Линклар

logo-print

“Мен ажални кутиб ётган одамман”


Ўтган йили 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Дилмурод Саййид айни пайтда Навоийдаги қамоқхонада сақланмоқда.

Ўтган йили 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Дилмурод Саййид айни пайтда Навоийдаги қамоқхонада сақланмоқда.

Ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййиднинг яқинлари яқинда унинг хатини матбуот орқали тарқатди. Дилмурод Саййиднинг хатидан маълум бўлишича, ҳуқуқ фаоли ва мустақил журналистнинг аҳволи тобора ёмонлашиб бормоқда.

“Ҳаракат” ахборот агентлиги ўзбекистонлик таниқли журналист ва ҳуқуқ фаоли айни пайтда 12 йилу 6 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган Дилмурод Саййиднинг хатини чоп этди. 2009 йилда товламачилик ва бошқа бир қанча айбловлар билан 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилган Дилмурод Саййид ўз хатида уни ноҳақ айбловлар билан бир гуруҳ шахслар қаматганини тилга олади.

“Уларнинг жирканч манфаатларини ҳимоялаган тергов, суд идораларидаги ваколат эгалари эса, мен билган муқаддас Қонунни инкор қилиб, ҳақиқат ўрнига ноҳакликни ёқладилар ва ҳануз ёқламоқдалар. Мен ўз касбий фаолиятим йўлида нафақат ноҳақ қамалдим, балки гулдек оилам - 33 ёшли рафиқам ва 5 яшар қизчамдан ҳам жудо бўлдим. Гулдек бегуноҳ оиламни шаҳид кетишига сабаб бўлди. Бу билан менга оғир руҳий зарба берилди. Бу билан мени ва менга нисбатан адолат қилишини истаётганларни қўрқитмоқчи эдилар. Мен ўлимдан қўрқмайман, аксинча, мен ажални кутиб ётган одамман, деб ёзади ҳибсдаги журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид.

Мазкур хат оммавий ахборот воситаларига журналистнинг яқинлари томонидан тақдим этилди.

Маълум бўлишича, 25-26 июн кунлари Навоий шаҳридаги 36-сонли сил касалликларига ихтисослаштирилган муассасада даволанаётган ҳибсдаги журналист Дилмурод Сайидни кўргани укаси Обиджон Сайидов ва ойиси Ҳалимахон ая боришган эди.

- Аҳволи кўриниб турибдики, тўкилиб бораяпти. Охирги марта 24 апрелда кўрган эдим. Сочлари оппоқ бўлиб кетган. Кўриниб турибди-да, тушкунликка тушиб юрибди. Ноҳақ қамалган, бола-чақаси ўлиб кетди. Озиб кетган, кўзлари жовдираб турибди, кўзлари чиқиб қолган анча, деди журналистнинг укаси Обиджон Сайидов.

2009 йил ёзида Дилмурод Саййид Самарқанд вилояти Тайлоқ туман жиноят ишлари бўйича суди томонидан товламачилик ва яна бир қанча айбловлар билан 12 йилу 6 ойга қамалган эди. Ўша йилнинг 5 ноябр куни унинг рафиқаси Барно Жуманова ва олти яшар қизчаси Руҳшона Навоийдаги қамоқхонада бўлган журналистнинг олдига кетаётганларида автоҳалокатга учраб¸ фожиа жойида ҳалок бўлган эдилар.

Ўз хатида ҳуқуқ фаоли ва журналист Дилмурод Сайид айни пайтда Навоий шаҳридаги сил касалликлари касалхонасида соғлиги ёмонлашаётганлини ҳам билдиради:

“Айнан шу даволаш дастури (ДОТС плюс дастури назарда тутилмоқда – таҳр.) сабаб соғлиғим ва ҳаётимга зарар етса, ушбу дастурни тадбиқ этган хориж (немис) ваколатхонасини айбдор, деб ҳисоблайман. Чунки ўтган уч ой давомида дастур вакиллари ва Республика “ДОТС плюс” марказидан бирор масъул даволаниш таъсири хусусида қизиққани йўқ. Юқоридаги эътирофлар билан келгуси менинг ҳаётим ва соғлиғим учун жиддий хавфларга сабаб бўлади...

Ушбу орқали мени ноҳақ судланишим, менга нисбатан адолатсизликлар холисона ўрганилишида БМТ томонидан алоҳида вакил ажратилишини сўрамоқчиман. Мен айнан адолатсизлик сабаб соғлиғимни, оиламни, озодлигимни йўқотдим. Бир инсон учун бундан ортиқ йўқотиш бўлмаса керак. Шу жиҳатдан ҳам лоақал АДОЛАТ тикланишини истайман. Ва бу борада инсон ҳақлари ҳимоясига алоқадор жамоатчилик мени қўллаб-қуватлайди, деган умиддаман”, деб ёзади Дилмурод Саййид.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли, ҳибсдаги журналист Дилмурод Саййидни яқиндан таниган Абдураҳмон Ташанов бу хатни ўқиганидан тушкунлик кайфиятини сезганлигини айтади.

- Биз ҳуқуқ-муҳофаза қилиш органларига, Олий судга, Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш Бош бошқармасига мазкур хат юзасидан мурожаат қилиб, бу хатда кўрсатилган холатларни ўрганилишини сўрадик. Ундан ташқари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига алоҳида мурожаат қилиб ДОТС-2, яъни силга қарши программани қамоқхоналарда, қандай бажарилаётганлигини ўрганиш бўйича комиссия ташкил қилиб, бизнинг иштирокимизни ҳам кўришини сўрадик. Билмадим, бундан қанчалик натижа чиқади ёки чиқмайди, лекин барибир биз ҳаракат қилаяпмиз, деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли, журналист Абдураҳмон Ташанов.

Маҳкум журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййиднинг укаси Обид Сайидов акаси билан учрашув сўнгида айтган гапларини мана бундай эслайди:

- “Сизларни кўрдим, Худога шукур”, деди. “Шу учрашувни кутиб юрган эдим. Энди йўқотадиган нарсам йўқ”, дегандек қилиб айтди. Ким билади энди, биз билан хайрлашдими ёки бутунлай хайрлашдими, мен ҳам увушиб кетдим шу хайрлашаётган пайтда. Ё бирор нарсани ўйлаб гапирдими, хуллас, биз билан видолашгандек бўлиб қолди. “Мени бу ерда ўлдириб юборади” дегандек қилаяптими, дейди маҳкум журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййиднинг укаси.
XS
SM
MD
LG