Линклар

logo-print

Жорж Крол АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчилигига танланди

  • Фаррух Юсуфий

Марказий Осиëга кўп марта сафар қилган жаноб Кролнинг минтақадаги вазиятдан яхши хабардорлиги айтилмоқда.

Марказий Осиëга кўп марта сафар қилган жаноб Кролнинг минтақадаги вазиятдан яхши хабардорлиги айтилмоқда.

АҚШ ташқи сиëсатининг устивор вазифаси ҳисобланмиш Афғонистонда тинчлик ўрнатиш узоқ истиқболлигича қолаëтган¸ боз устига АҚШнинг Қирғизистондаги ҳарбий базаси тақдири қил учида қолаëтган бир кезда Вашингтон учун аҳамияти ошган Тошкентга янги элчи юборилади.



Ўтган ҳафта президент Барак Обама АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жорж Кролни Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига тайинланди. Жорж Крол номзоди Сенат томонидан маъқуллангач, у Ўзбекистонга элчи бўлиб жўнаб кетади. Крол собиқ совет иттифоқи бўйича АҚШнинг нуфузли мутахассисларидан бири сифатида, Обама маъмуриятининг Марказий Осиёга қаратилган сиёсати меъморларидан бири, деб кўрилади.

АҚШ Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни кучайтиришга муҳим аҳамият қаратади, деган эди Жорж Крол ўтган йилнинг декабрида АҚШ Сенати Ташқи алоқалар қўмитасида бўлиб ўтган йиғинда.

“Обама маъмурияти Марказий Осиёни АҚШ манфаатлари учун аҳамиятсиз бўлган ташландиқ минтақа, деб ҳисобламайди. Марказий Осиё минтақаси Қўшма Штатларнинг муҳим аҳамият касб этувчи хавфсизлик, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари марказидадир. Биз бу масалага катта эътибор ва ҳурмат билан қарамоғимиз лозимдир ва Обама маъмурияти бу минтақага ана шундай ёндашувда бўлиш масъулиятини ўз зиммасига олган”, деган эди Крол жаноблари.

Бу йиғиндан бир неча ҳафта аввал эса, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари билан учрашиб қайтган эди.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё масалалари бўйича шарҳловчиси Брюс Панниэр АҚШнинг нуфузли дипломатларидан бири бўлмиш Жорж Кролнинг Тошкентга элчи этиб юборилаётгани Обама маъмуриятининг нафақат Ўзбекистон балки бутун Марказий Осиёга оид сиёсатида жиддий ўзгаришлар рўй беришидан даракдир, деб баҳолайди.

- Бу Қўшма Штатлар Марказий Осиё билан муносабатларга катта эътибор қарата бошлаганини англатади, деган бўлардим. Жорж Крол жуда юқори мартабали дипломат ва кейинги пайтларда Марказий Осиё ва у ердаги сиёсатчиларга доир масалалар билан яқиндан шуғулланиб келди. У сўнгги пайтларда минтақага бир неча марта сафар қилди. Бу эса Давлат департаменти ва Обама маъмуриятининг Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан алоқалар муҳим аҳамият касб этишини эътироф эта бошлаганини кўрсатади. Авваллари АҚШнинг минтақа давлатларидаги элчилари биттасидан бошқасига кўчириб келинганини кўриш мумкин эди. Кролни¸ АҚШнинг минтақага қаратилган сиёсатидаги янги¸ қолаверса Обама маъмурияти ишонч билан қараётган шахс, деб аташ мумкин. Чунки айтганимдек, у бу минтақага тез-тез сафар қилган ва у ердаги вазият билан яқиндан таниш. Демакки¸ АҚШнинг Марказий Осиёга оид ташқи сиёсатида ўзгаришлар рўй бермоқда, дейди таҳлилчи Панниэр.

Крол ўтган йил ноябрида Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида Вашингтон билан Тошкент ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, айниқса¸ Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқиб, бутун минтақадаги барқарорликни таъминлаш учун муҳимлигига алоҳида эътибор қаратган эди.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Камолиддин Раббимов Кролнинг жорий йил май ойида Қирғизистон жанубидаги хунрезликлар арафасида Ўш ва Жалолободга бориб, ўзбек жамоатчилиги етакчилари билан учрашганини эслатар экан, юқори мартабали дипломатнинг ҳозир Ўзбекистонга юборилаётгани ҳам Тошкент-Вашингтон муносабатлари истиқболлари, ҳам минтақадаги барқарорлик учун айни муддаодир, дейди.

- Менинг назаримда¸ Қирғизистон воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг минтақадаги мавқеи ўзгараяпти. Шу фонда¸ АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларни янги даражага кўтаришни қулай фурсат деб билишаяпти. Энди АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари ревизия қилинади. Бир ҳафта олдин АҚШ нинг бир қанча университет профессорлари бир мақола ëзиб¸ Марказий Осиë минтақасининг хавфсизлиги кўпроқ Ўзбекистонга боғлиқ эканлиги намоëн бўлди Қирғизистон воқеалари соясида¸ деган бир хулосани айтишди. Менимча¸ мана шу тафаккур кейинги пайтда Америка маъмурияти томонидан кучайиб бораяпти. Ўйлайманки¸ муносабатлар қийинчилик билан бўлса-да¸ аста-секинлик билан кучайиб боради¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Крол Ўш ва Жалолободга қилган ташрифи чоғида маҳаллий ўзбек жамоатчилиги вакиллари билан учрашиб, уларнинг минтақада миллатларо низо чиқиши мумкинлиги ва ўзбекларга нисбатан таъқиблар кучаяётганига оид хавотирларини муваққат ҳукумат етакчиларига етказишни ваъда қилган эди.

Бу учрашувдан кўп ўтмай Қирғизистон жанубида рўй берган миллатлараро низода 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Воқеаларни Ўшдан туриб ёритган Озодлик радиоси таҳлилчиси Брюс Панниэр қонли воқеаларнинг асосий қурбонлари ўзбеклар бўлгани ва муваққат ҳукуматнинг хунрезликнинг олдини олишга етарли ҳаракат қилмагани шубҳасиздир, деган фикрда. Боз устига референдум ўтиб бўлганига қарамай¸ муваққат ҳукумат томонидан ўзбекларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида жиддий қадамлар қўйилмаётгани нуқтаи назаридан, Кролнинг Ўзбекистонга элчи этиб юборилиши ўзига хос рамзий маънони ташийди, деб фикрини ривожлантиради Озодлик таҳлилчиси.

- Унинг бир ой аввал Қирғизистон жанубида бўлиб қайтгани ва энди Ўзбекистонга элчи этиб юборилаётгани минтақадаги вазиятга жиддий эътибор қаратилаётганига яна бир ишорадир. Бундан ташқари, Кролнинг Жанубий Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги вакиллари билан учрашгани ва энди Ўзбекистонга элчи этиб тайинланаётганида ҳам ўзига яраша рамзий маъно бор. Буни Қирғизистон ҳукуматига Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан алоқаларга муҳим аҳамият қаратиши ва Қирғизистон жанубида рўй берган хунрезлик қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир, қабилидаги ўзига хос бир жиддий огоҳлантирув, деб ҳам аташ мумкин, дейди Панниэр.

Қирғизистондаги беқарор сиёсий вазият, таҳлилчиларга кўра, АҚШнинг Манас аэропортидаги ҳаво базаси тақдирини шубҳа остига қўймоқда. АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Кролнинг Ўзбекистондаги элчи сифатида бажариши кутилаётган асосий вазифалардан бири ана шу муаммони ҳам ҳал этиш бўлади, дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

- Менимча¸ Жорж Кролнинг элчи бўлиб келиши Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги ва Афғонистондаги муаммоларга бўлган эътиборини кучайтиришга ҳаракат¸ деб ўйлаш мумкин. Гап шундаки¸ Қирғизистонда геосиëсий ва ички сиëсий барқарорлик йўқлиги мутлақо намоëн бўлди. Мана муваққат ҳукумат бир неча марта очиқчасига у ëки бу ҳолатларда АҚШ нинг Қирғизистондаги базаси ҳайдаб чиқарилиши мумкин¸ деган сигнал берди. Бундан ташқари¸ ҳали Афғонистонда барқарорлик ўрнатилишига анча бор. Менимча¸ мана шу вазифаларнинг ҳаммаси янги элчи олдида туради. У имкон қадар Ўзбекистоннинг потенциалини шу муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорликка даъват қилади¸ дейди Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG