги бор? Одам биров бировга ëрдам беришнинг ўрнига биров бировини сотади¸ дейди Икромжон.


“Ўшлик ўзбекларни Ўзбекистон ҳукумати қўллаши керак эди”

дейди Ўзбекистондан сим қоққанлардан бири.

- Ўшда¸ Жалолободда бўлиб ўтган қонли воқеалар бутун ўзбек халқининг юрагига дард¸ алам солди. Бу воқеаларнинг юзага келишида мен ўйлайманки¸ ҳамма ўзбекларнинг айби бор¸ гуноҳи бор. Нима учун бундай деяпман?

Биринчидан¸ мана шу Ўзбекистонда 20 йил давомида мавжуд бўлиб келган тузум Каримов режими мана шу воқеанинг бўлишига асосий айбдорлардан бири бўлди. Бунинг сабаби¸ агар Ўзбекистонда демократик жамият бўлганда¸ демократик бир тузум ўрнатилганда¸ конституцияга амал қилинганда¸ бугунги ҳукумат томонидан конституция бузилмаганда бу воқеалар¸ ўйлайманки¸ бўлмас эди. Чунки Каримов конституцияни бузиб ҳокимият тепасида 20 йил ўтирди ва Ўшда бўлиб ўтган воқеаларга ждуа бир сокинлик билан¸ совуқлик билан қараб турди. Мен ўйлайманки¸ бирорта давлат раҳбари ўз миллатдошларини мана шундай бошқа бир халқ тарафидан шундай ҳолатга солинишига қараб турмас эди. Агар Ўзбекистондаги тузум 2000 йилларда алмашганда эди¸ Ўзбекистонда ҳозир демократик ҳукумат бўлар эди ва Ўшга¸ Жалолободга ҳарбий жиҳатдан¸ албатта¸ ëрдам бериб 2000 дан ортиқ одамларнинг қурбон бўлишига йўл қўймас эди.

Иккинчидан¸ мен мусулмон давлатларига мурожаат қиламан. Туркия¸ Саудия Арабистони ва бошқа мусулмон давлатларига. Ўшга¸ Жалолобод халқига иложи борича моддий¸ маънавий ëрдам кўрсатинг. Инсонлар бошига бунчалик оғир кунлар тушишига мусулмон бўлиб қараб турсак¸ ўйлайманки¸ жуда ҳам оғир гуноҳ бўлади. Инсонлар бошига ҳеч қачон бунақа кунлар тушмасин. Агар кимда ким ҳозир ўшликларга¸ жалолободликларга ëрдам бермаса¸ бу мусулмончиликка тўғри келмайди. Мен дунë давлатларидаги барча мусулмон биродарларга¸ ўзбекларга мурожаат қиламан. Қўлимиздан келган ҳамма ëрдамни кўрсатайлик. Ўшликларга мен ўзимнинг самимий ҳамдардлигимни билдираман. Биз битта халқнинг битта томиримиз. Уни ажратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ¸ дейди исми айтилишини истамаган ўзбекистонликлардан бири.


****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG