Линклар

ЕХҲТ раиси Қирғизистондаги воқеаларга қизиқмаяпти


Кузатувчиларга кўра, Қозоғистон Қирғизистондаги можарони ҳал этишда иштирок этишни хоҳламаётир.

Кузатувчиларга кўра, Қозоғистон Қирғизистондаги можарони ҳал этишда иштирок этишни хоҳламаётир.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Қозоғистон Қирғизистонда содир бўлган хунрезликларни бартараф этишда ташаббус кўрсатмаяпти. Кузатувчилар “Қозоғистон ташкилотга раисликни қўлга киритгач, унга бўлган барча қизиқишини йўқотди”, дея мулоҳаза билдирмоқда.

Кузатувчилар Қозоғистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган йили қўшни Қирғизистонда апрел ойида содир бўлган тартибсизликлардан сўнг мамлакат жанубида 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси юзага келган миллатлараро тўқнашувлар олдини олишга етарлича ҳаракат қилмаганини билдиришмоқда.

Айни пайтда Қирғизистон нодавлат сектори ва ҳатто муваққат ҳукумат ҳам, Москвадаги МДҲ Институтининг Марказий Осиё бўйича бўлими директории Андрей Грозинга кўра, Қозоғистонга бундай айбловни очиқ-ойдин айтишдан ўзини тийиб турибди.

- ЕХҲТ раиси бўлган Қозоғистон ушбу ташкилотга раислиги чоғида Қирғизистондаги муаммолар билан эмас, балки бошқа масалалар билан банддек туюлаяпти. Яъни ҳозир Қозоғистон Остонада ЕХҲТ саммитини ўтказиш бўйича ғарб сиёсий элитаси вакиллари билан саҳнаорти музокараларини олиб боришга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Қозоғистоннинг ҳозирги ҳатти-ҳаракатида унинг Қирғизистондаги можарони ҳал этишда иштирок этишни хоҳламаётгани кўриниб турибди. У Қирғизистон масаласи бўйича жиддий ҳаракатларни амалга оширгани йўқ, ЕХҲТни ҳам ҳеч ким эсламай қўйди. Қирғизистон муаммоси бўйича Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Россия, Хитой ва АҚШни, баъзан НАТО ва БМТни, йирик халқаро молиявий ва иқтисодий тузилмаларни тилга олишмоқда. ЕХҲТни эса ушбу рўйхатнинг энг сўнгида келтиришмоқда. Бунда ушбу ташкилотнинг амалдаги раисининг қўштирноқ ичидаги улуши катта деб айтса бўлади, дейди Андрей Грозин.

Демократияни ривожлантириш Марказий Осиё жамғармасининг директори Тўлғўнай Умбеталиева эса Қозоғистон дунёдаги нуфузли ташкилот бўлмиш ЕХҲТга раисликни қўлга киритгач, ушбу ташкилотга бўлган барча қизиқишини йўқотди, деган фикрда.

- Ҳозир биз Европа Марказий Осиёдан узоқлашиб, минтақада кўпроқ Россиянинг ҳаракат юритишига йўл очиб бераётганини кузатаяпмиз. Ҳозирда Россия Қирғизистондаги барча сиёсий ҳаракатларда асосий ўйинчи бўлиб қолмоқда. Айтмоқчиманки, эндиликда Россия ҳатто Европадан кўра ҳам кўпроқ рол ўйнаяпти бу ерда. Буни ЕХҲТга раислик қилаётган қозоқ сиёсатининг таназзули ўлароқ баҳолаш мумкин. дейди Тўлғўнай Умбеталиева.

Кузатувчилар ЕХҲТ айнан хавфсизлик ва ҳамкорликни таъминловчи ташкилот бўлгани туфайли ҳам МДҲнинг муаммоли ҳисобланмиш Афғонистон билан чегарадош жанубий ҳудудларидаги тартибсизликларнинг олдини олиши зарур эди, дея қайд этишмоқда.

Шунингдек, улар Қозоғистон нафақат ЕХҲТ раиси, балки Қирғизистоннинг энг яқин қўшниси бўла туриб, бу мамлакатдаги тартибсизликлар пайтида бир чеккада томошабин бўлиб туриши ноўрин эканини алоҳида урғулашмоқда.

Баъзи экспертлар эса Бишкекда апрел ойида бошланиб, сўнг июн ўрталарида Қирғизистон жанубига кўчган қонли воқеаларда Қозоғистон қўшни мамлакатдаги тартибсизликлар олдини олиш ўрнига аксинча Қирғизистон иқтисодиётига катта зарар етказган ҳаракатларни амалга ошира бошлагани ҳақида гапирмоқдалар.

- Қозоқ-қирғиз чегарасининг қирқ кунга ёпилиши икки қардош мамлакат ўртасидаги муносабатларни кескин ёмонлаштирди. Иқтисодий тарафдан бу нотўғри ечим эди, сабаби бу Қирғизистон иқтисодига катта зиён келтирди. Мен қозоқ ҳукуматининг ўз хавфсизлигини ўйлаб қилган бу ҳаракатини тушунаман. Аммо бу ҳаракат Қозоғистон хавфсизлигига катта таъсир ўтказмай, аксинча Қирғизистондаги вазиятни оғирлаштирди. Референдумдан сўнг Қирғизистон парламент республикаси бўлди. Бундан буён Қирғизистоннинг қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистон билан алоқаси янада ёмонлашса, бунга ҳайрон бўлмасаям бўлади. Қирғизистондаги вазият кутилмаган сценарий бўйича ривожланиб бораркан, бу Қозоғистоннинг ўз хавфсизлигини таъминлашини янада қийинлаштириб юбориши, пировардида мамлакатлар ўртасидаги ишончсизлик кучайиб кетиши мумкин, дейди Zpress.kz ахборот агентлигининг директори Қубан Абдимен.

Кузатувчилар Қирғизистондаги давлат бошқарувининг парламент тизимига ўтиши расмий Тошкент ва Остонага хуш келмаганини, айни пайтда қўшни мамлакат раҳбарлари бу тизимнинг амалда татбиқ этилиши ва муваффақият қозонишига катта ишончсизлик билан қараётганларини айтишмоқда.

Уларга кўра, Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Қирғизистон янги ҳукуматининг ҳар бир муваффақиятсизлигидан ўз мамлакатидаги аҳволнинг нақадар барқарор ва осойишта эканини айтиб ғурурланиш йўлида фойдаланмоқда.

Шу билан бирга, кузатувчилар Қирғизистонда парламент ҳокимиятининг жорий этилиши Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларда авторитар бошқарувнинг янада кучайишига олиб келиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаяптилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG