Линклар

Эркин микрофон - Калтак ҳануз ўзбекнинг бошида синмоқда

  • Абдулла Искандар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Ўшдан сим қоққан аëллардан бири¸ қирғиз махсус хизматларининг ўзбек маҳаллаларига босқини тинмаëтганидан шикоят қилади.

Украина ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга топшириши мумкин

Ўзбекистон жазо қонунининг 159-моддаси билан айбланиб¸ Украинада қўлга олинган Қосим Дадахоновнинг турмуш ўртоғи Озодликка шикоят қилди.

- Мен Дадахонов Қосимжоннинг оилалариман. Биз ўзи Украинадамиз. Мана 29 июн куни эрталаб келиб “Биз паспорт текширгани келдик” деб уйимизга икки киши кирди. Ўша Дадахонов Қосимни олиб чиқиб кетди. “Уч соатдан кейин қўйиб юборамиз” деди. Биз орқасидан бордик. Улар қўйиб юборишмади. Шунга сешанба куни бир ҳафта бўлади. Жума куни суд бўлиб ўтди.

Озодлик: Қандай қарор олди суд?

- Бир ойга қамаш қарорини олди.

Озодлик: Ўзбекистон эрингизни нима учун таъқиб қилаяпти?

- Билмаймиз. У бир нарсада қатнашмаган. Ҳозир учта модда қўйибди. Биттаси 242¸ биттаси 244¸ биттаси 159. Ўзбекистондан у 1993 йилда чиқиб кетган. Ўзбекистон фуқаролигини олмаган. Россияникини олган. Билмаган нимага бунақа бўлди. ООН га документ топширган. Ўшанинг ҳимоясида турган. Иммиграцион службадан ўтган¸ пропискалари бор. Суд бўлди. Суд бир ой ушлаб туришликка қарор қилди. Бир ойдан кейин нима бўлишини билмаймиз. Унинг 10 та боласи бор. 10 та боласи ҳам Россия фуқароси.

Озодлик: Украинада сизнинг эрингиздан бошқа сиëсий қочқинларни ҳам таъқиб қилаяптими?

- Ҳозир истаб келаяпти. Ҳаммалари қўрқувда. Нима қилишни билмаяпти ҳозир. Ўзларини қаерга қўйишни билишмаяпти. Ҳаммасининг тўрт-бештадан болалари бор. Қаттиқ ҳужум бошланди десам ҳам бўлади¸ дейди Украинадаги қочқинлардан бири.


Ўзбекистон президентидан хафаман

дейди Ўшнинг Наримон маҳалласида қирғиз ҳарбийларидан жабр кўрган Умидахон.

- Ўшанда Жиззахдан интервью берди. (йиғлаб) Бўпти армиясини қўймасин¸ кирмасин. Нима учун учинчи кучларни тилга олади? Қирғизларнинг политикасига тайëр нима бериб қўйди. Мана ҳозир қирғизларга баҳона Ўзбекистон исломий ҳаракати¸ Ўзбекистон террористлари. Каримовдан мен жуда хафаман. Сиëсатчи эмасман¸ лекин Каримовнинг гапи нотўғри. “Бу қирғизнинг ҳам¸ ўзбекнинг ҳам айби эмас. Бу учинчи кучларнинг иши” деб нимага гапиради Каримов? Ҳеч бўлмаса шуларга телефон орқали дўқ-пўписа қилиб “Э тинчлантир. Ўзбекни қиришни тинчлантир. Мен сенларни огоҳлантираман” деб нимага Роза Ўтунбаевага айтиб қўймади? Тўғри Каримов қочқинларнинг бошини силади. Қиладида. Ахир у ўзбекку. Қилиши керак. Унақа қилмаса ҳам бўлмайди. Каримовнинг бу гапи ухласам ҳам тушларимга кираяпти. Учинчи кучларни нимага гапиради? Мана мачитда имомларимиз қолмади. Азончиларимиз қолмабди. Мачитдаги ҳаммасини олиб кириб қўйибди. Каримов шуларга телефон қилиб пўписа қилиб қўйишга ҳам ярамади. Мана кўраяпсизлар¸ қирғизлар бўйнига олмаяпти. Ўлган ҳам ўзбек¸ қирилиб кетган ҳам ўзбек¸ зўрланган қизлар ҳам ўзбек¸ уйи куйган ҳам ўзбек. Каримов Бухорода нимага чиқди¸ нимага ўшликларни тилга олди? Учинчи кучлар деб нимага гапирди? Шундай чиқиб туриб гапирадиган жойдаманда ҳозир. Каримов ўзининг нимасини ўзи очиб қўйдию¸ дейди ўшликлардан бири.


Ўзбекистон президентинин гапи тўппа-тўғри

дейди исми айтилишидан ҳайиққан анджонлик суҳбатдош.

- Бизнинг президент “бир нарсага эришиш учун бир нарсани йўқотиб қўйиш мумкин” деб айтдию. Шунда тўғри айтди шекилли. Агар “ўзбекларни у ëқда қираяпти экан” деб ўтиб кетиб қирғизларга ҳужум қилиб юборадиган бўлса¸ Андижонда¸ Фарғонада¸ Наманганда ундан ҳам кўп халқ қирилиб кетиши мумкин эди. Қирилиб кетмаса ҳам¸ жабр кўриши мумкин. Тўғри¸ деб ҳисоблайман мен бу гапларни. Кимдир томондан уюштирилаëтган бўлса бу нарса¸ президент унга аччиқланиб¸ “ақл билан иш кўриш керак” дедику. Бу тўғри жуда ҳам аччиқланиб ўтиб “сенлар ўзбекни ундай қилаяпсан¸ бундай қилаяпсан” деб ташланиб кўрса¸ албатта¸ бир зарари бўлса керак. Биз у нарсага қўшила олмаймиз бориб.

Озодлик: Нимага?

- Андижонда туриб Қирғизистондаги воқеага қўшилиб кетиш осон ишмас. Ўзининг ичида бўлаяптику¸ лекин юқорида ўтирган президентимиз тўғри¸ сабаби кўп нарсадан хабари бор¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.


Ўш ўзбеклари ҳамон тазйиқлар остида яшамоқда

Референдум ҳам бўлди¸ Ўтунбаева президент ҳам бўлиб олди¸ аммо Ўш ўзбекларининг бошида ҳали-ҳануз калтак синмоқда¸ дейди наримонлик аëл.

- Укамни олиб чиқиб кетиб жуда қаттиқ уришган. Калашников автомати билан кўзига уришган. Кўзи ташқарига чиқиб кетган. Кейин роса қаттиқ калтаклашибди. У куни роса кўп одамни олиб кириб кетган. Дадам кейин ҳуқуқ ҳимоячилари билан гаплашиб “Қанча пул деса бераман. Бу биргина ўғлим” деб ўртада ҳуқуқ ҳимоячилари туриб олиб чиқди. Укам касалхонада ëтмади. Касалхонада қаерда ëтади? Ярадорлар кўп¸ касаллар ҳаммаси. Жой йўқ укам ëтгани. Кўзини операция қилиш керак деди. Касалхонада ҳам ëтмасдан уйларида лечение қилишиб¸ аям “Томда ëтибди¸ подвалда ëтибди¸ яна олиб кетиб қолишса¸ нима қиламан?” деб доим йиғлайди.

Мен бир хотин киши эканман. Нима қиламан? Қўлимга қурол олиб уруша олмасам¸ муштлаша олмасам¸ хотин кишилигимга бориб ўтирибман. Етти яшар болам менга “Ая¸ тоғамни Калашников автомати билан немислар келиб кўзига уришиб¸ кўзи чиқиб кетди” деяпти. Роса уришди¸ дейишаяпти. Мана илгари куни маска таққан одамларнинг 12 таси уйга киришиб¸ келинимиз ошхонада овқат қилаëтган бўлган¸ ўғлим ўйнаб юрган бўлган¸ эшикларни қулфлаб олишиб¸ дадамни ҳақорат қилган. Дадам мана 60 ëшга кираяпти. Дадамнинг қўлларини орқага қайириб¸ “кал киши¸ у-бу” деб устидан кулишни бошлашган. Ростдан тан олиш керак сочлари тўкилиб кетган¸ 60 ëшга борган. Ўғлим¸ келинимиз¸ аямнинг олдида жуда ҳақорат қилишган. Автоматлар билан қўрқитишган. Кейин бир ëққа телефон қилиб “Боласини олиб кетайликми? Боласи бор экан” дейишган. Етти яшар ўғлим дод фарëд қилгандан кейин қўни-қўшни деворлардан эшитган. Қўшнилар тўпланиб равотимизни тақиллатишган. Солдатларга “оч” деб бақиргандан кейин эшикни очишиб¸ дадамни бир хонага олиб киришиб савол-жавоб қилишган. Дадамни ўша ерда уришган. Кейин бир хонага олиб киришиб “Пул бер” дейди. Мен сизларга суммасини айта олмайман¸ лекин дадамдан катта пул талаб қилган. Шундан кейин дадам ўша пулни олиб бориб беришга мажбур бўлган. Бу нарса тўхтамаëтганлиги учун мен сизларга телефон қилдим¸ дейди ўшликлардан яна бири.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG