Линклар

logo-print

Ўзбекистонда яна бензин қимматлади


Ўзбекистонда бензин нархининг нега ошгани ҳақида¸ одатда ҳукумат ҳеч қандай расмий изоҳ бермайди.

Ўзбекистонда бензин нархининг нега ошгани ҳақида¸ одатда ҳукумат ҳеч қандай расмий изоҳ бермайди.

1 июлдан бошлаб бензин ва дизел ёнилғиси 15%га қимматлади. Бензин нархи кўтарилиши ортидан бутун жабҳаларда қимматлаш пойгаси бошланиши кузатилгани боис таҳлилчилар бу қимматлашнинг мамлакат аҳолиси иқтисодий вазиятини янада оғирлаштиришини айтмоқдалар.


Бир неча йилдирки Матиз машинасида киракашлик қилаётган тошкентлик Рустам ака бензин нархи оширилганидан норозилардан бири.

Рустам ака: Бензин қимматлади. 155 сўмга ошди. Мен 80 бензиндан қуяман. Олдин 1065 сўм эди. Ҳозир 1220 сўм бўлди.

Озодлик: Бензин қачондан қимматлади?

- 1 июлдан, дейди хўрсиниб Рустам ака.

Рустам ака оиласининг асосий тирикчилиги киракашлик ортидан эканини айтиб, бензин қимматлагандан буён рўзғор харажатларини камайтирганини қўшимча қилади.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси ходимаси Озодлик билан суҳбатда бензин ва дизел ёнилғилари 1 июлдан бошлаб 15 фоизга оширилганини маълум қилди.

- 1 июлдан бензин нархи Вазирлар Маҳкамасининг 129 -сонли қарори бўйича оширилган.

Озодлик: Неча фоизга оширилди?

- 15 фоизга.

Озодлик: Демак¸ ҳозир 1 литр бензин қанча бўлди ?

- Масалан 80 бензиннинг бир литри 920 сўм турарди. Мен налогни қўшмасдан айтаяпман. Ҳозир 1075 сўм бўлди. 91-92-93 бензинлар 1205 сўм бўлган.

Озодлик: 95 чи?

- 95 ҳозир 1355 сўм бўлди. Дизел топливоси 1075 сўм бўлган. Бу оддийсиники. Яна Эко деган сифати яхши дизел топливо бор. Уники 1125 сўм бўлган, деди “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси ходимаси.

Юқорида тилга олинган нархларга ҳали истеъмол солиғи қўшилмаган. Амалдаги қонунларга кўра, бензин ва дизел ёнилғисини аҳолига сотишда жисмоний шахслардан истеъмол солиғи чегириб қолинади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 30 декабрдаги 337 –сонли қарорига кўра, айни солиқ ҳар бир литр учун 145 сўмни ташкил қилади.

Демак, эндиликда ҳар бир литр бензинни қуйидаги нархларда харид қилиш мумкин:

Ai-80 автобензини – бир литри 1220 сўм
Ai-91 автобензини – бир литри 1350 сўм
Ai -92 автобензини – бир литри 1350 сўм
Ai-93 автобензини – бир литри 1350 сўм
Ai-95 автобензини – бир литри 1500 сўм
Dizel ёнилғиси – бир литри 1220 сўм
EKO Dizel ёнилғиси – бир литри 1270 сўм


“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси ходимаси сўнгги икки йил давомида бензин нархининг оширилмаганини айтар экан, айни пайтда маҳсулот таннархларининг ошиб кетиши бензин нархини кўтаришга сабаб бўлганини айтади.

- Охирги мартасида 2008 йил 15 сентябрда ошган эди. Деярли икки йилча ошмасдан туриб¸ мана энди ошди.

Озодлик: Ҳозир нимага оширилди?

- Чунки ҳамма нарса ошиб кетаяпти. Таннархи ошиб кетди заводлардаги ишлаб чиқаришнинг. Бу орада оладиган нефтнинг нархи ошди. Импорт бўйича олинадиган нефт олдин арзон бўларди. Ҳозир унинг ҳам пластик бўйича нархи жаҳон бозорида ҳам ошиб кетди. Шунинг ҳисобига ошдида бензин нархи. Биласизми заводлар монопол корхонага киради. Уларнинг қилаëтган ҳақиқий харажатлари декларацияда нархни белгилагандагига қараганда ошиб кетганда. Энди ошириш бўйича аввал Молия вазирлигига тақдим қилинади янги ҳисоб-китоблар. Шунга қараб туриб Молия вазирлиги ҳукуматга таклиф билан чиқади. Нарх шу орқали оширилади, дейди “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси ходимаси.

Ўзбекистонда миллий валюта - сўм кундан кунга қадрсизланиб бораётгани баробарида кун кечириш ҳам қимматлашиб бораётгани сир эмас.

Шундай бир шароитда бензиннинг қимматлагани аксар кўпчилик чўнтагига жиддий таъсир кўрсатмай қолмади.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Жаҳонгир Шосалимов фикрича, бензин нархи оширилиши иқтисодий ҳаётнинг жуда кўп жабҳаларига салбий таъсир қилиши натижасида аҳолининг турмуш даражаси яна пасаяди.

- Ўзбекистонда бензин бошқа соҳаларни¸ масалан қишлоқ хўжалиги¸ транспорт¸ аҳолига ҳар хил хизматлар кўрсатиш каби кўплаб соҳаларга жуда катта таъсир қилади. Чунки бензиннинг ўзи баҳони шакллантирувчи манба ҳисобланади. Албатта¸ бу қишлоқ хўжалигининг ўзида буғдой бўладими¸ пахта бўладими¸ мева-сабзавот бўладими – буларнинг ҳаммаси транспорт билан боғлиқ. Яъни даладан шаҳарга келгунча ўз ўзидан нарх ошиб кетади. Мисол учун¸ пиëз оласизми¸ картошками¸ ҳаттоки гўштми. Шунинг учун бензинга бўлган баҳонинг ошиши барча нарса баҳосининг икки- уч баробарга ошишига сабаб бўлади. Бундан ташқари¸ жамоат транспорти ошади. Шахсий таксилар ҳам қимматлайди. Бу деган сўз аҳолининг турмуш даражаси яна пасаяди¸ дегани, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Кейинги йилларда аҳоли нарх-навонинг ой сайин кўтарилишига кўникиб ҳам улгурди.

Ўзбекистонда нарх-навонинг оширилиши мунтазам кўриниш касб этишини қуйидаги рақамлардан ҳам билиш мумкин. Мана бу рўйхатда ярим йил ичидаги қимматлаш манзараси акс этган¸ холос:

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, ҳар литр бензинга солинадиган солиқ ставкаси 25 сўмга оширилди.

1 январдан бошлаб, алкогол ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш акциз солиғи 25-50 фоизга ошди.

1 февралдан бошлаб хорижга жўнатиладиган почта жўнатмаларининг нархи 50 фоизга, хат жўнатмалари нархи эса 100 фоизгача оширилди.

1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда иссиқ ва совуқ сув¸ иссиқлик таъминотига нарх 20 фоизга ошади.

24 мартдан бошлаб GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси ишлаб чиқараëтган автомобиллар нархи 10-17 фоизга кўтарилди.

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга киритилаётган барча турдаги автомобилларга қўйилган бож солиқ ставкалари яна 10 фоизга оширилди.

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси тарифлари 8,8 фоиз, табиий газ учун тўловлар 22 фоиз ва жамоат транспортида йўл кира ҳақи қимматлади.

1 июнидан бошлаб Ўзбекистонда стационар телефонлар учун тўланадиган ҳақ шаҳарликлар учун 8,3 фоизга, қишлоқ жойларда яшовчилар учун эса 10 фоизга ошди.

1 июлдан бошлаб эса бензин ва дизел ёнилғиси 15 фоизга қимматлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG