Линклар

logo-print

Каримов қочқинларга ёрдам берганларни мукофотлади


Қирғиндан қочиб Ўзбекистонга ўтаëтган ўшлик ўзбеклар.

Қирғиндан қочиб Ўзбекистонга ўтаëтган ўшлик ўзбеклар.

5 июл куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Қирғизистон жанубида содир этилган фожеали воқеалар оқибатида жабр чекканларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда алоҳида хизмат қилган Андижон вилояти фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг бир гуруҳини мукофотлаш” тўғрисида фармон чиқарди.


Ўш ва жалолободлик юз мингдан ортиқ қочқинларга кўмак берган 60 дан ошиқ андижонлик¸ президент Каримов фармонига мувофиқ¸ Ўзбекистоннинг нуфузли мукофотлари билан тақдирланадиган бўлди.

Медал ва орден соҳиблари орасида оддий тиббиёт муассаси ҳайдовчисидан бошлаб, маҳалла посбонлари, хотин-қизлар қўмитаси фаоллари¸ шунингдек Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари бор.

Андижон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси Элмурод Қурбонов “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлардан бири.

- Йигит кишимиз. Элнинг хизматини қилдик. Бизнинг вазифамиз бу. Бошқа миллат бўлганда ҳам шу ишни қилардик. Неча кун бўлган бўлса¸ тўлиқ бўлганмиз. 10 кундан ошиқ. 13 кун бўлдик¸ шекилли. Бунақа вақтда кўзимизга уйқу¸ овқат кўринмайди. Рағбатлантиришади¸ деб иш қилганимиз йўқ. Мукофот олишимиз хаëлимизга ҳам келгани йўқ¸ ўзимизга сюрприз бўлди ҳақиқатан.

Элимиз¸ халқимиз¸ раҳбарият арзимас хизматимизни шунчалик қилиб тақдирлаяпти экан¸ раҳмат катта, дейди Андижон шаҳар ҳокимлигининг “Шуҳрат” медали билан тақдирланган бош мутахассиси Элмурод Қурбонов.

Жалолқудуқ туманидаги “Қашқар” маҳалласи Қирғизистоннинг Ўш вилояти билан чегарадош ҳудуддаги қишлоқлардан бири.

Мазкур маҳалла фуқаролар йиғини посбонлари сардори Ҳусанбой Йўлдошев “Жасорат” медали билан тақдирланди. Маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Салимахон Акбарова маҳалладоши ютуғидан қувонишини айта туриб¸ ўзи ва маҳалладошларининг ўшлик қочқинларни қандай кутиб олишганини ҳикоя қилади

- Қабул қилиб ўзимиз лагерларда кейин боғчаларга¸ нималарга чиқарганмиз. Одамларнинг кириб келиши¸ уларнинг кўзларидаги ғам-ташвиш¸ қувонганидан ҳам йиғлашиб кириб келишган. “Ислом Каримов эл учун¸ халқ учун шунақа меҳрибон одамми” деб йиғлаб ҳам кириб келишган. “Йиғламанглар. Худо хоҳласа¸ бу ëғи тинчлик бўлади” деб юпатганмиз. Одамларнинг кўпи йиғлаб кириб келган.

Худога ниҳоятда кўп шукурларни келтирдим. Чегарада бўлсам ҳам шунақа тинч давлатда яшаëтганимга шукроналар келтирдим. Дастлаб маҳаллаларга ҳам ҳалигилар ўтганда¸ чанқаганда энди у одамлар ниҳоятда¸ хонадонлардан сувларни¸ чойларни олиб чиқиб хонадонларга ҳам киритганмиз. Улар ниҳоятда оғир аҳволда ўтганда. Кун ҳам иссиқ бўлган. Чанқаган¸ қорни очганлари ҳам бўлганда. Дарров ўзларига келтириб¸ чойни бериб¸ сувни бериб “бу ерга ўтиригнлар” деб қўлига нон ушатганмиз, дея эсга олади қочқинларга кўмак берган “Қашқар”маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Салимахон Акбарова.

