Линклар

logo-print

Ўзбекистон Эрон билан темир йўл транзити масаласида музокара қилди

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон асосан экспорт ва импорт молларини Эроннинг Бандар Аббос порти ва унга элтувчи темир йўллар орқали ташимоқда.

Ўзбекистон асосан экспорт ва импорт молларини Эроннинг Бандар Аббос порти ва унга элтувчи темир йўллар орқали ташимоқда.

Тошкентнинг Тожикистонга борувчи юкларни ўз ҳудудида ушлаб туришига норозилик тариқасида Теҳрон ҳам ўзбек юклари транзитини тўхтатиш ҳақида пўписа қилганидан икки ҳафта ўтиб Эрон Йўл ва транспорт вазири Ҳамид Беҳбеҳоний Тошкентда Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан музокаралар ўтказди.



Эроннинг расмий ИРНА ахборот агентлиги хабарига кўра, томонлар транспорт соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини мухокама қилганлар.

Музокаралар давомида жаноб Беҳбеҳоний минтақа давлатлари билан яқин ҳамкорлик Эрон учун устивор мақсадлардан бири эканини таъкидлаган.

Эрон минтақа давлатлари узоғини яқин қиладиган транспорт инфротузилмасини барпо этиш ва Марказий Осиёни Форс кўрфази билан боғлайдиган темир ва автомобил йўллари қурилишини якунлашни режалаётганини қайд этган.

Ўз навбатида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов Ўзбекистон Эрон билан транспорт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини айтган. "Эрон ва Ўзбекистон азалий қўшнилардир ва икки давлат халқлари тарихан ўзаро боғлиқ халқлар бўлган, ўтмишдаги бу алоқаларни янги реаллик доирасида қайта тикламоқ керак", деб айтган Азимов.

Ўзбекистоннинг экспорт маҳсулотлари асосан Эрон орқали дунё бозорларига жўнайди. Ўзбекистонга келадиган импорт товарларнинг аксарият қисми ҳам Эрон транзитидан ўтади. Ўз чиқишида Рустам Азимов Эрон томони қўйган транспорт тарифлари камайтирилишини сўраган.

Эрон Транспорт вазирининг Тошкентга сафари тожик вагонларининг Ўзбекистонда тўхтатиб қўйилаётгани ва Эрон томони бунга жавобан ўзбек вагонларини ўз ҳудудидан ўтказмаслик ҳақида баёнот билдирганидан икки ҳафта ўтиб амалга ошмоқда.

Ўтган ой ўрталарида Эроннинг давлатга қарашли темир йўл ширкати¸ агар Ўзбекистон тожик вагонларининг ўтишига тўсқинлик қилишда давом этса¸ ўзбек вагонларининг Эрондан ўтишини тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақда огоҳлантирган эди.

"Агар Ўзбекистон тожик вагонларини ўтказмаса¸ Эрон ҳам ўзбек вагонларини ўз ҳудудидан ўтказмайди", деб билдирган эди Эрон темир йўллари ширкати расмийси Беҳруз Баландий.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Баландий бу борада ширкат Ўзбекистон темир йўллари идорасига хат жўнатилганини айтган эди.

Ўзбекистоннинг тожик вагонларини ўз ҳудудида ушлаб қолаëтганининг Тожикистонда қурилаётган гидроиншоотлар¸ биринчи галд Роғун ГЭСи лойиҳаси билан боғлиқлиги тахмин этилади. Эрон эса бир неча йилдан бери Тожикистондаги “Сангтўда-2” ГЭСи қурилишини молиялаштирмоқда. Ўзбекистон бундай гидроиншоотлар минтақа сув таъминотига путур етказиши мумкинлигини айтиб¸ улар қурилишига эътироз билдириб келмоқда.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистондан Европа ва Осиё мамлакатларига юк ташиш Туркманистон ва Эрон орқали амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг асосан пахта толаси ортилган 150та вагони ҳар куни Эрон ҳудудидан ўтади. Юк вагонлари асосан Эроннинг Шаҳид Ражоий ва Бандар Аббос портларига узундан-узоқ айланма йўллар орқали олиб борилмоқда.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов фикрича, Ўзбекистон фақат Эронга боғланиб қолмасдан юк олиб ўтишнинг муқобил йўлларини ҳам ўйлаши керак. Уни фикрича, Тожикистон билан боғлиқ можаро бунинг яна бир тасдиғидир.

- Ўзбекистонга транспорт коммуникацияси муаммоси жуда муҳим. Нимагадир ҳозир Ўзбекистон Эрон орқали Бандар Аббос портига чиқишни истиқболли лойиҳа деб кўраяпти. Менимча¸ бу жуда катта хато. Чунки бундай лойиҳа ҳозирги вазиятда Ўзбекистонга ҳеч қанақа фойда олиб келмайди. Ўзбекистон Эроннинг геополитик муаммолари ва манфаатларини ўзининг транспорт муаммосини ечиш сиëсатини боғлаб қўяяпти.

Менимча¸ ҳозир яхши бўларди темир йўлларни диверсификация қилиш¸ бошқа йўлларни қидириш Ўзбекистон учун. Ҳозирги музокаралар яна битта хатони кўрсатадики¸ Ўзбекистон битта йўл билан ўзининг қўлини ўзи боғлаб қўйган. Бу сиëсатнинг истиқболи йўқ. Янги темир йўллар коммуникациясини қидириш керак. Жанубий Кавказга чиқадиган¸ Туркияга чиқадиган¸ Ўрта денгиз ва Қора денгиз портлари билан истиқболли. Ҳозир мана Америка¸ ЕИ ва БМТ нинг хавфсизлик кенгаши томонидан Эронга санкциялар қабул қилинди. Бу яна ҳам кучаяди. Бу зарар етказиши мумкин Ўзбекистонга ҳам¸ дейди Малик Абдураззоқов.
XS
SM
MD
LG