Линклар

logo-print

Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги давлатлараро кенгашининг Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтаётган мажлисида ЕврОсИҲ ривожланиши истиқболлари, Божхона иттифоқининг тўлақонли фаолият юритиши ва Евросиё иқтисодий ҳудуди барпо қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Таркибига Россия, Қозоғистон, Беларус, Қирғизистон ва Тожикистон кирувчи Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкил этилганига бу йил ўн йил тўлади. Аввал бу ташкилотга аъзо бўлган Ўзбекистон ЕврОсИҲ кўп жиҳатдан МДҲ ва КХШТ вазифаларини такрорлаётганини айтиб, 2008 йилда бу ташкилотдан чиққан эди.

ЕврОсИҲнинг бу галги саммитига 3 июл куни қасамёдга келтирилган Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбоева ҳам иштирок этмоқда. Саммитга иштирок этиш учун 4 июл куни Остонага борган Ўтунбаева кеча Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Бугун эса Қирғизистон ўтиш даври президентининг Россия президенти билан учрашиши кутилмоқда. Таҳлилчилар Медведев ва Ўтунбоева суҳбати у қадар силлиқ кечмаслигини тахмин қилмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал катта йигирмаликнинг Торонтода бўлиб ўтган анжумани чоғида чиқиш қилган Россия президенти Қирғизистоннинг давлат сифатида ўзини сақлаб қола олиши юзасиданг шубҳа билдирган, ўз навбатида, бу расмий Бишкекнинг эътирозига сабаб бўлганди.

Айни пайтда таҳлилчиларни Остонадаги саммит чоғида Роза Ўтунбоеванинг ҳозирда ҳокимиятдан четлатилган президент Қурмонбек Бакиевга бошпана берган Беларус президенти Аляксандер Лукашенка билан муносабати қандай бўлиши ҳам қизиқтирмоқда.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.
XS
SM
MD
LG