Линклар

Равшан Эрматов ярим финалга ҳакамлик қиладиган бўлди

  • Замира Шукур

Футбол бўйича 2010 йилги жаҳон биринчилигининг энг ëш рефериси бўлмиш Равшан Эрматов МДҲ дан мазкур мусобақаларни бошқариш учун таклиф этилган ягона ҳакам ҳамдир.

Футбол бўйича 2010 йилги жаҳон биринчилигининг энг ëш рефериси бўлмиш Равшан Эрматов МДҲ дан мазкур мусобақаларни бошқариш учун таклиф этилган ягона ҳакам ҳамдир.

Жанубий Африкада якунловчи босқичга кирган футбол бўйича жаҳон биринчилигининг тўрт ўйини¸ хусусан унинг очилиш матчига ҳакамлик қилган ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов 6 июлга белгиланган ярим финалдаги икки ўйиндан бири - Уругвай-Голландия беллашувини бошқарадиган бўлди.


Бу ҳақда 5 июл куни ФИФА ҳакамлар кенгашида эълон қилинди.

Жанубий Африкада ўтаëтган футбол бўйича жаҳон биринчилигининг атиги тўртта ўйини қолди ва унга ҳакамлик қилиш жаҳоннинг тўртта моҳир реферисига насиб қилади. Ҳозирга қадар чемпионатнинг тўрт ўйинига ҳакамлик қилиш вазифаси топширилган тўрт реферидан бири - ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовнинг бу тўрт сўнгги ўйиндан бирига танланиши унинг маҳорати олий даражада баҳолангани ифодаси.

"Шанба куни Аргентина-Германия ўртасидаги чорак финал ўйинига ҳакамлик қилишни қойиллатиб бажарган ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов Жанубий Африкадаги жаҳон биринчилиги ўйинларидан тўрттасига ҳакамлик қилган тўртликка кирди"¸ деб ëзади Осиë футбол конфедерацияси сайти. Конфедерация сайтида шунингдек¸ кейинги икки йил давомида Осиëнинг энг яхши рефериси мақомини қўлдан бермай келаëтган Равшан Эрматовнинг Осиë шаънини шараф билан ҳимоя қилаëтгани ва бутун қитъанинг фахрига айланганини бот-бот ëзилмоқда.

32 яшар Эрматов жаҳон чемпионатининг 11 июн кунги ҳам рамзий¸ ҳам расмий жиҳатдан муҳим бўлган илк очилиш ўйини - Жанубий Африка ва Мексика беллашувига ҳакамлик қилиш баробарида¸ Аргентина- Греция¸ Англия-Жазоир ва 3 июл кунги чорак финалда Аргентина-Германия ўйинларини бошқарди ва ҳозирга қадар ўз ҳакамлиги учун¸ ҳатто ютқизган жамоалар мухлисларининг ҳам олқишини қозонди.

"Ўзбекистонлик Равшан Эрматов¸ бу йилги жаҳон чемпионатининг энг ëш рефериси бўлишига қарамай¸ очилиш ўйинини қойилмақом қилиб бошқарди. Аввал бошданоқ¸ унинг бу вазифага энг лойиқ ҳакам эканига ишончимиз мутлақ комил эди¸ деди Жанубий Африкадаги жаҳон биринчилиги ўйинларига ҳакамлик қилаëтган ФИФА реферилари раҳбари Хосе Мариа Гарсиа-Аранда Эрматовнинг очилиш ўйинини бошқарганини шарҳлай туриб.

“2010 йилги жаҳон чемпионатидаги¸ ҳозирга қадар бўлиб ўтган энг томошабоп Аргентина – Германия ўйинидаги кескинлик ўйиннинг иккинчи ярмида янада ошди. Ўзбек рефериси Равшан Эрматов ўйин давомида имкон қадар ўйинчиларга сариқ карточка бермасликка ҳаракат қилди¸ ўйинчиларнинг ҳар бир норозилигидан жазавага тушиб кетадиган бошқа аксар ҳамкасбларидан фарқли ўйинни соғлом ақлга мувофиқ бошқарди”¸ деб ëзди аргентиналик футбол шарҳловчиси Жеоф Лемон.

