Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:12

Муваққат ҳукумат аъзолари истеъфога кетмоқда


Қирғизистонда янги конституция қабул қилиниб, ўтиш даври президенти ўз лавозимига киришганидан кейин муваққат ҳукуматнинг айрим аъзолари истеъфога кетишларини билдирмоқдалар.
Қирғизистонда янги конституция қабул қилиниб, ўтиш даври президенти ўз лавозимига киришганидан кейин муваққат ҳукуматнинг айрим аъзолари истеъфога кетишларини билдирмоқдалар.

3 июл куни Бишкекда Роза Ўтунбаева ўтиш даври президенти сифатида қасамёдга келтирилганидан кейин Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзоларининг айримлари тез орада истеъфога кетишлари ҳақида баёнотлар бера бошладилар.

Қирғизистон муваққат ҳукуматининг ижтимоий масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси, бош вазир ўринбосари Элмира Ибраимова истеъфога кетажагини эълон қилди. Бу ҳақда у муваққат ҳукумат аъзоларининг мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан учрашув чоғида билдирди.

Элмира Ибраимов истеъфога кетганидан кейин кузда ўтказилиши мўлжалланган парламент сайловларида иштирок этиш-этмаслик масаласини ҳали ўзи учун ҳал қилиб олмаганини айтди. Шунингдек, у, парламент сайловларида иштирок этишга қарор қилган тақдирда, қайси сиёсий партия аъзоси сифатида сайловга қатнашиш мумкинлиги ҳақида ҳам ҳозирча ўйлаб кўрмаганини маълум қилди.
- Муваққат ҳукумат таркибида ўз вазифамни адо этарканман, бор куч-ғайратим билан ишлашга, апрел ва июн воқеаларида жабрланиб, ёрдам ва қўлловга муҳтож бўлганлар учун бирон-бир фойдали иш қилишга ҳаракат қилдим, деди Ибраимова Қабар агентлигига берган суҳбатида.

Истеъфога кетиш истагини 27 июн куни Қирғизистонда қабул қилинган янги Конституциянинг асосий дояларидан бўлган Ўмурбек Текебаев ҳам билдирди. Муваққат ҳукумат аъзоси Текебаев Қирғизистонда конституциявий ислоҳот ўтказиш бўйича ўз миссиясини муваффақиятли адо этолганини айтиб, эндиликда сайловолди кампанияси билан машғул бўлиш ниятида эканини қайд этди.

- Аввал билдирганимдек, мен аризамни ёзаман ва сайловолди кампанияси билан шуғулланаман. Мен ўз вазифамдан кетганимни 12 июл куни эълон қилсам керак. Аввалроқ кетишнинг имкони бўлмаяпти. Кейинги ҳафтада ЕХҲТнинг парламентлараро ассамблеяси мажлисида иштирок этиш ва у ерда республикадаги вазият ҳақида маъруза қилиш учун учун Ослога кетаман, деди Ўмурбек Текебаев.

Аввалроқ истеъфога кетиш ниятини муваққат ҳукуматда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва судлар ишини мувофиқлаштириб турган Азимбек Бекназаров ҳамда молиявий жабҳага жавоб берган Темир Сариев ҳам билдирган эдилар.

Айни пайтда кузатувчилар муваққат ҳукуматнинг истеъфога кетган вакиллари ишсиз қолмаслигини тахмин қилмоқдалар – уларга яқин кунларда ташкил этилажак қонун чиқариш ассамблеясига кириш таклиф этилиши мумкин.

Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти Роза Ўтунбоева мулоҳазасича, қонун чиқариш ассамблеяси вақтинча, яъни янги парламент сайлангунига қадар қонун чиқариш вазифасини адо этади. Унга 17 март куни Халқ қурултойини ўтказиб, ўша пайтда Қурмонбек Бакиевга қатор талаблар қўйган, кейинчалик эса 7 апрел куни содир бўлган инқилобдан кейин иқтидорга келган партиялар кириши кутилмоқда.

Бу тадбир юзасидан фикр билдирган таҳлилчилар: “Ўтунбоева шу йўл билан ўз командасини иш билан таъминламоқчи бўлаяпти”, демоқдалар.

Қирғизистон муваққат ҳукумати апрел ойида содир бўлган тартибсизликлар ортидан Қурмонбек Бакиев ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг мамлакатда сиёсий идора жиловини ўз қўлига олганди.
XS
SM
MD
LG