Линклар

Тожикистонлик қизни ўз холаваччаси арабларга пуллади

  • Гулнора Равшан

Дунёнинг турли мамлакатларида ҳар йили ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан жинсий қулликка қарши акциялар ўтказиб турилади.

Дунёнинг турли мамлакатларида ҳар йили ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан жинсий қулликка қарши акциялар ўтказиб турилади.

Тожикистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2009 ва 2010 йилларда хорижда одам савдоси қурбони бўлган бирор тожикистонлик расман қайдга олинмаган. Аммо норасмий маълумотлар бунинг аксини кўрсатмоқда.

Ўзини Гулжаҳон деган шартли исм билан таништирмиш суҳбатдошимиз ўтган йили Кўлоб минтақасидан Дубай шаҳрига жинсий қуллик учун олиб кетилганини айтади.

Гулжаҳонга кўра, 2009 йили холасининг Россия шаҳарларидан бирида меҳнат муҳожирлигида юрган қизи уни Россиядаги ширинлик ишлаб чиқариш фабрикаларидан бирига ишга жойлаб қўйишга ваъда берган.

Аммо сафар олдидан барча расмий процедуралардан сўнг холасининг қизи Гулжаҳонни Душанбе аэропортидан Дубайга учадиган учқичга чиқариб қўйган ва парвоз давомида ҳеч ким билан сўзлашмаслик ва ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаслигини таъкидлаган. Она қишлоғидан бошқа жойни ҳаётидан кўрмаган қиз фақат парвоз сўнгидагина Арабистонга бориб қолганидан хабардор топган.

- Ростини айтсам, 8-синфгача ўқиганман, ҳатто Дубай қайси томонда, Россия қайси томонда жойлашганини ҳам билмасдим. Мен пуллаганлар саводсизлигимдан фойдаланишди. Гарчи самолётда Душанбедан Дубайга учаётганимиз стюардессалар томонидан бир неча марта эълон қилинган эса-да, мен Россияга эмас, бошқа мамлакатга учаётганимни фаҳмламасдим. Аэропортда мени кутиб олган шахс ўша заҳотиёқ паспортимни қўлимдан олди. Мен у ерга етганимда бир ўзим эмаслигимни ва менга ўхшаган қизлар, ватандошларим кўплигини кўрдим. Аэрапортда бизни кутиб олган аёл бизга ярим ёлонғоч кийимлар бериб, кийишга буюрди. Мен аввал ҳайрон бўлдим, лекин кейинроқ ҳаммасини билдим. Бироқ иложим йўқ эди, дейди Гулжаҳон.

Айнан ўз яқин қариндоши томондан қулликка сотилган тожик қизи Дубайдаги дастлабки кунларида казино ва диско-клубларда шаҳвоний рақсга тушиш ва тунда бегона эркаклар билан жинсий алоқада бўлишга мажбурланганини айтади.

- Ярим ёлонғоч кийимда араб ва эронлик бойлар олдида шаҳвоний ҳаракатлар билан рақсга тушишга мажбур қилишарди. Яшаш жойларимизда эса бегона эркаклар билан жинсий алоқада бўлардик, дер экан Гулжаҳон бир неча марта ўз жонига қасд қилишга уринганини, аммо натижа бермаганини гапиради.

Суҳбатдошимиз бир ойлик тартибсиз жинсий алоқадан сўнг қаттиқ оғриб қолгач, одамфурушлар ўзини Тожикистонга қайтариб юборишганини айтади.

- Келган куним касалхонага тушдим. Онамдан милицияга бориб, холам ва мени шу куйларга солган Зуҳро исмли аёл устидан ариза ташлашни сўрадим. Аммо онам қўрқди ва мелисахонага бормади. Касалхонадан чиққач, ўзим ариза ёздим. Менинг шикоятимдан сўнг мени арабларга пуллаган Зуҳрони Дубайдан тутиб олиб келишди, дейди ҳозирда она қишлоғида уй юмушлари билан банд бўлиб юрган Гулжаҳон.

Кўп йиллардан буён Дубайда одам савдоси билан шуғулланиб келган тожикистонлик Зуҳро Ашурова ва унинг шериги Сафаргул Гулаҳмедованинг қўлга олингани ва Тожикистонга экстрадиция қилинганини Тожикистон ички ишлар вазирлиги масъули Давлат Нажмиддинов ҳам тасдиқлади.

- Уларнинг икковига нисбатан жиноий иши очилган. Улар Тожикистон жиноят Кодексининг 130-моддаси ёки одам савдоси билан шуғулланганликда гумонланмоқда, дея билдирди вазирликнинг Кўлоб минтақаси бўйича масъул ходими.

Ўша ҳудудда одам савдоси қурбони бўлишнинг олдини олиш бўйича иш олиб бораётган “Марям” нодавлат ташкилоти раиси Маҳбуба Шарипованинг билдиришича, аксарият ҳолларда қизлар алдов йўли билан жинсий қулликка сотилмоқда.

Ундаги маълумотларга кўра, тожикистонлик қизлар кўпроқ Қозоғистон, Россия ва Дубай шаҳарларига олиб кетилмоқда ва шу сабабли одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар камаймаётир.

Мазкур ташкилот олиб борган бир тадқиқот натижаларига кўра, тожикистонлик қизларнинг Дубай фоҳишалар бозоридаги нархи 50 минг долларни ташкил қилади.

Аснода Тожикистон тегишли идоралари сўнгги икки йил давомида тожикистонлик қизларнинг Дубайга сотилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар деярли қайдга олинмаганини даво қилишади.

Бироқ қаҳрамонимиз Гулжаҳон Дубай казиноларида тахминан 50 дан ортиқ тожикистонлик ва яна кўплаб ўзбекистонлик қизларни учратганини айтади.
XS
SM
MD
LG