Жалолқудуқнинг “Ёрқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини чегара посбонлари сардори Баҳодир Ташматов президент фармони билан “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди. Баҳодир ака ўзбек-қирғиз чегарасида 11 июн куни гувоҳ бўлгани манзарани ҳеч қачон ëддан чиқармаслигини айтади:

-11 июн куни эрта тонгда бошлашган. Шу билан биз маҳалланинг тинчлигини сақлаш ҳолатини бошладик. Маҳаллага “ўз нимангларча бир нима қилманглар” деб тушунтириб¸ агитациялар юргизиб посбонларни постларга чиқариб юбордим. Шу ҳолатда биз ҳаракатни бошладик. Нима ҳолат бўлаëтган бўлса¸ кечки пайт ўтказиш бошланди.

Озодлик
: Ўша пайтдан эсингизда энг қаттиқ қолган нарса нима бўлди?

- Инсонларнинг¸ аëлларнинг ва болаларнинг қийинчилик кўраëтгани¸ оломоннинг оëғи тагида қолиб кетаëтганлиги¸ уларга ëрдам бериш нимаси. Битта аëл бор эди. Исми эсимда қолмади. “17 яшар боламни отиб қўйди. Оиламни отиб кетди” деган эди. Баҳромжон деган бир бола бор экан. “Фарзандларимиз¸ болаларим¸ аëлларим мана шу ҳолга тушмасин. Бунақа нарсалар кўрмайлик” деган нима бўлди ўзимда, дейди Баҳодир ака.

Посбонлар сардори бунга қадар Фарғонадаги ўзбек-турк можаросининг ҳам гувоҳи бўлганлигини айтади.

- Ўшда бўлган нарса ваҳшиëна нарса. Биз уни кўрдик¸ билдик. Қочоқларнинг мана қариндошлари келди. Ҳолатларни билдик. Ëш гўдакларни ўлдириб осиб қўйган. Бу ваҳшиëна бўлган. Кўзлардан ëшларимиз чиқиб кетдию. Ҳалиги болаларнинг азоб чекаëтганини кўрсангиз. Албатта¸ биз мукофот учун ҳаракат қилмаганмиз. Президентимизми¸ халқимизми¸ маҳалламизми шунга лойиқ кўришган экан¸ нима ҳам деймиз энди. Биз мукофот учун ҳаракат қилмаганмиз. Мукофот бўлмаса ҳам биз шундай ҳаракат қилаверамиз, дейди "Ёрқишлоқ" маҳалла фуқаролар йиғини чегара посбонлари сардори, эндиликда “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби Баҳодир Ташматов.

Ўзбекистон президенти ебрган медалу орденларга соҳиб бўлганлар орасида Андижон вилоят Ички ишлар бошқармаси, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам бор¸ бироқ улар мавжуд анъанага кўра¸ Озодлик билан суҳбатлашишни истамадилар.

10 июн куни Ўшда бошланган қирғиндан қочган 100 мингдан ошиқ қирғизистонлик ўзбеклар бир неча кун ичида Андижон вилоятида қад ростлаган қочқинлар лагеридан бошпана топган ва халқаро оммавий ахборот воситалари¸ шунингдек халқаро ëрдам ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг қочқинлар учун яратиб берган шарт-шароитларини юқори баҳолаган эди.




(YouTube.com сайтидан олинган ва муаллифи Озодликка маълум бўлмаган бу видеолавҳада 12 июн куни Ўш ва Жалолободдаги қирғиндан қочиб Ўзбекистонга ўтаëтган ўн минглаб қочқинлар акс этган.)

Аммо орадан 10 кунча вақт ўтиб¸ Ўзбекистон ҳукумати бу қочқинларни оммавий тарзда ватанига қайтара бошлади ва бу жараëн танқидларга сабаб бўлмай қолмади.

30 июнга келиб нафақат қочқинлар лагеридан бошпана топганлар¸ балки Ўзбекистон касалахоналарида даволанаëтган Ўш ва жалолободлик ўзбеклар ҳам Қирғизистонга қайтарилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG