Линклар

logo-print

Ўшда ярашув ҳафталиги ўтказилади

  • Шерзод

Ўш расмийлари икки халқни яраштирув акциясига ўзбек ва қирғиз оқсоқолларини ҳам жалб қилмоқчилар.

Ўш расмийлари икки халқни яраштирув акциясига ўзбек ва қирғиз оқсоқолларини ҳам жалб қилмоқчилар.

“5 июлдан 11 июлга қадар Ўшда ярашув ҳафталиги ўтказилади”, дея маълум қилди Ўш вилоят коменданти Бақтибек Алимбеков. Унга кўра, жорий ҳафта мобайнида жой-жойларда аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб борувчи ташвиқот бригадалари ишлайди.

Маълумотларга кўра, Ўш шаҳри ва вилоятида ярашув ҳафталигини ўтказиш Ўш вилояти коменданти Бақтибек Алимбековнинг ташаббусидир.

Биз ярашув ҳафталиги қандай олиб борилиши, унда қандай ишлар амалга оширилиши ва кимлар иштирок этиши мумкинлиги борасида маълумот олиш учун Ўш вилояти коменданти Бақтибек Алимбековга қўнғироқ қилдик.

Телефон гўшагини олган киши ўзини комендант ёрдамчиси деб таништирди, бироқ ўз исмини ошкор қилишни истамади.

Комендант ёрдамчисининг айтишича, ярашув ҳафталиги асосан Ўш шаҳри ва вилоятининг тартибсизликлар бўлиб ўтган ҳудудларида ўтказилади. Ярашув ҳафталигида аҳоли орасида олиб борилувчи тушунтириш ишлари доирасида одамларни ноқонуний олиб юрган қурол-аслаҳаларни ихтиёрий равишда топширишга, бундан буён этник уруш-жанжалларга йўл қўймасликка чақириш кўзда тутилган.

Вилоят коменданти ёрдамчисининг айтишича, аҳоли билан учрашувларда ўзбек ва қирғиз оқсоқоллари, комендатура ходимлари, ташвиқот гуруҳлари ва ёшлар иштирок этади. Учрашувлар чоғида ўз ихтиёри билан ноқонуний сақланаётган қуролларни топширган фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод қилинади.

Айни пайтда Ўш ва Жалолободда содир бўлган воқеаларни кузатиб борган қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова мамлакат жанубида истиқомат қилувчи қирғиз ва ўзбек халқини яраштиришга, бу ҳудудларда тинчликни ўрнатишга қаратилган ҳар қандай акцияни олқишга ҳозир эканини айтаркан, бу ҳудудларда вазиятни барқарорлаштириш учун аҳоли орасида фақатгина тушунтириш ишларини олиб бориш камлик қилишини таъкидлайди:

- Энг биринчи навбатд,а давлат томонидан қирғиз бўладими, ўзбек бўладими, рус бўладими - барча фуқароларнинг хавфсизлиги таъминланиши керак. Бу энг асосий масала. Фуқаролар хавфсизлиги таъминланса, ўшанда одамлар беъмалол кўчага чиқиб, бир-бири билан муносабатда бўлади. Иккинчиси, давлат томонидан, куч органлари барча миллат вакилларига бир хил муносабат бўлиши керак. Ундан кейин, халқни ўртасига низо солувчи турли чақириқлардан эҳтиёт бўлиш керак. Бу энг асосий иш чоралар.

Айни пайтда Ўш ва Жалолободда телевидиниелар фаолиятини тиклаш керак. Телевидиниеда икки халқни иноқликка чақирган, Қирғизистоннинг барча халқларини иноқликка чақирган яхши сўзлар айтилиб, бир вақтнинг ўзида комендантлик соатлари, комендантнинг олиб бораётган ишлари, қўлга олинаётганлар, қурол-аслаҳалар мусодара қилинаётгани тўғрисида халққа ҳар куни батафсил маълумот берилиб турилиши керак. Бу одамларни тинчлантиради. Шундай чора-тадбирлар ўтказилмай туриб, одамлар орасига кириб, “ярашинглар-ярашинглар” дейишдан самара кам бўлади, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.

Айрим ўшликлар эса маҳаллий расмийлар томонидан уюштирилаётган турли ярашув акциялари ва бошқа тадбирларни уларнинг сиёсий ўйини сифатида баҳоламоқдалар.

- Бугунги кунда булар фақат сиёсатнинг кир қиморини ўйнашаяпти, деб ўйлайман. Нима учун булар масжидларга келиб, яраштирув ишларини олиб боришиб, бир ҳафтадан кейин яна келишиб, “чистка” деб, ўзбекларнинг уйларидаги мол-мулкини, пулини “чистка” қилаяпти. Хўп, майли, биз ўзбеклар ярашдик ҳам дейлик, нима учун улар чисткани тўхтатмаяпти? Ўзбеклар автомат кўтариб, қирғизнинг махалласига бостириб боргани ери йўқ-ку. Как будто буларнинг қўлида ўзбеклар “испитательний кролик в руке чиновников” деган гап бу ерда, ука. Бугунги кунда, ҳафтада ҳамма ерда ўзбекларнинг янаям руҳи синган. Ва бир-биримизга ишониш деган нарсани ҳам эсдан чиқариб қўйдик, деди ўз исмини ошкор қилишни истамаган ўшликлардан бири.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Ўш вилоятида ўзбек ва қирғиз миллати ўртасида яраштирув тадбирлари Ўш вилоят давлат маъмурияти расмийлари томонидан аввал ҳам ўтказилган.

Ўш вилояти губернаторининг ўринбосари Ахмаджон Махаммадовнинг Озодликка маълум қилишича, яраштирув тадбирлари Ўш вилоятининг Новқат, Аравон, Қорасув каби туманларида ўтказилган ва бу ҳудудларда тинчликни сақлаб қолиш учун ўз самарасини берган:

- Одамларда кун ўтиши билан аста-аста келажакка ишонч пайдо бўлаяпти, секин-секин экан. Бошқа йўл йўқ энди, биргалашиб яшаш керак, турмуш, ҳаёт олдига жилиши керак. Шу сабабли ҳозир аста-аста ҳаёт изига тушаяпти, деди вилоят губернатори ўринбосари.

Унинг айтишича, ҳозирда вилоят давлат маъмурияти томонидан икки халқ орасида тушунтириш ишларини янада кенгроқ олиб бориш учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
XS
SM
MD
LG