“Ўйин ниҳоятда кескин ва шавқатсиз бўлди. Ўйинчилар тубанликка бориб етмаган бўлса-да¸ иккала томонда ҳам жисмоний тўқнашувлар кузатилди (Аргентина жамоаси 20 маротаба¸ Германия томони 14 марта ўйин қоидаларини бузди) ва 24 соат аввал Голландия – Бразилия ўйинига ҳакамлик қилган япониялик рефери Юичи Нишимурадан фарқли Осиëнинг энг яхши рефериси Равшан Эрматов ўйинни мукаммал назоратда ушлашга муваффақ бўлди”¸ деб ëзди австралиялик футбол шарҳловчиси Тони Тэнауз.

Аргентина-Германия ўртасидаги чорак финал ўйини олдидан 1 июл куни Украина футбол сайти мухбири билан суҳбатлашган Равшан Эрматовнинг ўзи¸ жаҳон биринчилигининг қолган сўнгги белгиловчи ўйинларидан бирига ҳакамлик қилиш эҳтимолини инкор ҳам қилмади¸ тасдиқламади ҳам.

- Қолган ўйинларга кимнинг ҳакамлик қилиши ўйинларга 3-5 кун қолганда ФИФА ҳакамлар кенгашида эълон қилинади. Биз ҳакамлар исталган ўйинни бошқаришга ҳозир бўлиб турамиз. Албатта¸ мен яна бир ўйинга ҳакамлик қилиш имконидан бахтиëр бўлган бўлардим. Аммо бу ролни беришмаса ҳам мен ҳеч кимдан хафа бўлмайман. Зотан¸ чемпионатда қатнашишнинг ўзиëқ катта бахт¸ деди финал олдидан финал деб баҳоланган Аргентина-Германия ўйини арафасида Равшан Эрматов.

Айни пайтда¸ жаҳон бўйлаб Равшан Эрматов мухлислари унинг финал мусобақасига ҳакамлик қилишини ëқлаб овоз бермоқдалар. Хусусан¸ Facebook тармоғида "Равшан Эрматов 2010 йилги финалга ҳакамлик қилиш арафасида!" деган сарлавҳа остида унинг мухлислари қўллов кампанияси олиб бормоқда.

"У жаҳон биринчилигининг очилиш ўйинига ҳакамлик қилди ва финални бошқариш ҳам бугунга келиб дунë бўйлаб энг яхши рефери сифатида тан олинган Равшан Эрматовга берилиши керак. Балки Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам унга эргашиб¸ 2014 йилги жаҳон биринчилиги ўйинларига сараланганлар орасида бўлар"¸ деб ëзади Facebookдаги "Равшан Эрматов 2010 йилги финалга ҳакамлик қилиш арафасида!" деб номланган махсус саҳифада шарҳ қолдирган англиялик Жон Батт.

Футбол бўйича жаҳон чемпионатининг қолган тўрт ўйини¸ хусусан 2010 йилги чемпион аниқланадиган 11 июл кунги финални ким бошқаришига оид саволга жавоб қайтарган ФИФА ҳакамлари раҳбари¸ жаҳон биринчилигига рефери сифатида жалб қилинган 19 ҳакамнинг ҳар бирида финални бошқариш имкони борлигини айтиш билан чекланди¸ холос.

Айни пайтда¸ ярим финалдаги ҳакамлик Равшан Эрматовни финалда кўришни орзу қилаëтган футбол шарҳловчилари¸ қолаверса мухлислар умидини бир оз пасайтирмай қолмади. Зотан Эрматовнинг ҳам ярим финал¸ ҳам сўнгги финал ўйинига ҳакамлик қилишидан қилмаслик эҳтимоли кучлироқ бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG