Линклар

"Аждодлардан қолган ватанни ташлаб кетадиган номард йўқ!"

  • Сарвар Усмон

Ўш ва жалолободдаги ўзбек йигитларининг аксари¸ ўз ватани¸ ўз ҳовлисини қирғинни уюштирганлар фойдасига ташлаб кетиш ниятидан йироқ.

Ўш ва жалолободдаги ўзбек йигитларининг аксари¸ ўз ватани¸ ўз ҳовлисини қирғинни уюштирганлар фойдасига ташлаб кетиш ниятидан йироқ.

Бошларига тушган кўргиликлар қанчалик даҳшатли бўлмасин¸ ўшлик ва жалолободлик ўзбекларнинг мутлақ кўпчилиги¸ ватанни ташлаб кетмоқчи эмас. Айни пайтда бу хулосанинг аксини ифодаловчи фикрлар ҳам пайдо бўлмоқда.


"Қирғизистонлик қочқинлар оммавий равишда Ўрта Уралга кўчиб кетмоқда".

Мана шу сарлавҳа остида ўтган ҳафта охирида Россиядаги сайтлардан бирида эълон қилинган мақолани кўплаб бошқа сайтлар кўчириб босди.

Екатеринбург шаҳридаги "Уральский дом" жамоат ташкилоти раҳбари Леонид Гришиннинг фикрича, ҳозирча қирғизистонликларни Россияга "оммавий равишда" кўчаяпти, деб бўлмайди, лекин Қирғизистон ҳукумати шошилинч чоралар кўрмаса, кузга бориб кўчиш жараёни кучайиб кетиши мумкин.

- Ҳозирча одамларни оммавий равишда кўчиб кетяпти, деб бўлмайди, лекин яқин вақт ичида, балки кузга яқин одамлар Россияга оммавий равишда кела бошлайди, чунки Ўш ва Жалолободда вайрон қилинган уйлар шу қадар кўпки, уларни қишгача қайта тиклаш нореал ишдир¸ дейди “Уральский дом” жамоат ташкилоти раҳбари Леонид Гришин.

Леонид Гришин бошқарадиган “Уральский дом” жамоат ташкилоти қочқинлар ва меҳнат муҳожирлари муаммолари билан шуғулланади.

Гришиннинг айтишича, Ўш қирғини бошланган 11 июндан кейин Свердловск областига етиб бораётган қирғизистонликлар сезиларли кўпайган.

- Россияга кўчиб келаётганлар орасида асосан икки оқимни кузатиш мумкин, улардан бири, албатта, ўзбеклар, иккинчиси руслардир¸ дейди Гришин.

Қирғизистон жанубидан кетишни истаётганлар сезиларли кўпайганини Ўшдаги авиачипта сотадиган агентликлардан олинган маълумот ҳам тасдиқлаши мумкин.

Агентлик вакилининг 5 июл куни айтишича, Ўш-Новосибирск йўналиши бўйича 18 июлгача амалга ошириладиган рейсларга билет йўқ, 18 июл кунги рейсга йўлкира 317 доллардир.

Бир ҳафтагина муқаддам йўлкира 209 доллар эди, ўшандан бери доллар қимматласа қимматладики, арзонлагани йўқ.

Исмини айтмаслигимизни сўраган бир ўшлик кузатувчи “шу кунда Ўшда хавфсизроқ мамлакатга муайян муддатга кетиб туриш масаласи деярли ҳар бир оилада муҳокама қилинган бўлса керак”, деган фикрни билдирди.

- Кўпчиликнинг орасида¸ нафақат ўзбекларда¸ қирғизларда ҳам жуда кўпчилик кетишни хоҳлаяпти. Шу масалани гапирмасдан қўймаган битта ҳам оила қолмаганига мен ишонаман¸ дейди ўшлик кузатувчи.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, барқарорлик ўрнатилишига, ҳукуматнинг вазиятни тўла назорат қила билишига аҳолида ишонч йўқ.

Озодлик: Шахсан сиз бу масалани ўзингиз ва оилангиз учун қандай ҳал қилдингиз?

- Мен тўғрисини айтсам¸ балки кетворардим. Кетворардимки¸ ўзим хоҳлаганим учун эмас. “Йўқ¸ кетмаймиз. Мана шу ерда ўтирамиз” дейдиган бўлсам ҳам мен как оила бошлиғи кафолат беришим керак. “Мен ҳимоя қила оламан” деган ишонч йўқ бўлганлиги учун агарда кетамиз дейишса¸ шундай дейишаяпти ҳам¸ мен бунга фақат қўшиламан¸ дейди исмини айтмаслигимизни сўраган ўшлик кузатувчи.

Энди босқинчилар ёппасига ёндириб юборган маҳаллалардан бирида, уйи ўрнидаги култепага халқаро ташкилотлар берган чодирни тикиб олиб кун кечираётган бир оддий ўшликнинг айтганларини эшитинг.

- Бизнинг маҳаллада уй куйгандан бери ҳамма бекор. Иш йўқ. Умуман нима қилишни билмай¸ ҳамманинг бола-чақаси бор¸ ота-онаси бор¸ “Энди шунақа қилиб юраверсак¸ бир кило¸ ярим кило гўшт билан (гуманитар ëрдам назарда тутилмоқда -таҳр.) нима бўлади” деб ëшлар кетмоқчи Россияга ишлагани.

Озодлик: Кўчиб кетишга эмас¸ ишлагани-а?

- Ҳа¸ ишлагани. Бизда у ëққа бориб ўрнашиб қолиш¸ деган нарса ҳам йўқки¸ бизнинг ақлимиз етмаяпти. Бизнинг оилани¸ қўни-қўшниларни олганда бизнинг кўп ҳам ақлимиз етмаяпти¸ дейди уйи куйган оддий ўшлик.

Бошқа бир ўшлик - Бахтиёржоннинг айтишича, ҳамшаҳарлари орасида Ўшдан кетиш истаги кучайиб бормоқда.

- Сабаби ëшларимизни олиб чиқиб ноқонуний сўроқ қилаяпти. Уришаяпти¸ сўкишаяпти. Бирор жойга бориб ариза ëзсангиз¸ ариза қабул қилинмаяпти. Умуман Қирғизистонда яшаган ўзбеклар ўз болаларининг келажагини ўйлаб Россия ва бошқа жойларга кетишга мажбур бўлаяпти.

Озодлик: Кетиш кайфияти ўшликларнинг тахминан неча фоизига хос?

- Фоизини айта олмайман¸ лекин кўп¸ жуда ҳам кўп. Тахминан 20-30 фоиз деса бўлади.

Озодлик: “Биз шу ерда туғилганмиз¸ аждодларимиз шу ерда туғилган. Ўлсак ўламиз¸ лекин ҳеч қаëққа кетмаймиз” дейдиганлар ҳам борми?

- Албатта. Бундай ватанпарварларимиз ҳам бор. Масалан¸ ўшалардан бири камина. Мен ҳеч қаерга кетишни истамайман. Бу ерда менинг ота-боболарим ўтган. Мен қандай қилиб буларнинг қабрларини¸ ўзим туғилиб ўсган жойни ташлаб кета оламан? Кўпчилик шундай фикрда деб ўйлайман¸ дейди ўшлик Бахтиёржон.

Мақоламиз якунига етай, деб қолган дақиқаларда Сибирдаги шаҳарлардан бирига куни-кеча етиб олган бир ўшлик йигит қўнғироқ қилиб қолди.

Айтишича, ўшлик ўзбеклар Ўш аэропортида ҳам милиция ходимлари ва ҳарбийлар томонидан таҳқирланмоқда, таланмоқда.

- Юкни тортиб бўлгандан кейин ўтиб кетаëтсак¸ иккита ҳарбий паспортни кўриб қўяйлик деди. Паспортни кўриб “ОблГАИдан справканг борми?” деяпти. Ҳалиги судланганмисан¸ судланмаганмисан шу ҳақда справка демоқчида. “Йўқ” десам¸ “Справка ëздириб кел” деяпти. Биз уже билет олиб бўлган бўлсак. Биз билетга куйиб қолишни хоҳламаймизда. Уни олдиндан айтмаган бўлса. Авиакассага телефон қилганимизда унақа демаганда бизга. Милицияхонага боришнинг иложи бўлмаса. Қаëқдан оламиз бунақа справкасини.

Озодлик: Кейин нима бўлди?

- Ўша ерда 1000 рубл олишди кейин¸ дейди Сибирдаги шаҳарлардан бирига куни кеча етиб олган бир ўшлик йигит.

Ўш фожиаси бошланганидан буён маҳаллий ва халқаро таҳлилчиларнинг аксарияти амалга оширилган ҳужумлар ҳамда шу кунгача давом этаётган таъқиб ва тазйиқлар замирида ўзбекларни Қирғизистондан сиқиб чиқариш мақсади ётганини айтиб келмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 13 июн кунги баёнотида эса, жумладан мана бундай дейилган эди:

"Уюштирилаётган, бошқарилаётган ва иғвогарлик характерига эга бундай хатти-ҳаракатлар миллатлар ўртасида низо қўзғатиш, Қирғизистон жанубида яшаётган кам сонли миллатлар вакиллари учун чидаб бўлмайдиган шароитни вужудга келтириш ниятида узоқни кўзлаб содир этилмоқда, деб хулоса чиқариш учун барча асослар бор".

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG