Линклар

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги Носиробод қишлоғида ҳовлилар бузилмоқда

  • Садриддин Ашур

Носирободдаги бузиладиган ҳовлилар ўрнида чегара деворининг қурилиши айтилмоқда

Носирободдаги бузиладиган ҳовлилар ўрнида чегара деворининг қурилиши айтилмоқда

Қувасой шаҳри яқинидаги Носиробод қишлоғида 20 дан ортиқ хонадон бир ҳафтада бузилиб, унинг ўрнига чегара девори тикланиши керак. Шаҳар ҳокимлиги буйруғи билан бузиладиган бу хонадон эгалари ҳали янги иморат қуриш учун ер ҳам берилмаганидан зорланмоқда.



Носирободда 20 дан ортиқ хонадон бузиладиган бўлди. Бу ҳақда Озодликка носирободликлардан бири Абдуҳафиз ака хабар берди. Унга кўра, Қувасой шаҳридаги Носиробод маҳалласининг Қирғизистонга туташ ҳудуддаги бу уйлар бир ҳафта ичида бузилиши ва унинг ўрнига чегара девори тикланиши керак¸ дейилгани боис одамлар аллақачон кўчларини йиғмоқда:

- Ҳозир мен ўша ерда кўзим билан кўрдим. Уйларини бўшатишиб¸ кўчларини олиб чиқишаëтганини ўз кўзим билан кўрдим¸ дейди Абдуҳафиз ака.

Ўзбекистонда Қирғизистон билан чегара ҳудудлардаги хонадонларнинг кўчирилиши бир неча йилдан бери давом этмоқда. Ўтган йили Полмон қишлоғи аҳолиси кўчирилган эди. Шу боис носирободликлар ҳам айни тақдирни кутиб яшаётган эди. Бироқ "бир ҳафта ичида кўчасан" деб қўйилган талаб носирободликларни лол қолдирди. Чунки, дейди Абдуҳафиз ака, кўчадиган хонадонларга бериладиган ернинг қаерда эканлигини ҳали аниқ эмас.

- Бир ҳафтанинг ичида бўшатинглар, дебди. Қандай қилиб? Ўша хўжайин бир нимада яшаб кўрса биларди¸ дейди Абдуҳафиз ака.

Унга кўра, ҳукумат бу хонадон эгаларига компенсация ҳам ваъда қилган. Бироқ бу товон пулининг қанча эканлиги маълум эмас. Расмийлар борини ҳам банкдаги ҳисоб рақамларига ўтказиб беришни ваъда қилган. Абдуҳафиз акага кўра, Ўзбекистонда нақд пул тақчил бўлиб турган бу кунларда банклардан пул олишнинг ўзи катта муаммо:

- Ваъда қилинибди. Кадастр қанча пул тушса¸ ўшани счëтига ўтказиб қўйишни айтибди. Мева-чеваларини ҳисоблаб қанча пул тушса¸ ўшани ўтказиб қўяркан. Ҳисоб рақам қилиб банкдан ўтказиб қўйишаркан. Одамлар ўзининг топширган пулини ололмайдию¸ ҳисоб рақамдаги пулни ололадими? Президент бўлса келажагимиз буюк¸ у-бу дейди. Ҳозир олти сўтикдан дебди. Қарорда саккиз сўтик. Битта жойга бориб катак қилиб яшаб ўтириш бўлмайди. Эртага қиш келади. Қишгача уй қилиш керак. Цемент¸ шифер билан иш битмайдию¸ дейди Абдуҳафиз ака.

Қувасой шаҳар ҳокимининг чегара масалалари бўйича ўринбосари Солижон Обидов Озодлик билан суҳбатда бу муаммонинг борлигини рад этмади ва ҳоким билан маслаҳатлашгандан сўнг жавоб беришини айтди:

Озодлик: Солижон ака¸ чегарадаги Носиробод қишлоғида бузилаëтган уйлар ҳақида сўрамоқчи эдим. Сиз шу ишлар билан шуғулланадиган ҳоким ўринбосари экансиз. Айтишларича¸ уларга “бир ҳафтада бузиб кўчасизлар” деб муҳлат беришибди. Уларга ҳали ер ҳам берилмабди.

- Биринчидан¸ бунақа ахборот кўчанинг ахбороти. Иккинчидан¸ сизга ким берди бунақа ахборотни?

Озодлик: Бизга қўнғироқ қилишди Носиробод қишлоғидан.

- Ким фамилияси?

Озодлик: Мен айтмайманда уни сизга. Чунки ...

- Мен ҳам сизга айтмайман. Ҳоким билан маслаҳатлашай¸ кейин айтаман¸ дейди Қувасой шаҳар ҳокимининг чегара масалалари бўйича ўринбосари Солижон Обидов.

Бироқ ҳоким жаноблари ўз ўринбосарига “тилингни тий” деб қўйганми, кейин қўнғироқ қилганимизда Солижон Обидов бизни танимаслигини айтди:

- Эшитаман.

Озодлик: Мен журналист Садриддинман. Эрталаб телефон қилган эдим.

- Мен сизни танимайман¸ кечирасиз.

Озодлик: Солижон ака¸ бир минут.

- ............................... (Қувасой шаҳар ҳокимининг чегара масалалари бўйича ўринбосари Солижон Обидов телефон гўшагини қўйиб қўйди)

Қувасой шаҳар “Маҳалла” жамғармаси раиси Жумавой Ёқубов эса, носирободликларга бир ҳафтада кўчиш талаби қўйилмагани, боз устига уларнинг кўчиши учун барча шароит муҳайё этилаётганидан гапирди:

- Уларга ҳар доимгидек ерлар ажратилиб¸ яна уй қурилишига ҳозир ташкилотлар бириктирилаяпти. Ëрдам пуллари ажратилаяпти. Ҳамма шарт-шароитлар кўриб чиқилаяпти. Уни бир ҳафтада¸ бизда ҳеч қачон муддат берилмайди. Чора-тадбирлар кўрилади. Ҳамма шарт-шароитлар яратилгандан кейин¸ мана ҳозир чек ажратиб бериш процесси кетаяпти. Саккиз сўтикдан берилаяпти¸ деди шаҳар “Маҳалла” жамғармаси раиси Жумавой Ёқубов.

Носиробод маҳалласида ўтказилган йиғилишда расмийлар бузиладиган хонадонларни вақтинчалик палаткалар билан таъминлашини айтганлар. Ёзнинг ярми ўтиб, куз эшик қоқаётган бир паллада қишга қолмай янги уйларни битириб олишга носирободликларнинг кўзлари етмаяпти. Улар ҳокимиятнинг бу масалада кенгашиб иш юритмаганидан норози бўлмоқдалар.

Нега энди одамлар, ўз талабларини очиқ қўя олмайдилар, нега айни пайт кўчадиган пайт эмас деб айта олмайдилар, деб сўраймиз Абдуҳафиз акадан. У эса бизнинг саволимизга истеҳзо билан шундай жавоб беради:

- Э сиз қизиқмисиз? Ўзбекистонда яшаяпмизку. Бузасан дегандан кейин¸ шарт бузиб кетади. Бир ҳафта муҳлат берибди. Ҳозир гапириб бўладими раҳбарларга¸ дейди носирободлик Абдуҳафиз ака.
XS
SM
MD
LG