Линклар

Тожикистон темир йўллари унитар корхонаси Сўғд вилоят бошқармаси вилоятга келаётган вагонлар Ўзбекистон ҳудудида талон-торож қилинаётгани ҳақида маълумот тарқатди.

Тожикистон темир йўллари унитар корхонаси Сўғд вилоят бошқармаси вакилларининг айтишларича, республика маркази Душанбедан вилоятга жўнатилаётган вагонлар Ўзбекистоннинг Термиз шаҳригача ҳам етиб бормай тўхтаб қолмоқда.

- Вилоятга тегишли вагонларнинг Ўзбекистон ҳудудида талон-торож қилиниши борган сари авж олмоқда. Шунинг учун ҳам Тожикистон темир йўллари унитар корхонаси раҳбарияти мазкур ҳодисалар юзасидан мактуб тайёрлаб, Ўзбекистонга йўллашимизни айтди ва биз шундай қилдик ҳам. Энди жавобини кутяпмиз, дейди Сўғд вилоят темир йўллари бошқармаси вакили Саиджон Ғафуров.

“Барқи тожик” ширкатининг Сўғд вилоят бошқармаси раҳбарларининг айтишларича, кеча Истарафшан туманига трансформаторлар юкланган вагонлар келган, бироқ вагонлар эшикларидаги пломбалар узиб ташланган.

- Мана бу ҳужжатга мувофиқ, вагонлар Душанбедан май ойининг бошида йўлга чиққан. 9 май куни вагонлар Термизгача етиб келган. Ана шундан кейин вагонлар то 19 майгача қаерда турганлиги ёки бўлганлиги маълум эмас. Ниҳоят июн ойлари бошларида уларнинг Термиз станциясидан ўтганлиги маълум бўлади ва шундан кейин то 25 июнгача яна ғойиб бўлади. Вагонлар ниҳоят етиб келди, бироқ эшиклари очиқ, пломбалари узилган. Учта трансформаторнинг зарур жиҳозлари ўғирланган. Трасформаторлар эса бутунлай яроқсиз ҳолатга келтирилган. Бундан ташқари, электр тармоқлари учун керакли бўлган ускуналар ҳам ўғирланган, дейди Истарафшан электромонтаж корхонаси вакили Комил Иброҳимов.

Унинг сўзларига кўра, республика жанубидан Сўғд вилоятига қараб йўлга чиққан хар қандай вагон узоғи билан бир ҳафтада етиб келиши керак. Ҳозир эса вагонлар уч-тўрт ойда ҳам етиб келмаяпти. Келганлари эса талон-торож қилинган.

Аснода Ўзбекистон томони ҳам Тожикистонда вагонларнинг талон-торож қилиш ҳоллари кўпайганлигини айтмоқда. Жумладан, ўзбекистонликларга кўра, Сўғд вилоятининг Конибодом туманидаги Истиқлол-Конибодом участкасида Ўзбекистон вагонлари талон-торож қилинмоқда. Конибодомлик суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон томони иддаоларида ҳам асос бор.

- Конибодомнинг Қарачқум станциясида содир бўлаётган ҳодисалар биринчи марта бўлаётгани йўқ. Жумладан, бир неча йил олдин Конибодом станциясида турган Ўзбекистон цистерналаридан бензин олишаётганида, ёнғин чиқиб, цистерна портлаган ва бу киши халокатига олиб келган эди. Бугунги Қарачқум номи аслида Қароқчиқум бўлган, чунки у ерда қароқчилар тўдаси изғиб юрарди. Шу боис бу манзилда шундай талончиликлар бўлиб турганлигига ажабланмаса бўлади, дейди конибодомлик суҳбатдош.

Бироқ, Тожикистон расмийларига кўра, Ўзбекистон томонининг бу иддаолари асоссиздир.

- 2009 ва жорий йилда Ўзбекистон томони мазкур масала юзасидан бизга бирорта ҳам мактуб йўлламаган, шикоят қилмаган. Аксинча, вилоятдаги қўшма корхоналар раҳбарлари, уларга мўлжалланган юклар қўшни республикада ушлаб қолинаётганлиги ҳақида ўнлаб аризалар ёзишган эди, дейди Сўғд вилоят транспорт, алоқа ва йўл хўжалиги бошқармаси мулозими Қобил Усмонов.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, вагонларни талон-торож қилиш, пассажирлардан ноқонуний “тўловлар” ундириш ҳоллари биргина Тожикистонда ё Ўзбекистондагина эмас, балки Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида мавжуд. Давлатлар ўртасида транзит вагонлар ва пассажирлар хавфсизлигини таъминлашга оид шартнома имзоланган бўлса-да, бу келишувлар ҳар доим ҳам бажарилавермайди.
XS
SM
MD
LG