Линклар

"Миллий маориф ва таълим жар ëқасига келиб қолган"

  • Садриддин Ашур

Маориф ва таълим тизимини ичдан емираëтган асосий омил иқтисодий вазият ва мамлакатдаги коррупцияга бориб тақалади¸ деган фикрда кузатувчилар.

Маориф ва таълим тизимини ичдан емираëтган асосий омил иқтисодий вазият ва мамлакатдаги коррупцияга бориб тақалади¸ деган фикрда кузатувчилар.

“Ўзбекистондаги таълим тизими аҳволи некбинликка мутлақ асос бермайди!” дейилади айни соҳадаги вазиятни махсус тадқиқ қилган “Веритас” ёш ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати баëнотида. Ўзбекистондаги ўқитувчи ва домлаларнинг бу вазиятга оид қараши эса¸ бунданда тушкунроқ.


Агар Ўзбекистонда 1970 йилда 12 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 28 миллионга етди - кейинги 38 йил мобайнида Ўзбекистон аҳолиси 16 миллионга кўпайди. “Веритас” ҳаракати хулосасига кўра, айни пайтда аҳолининг яқин 70 фоизини ёшлар ташкил қилишини инобатга олинадиган бўлса, демак Ўзбекистондаги ҳозирги таълим тизими ҳам жиддий ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолди.

Ўзбекистон мактабларининг тўла 9 йиллик таълимга ўтказилганига уч йил бўлди. Мактаб битирувчиларининг ўқишни лицей ёки коллежларда давом эттириши мажбурий қилиб қўйилди. Ўзбекистонда ҳар йили минглаб ўқувчи академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида унумли таълим олаётгани ҳақида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида жуда кўп гапирилади. Бироқ оддий ўқитувчилар бу мақтовларнинг таги пуч эканлигини, аслида маориф ва таълим сифати жуда пасайиб кетганлигини айтадилар.

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ўқитувчилик қилаётган Сайфулла ака фикрича, аслида мамлакат таълим тизимининг келажаги порлоқ эканлигига ишонса бўлади, бироқ...

- Борликка бор оптимизм¸ бор. Ўқийман деса¸ мактабларда шароит жуда ҳам яхши. Ҳозир янги мактаблар қурилган¸ хоналар ҳаммаси компютерлаштирилган. Ўқийман деган болага имконият кўп. Болаларнинг ўзида ўқишга бўлган эҳтиëж жуда ҳам кам¸ дейди Сайфулла ака.

Ўқитувчи таълим тизимидаги муаммолардан бири - болаларнинг маърифатга қизиқиши сусайиб кетганлигини айтди. Хўш, нега шундай?

- Ҳозирги ëшлар ўқишга жуда ҳам қизиқмайди. Чунки ўқишга киришнинг ҳаммаси¸ биласиз¸ пул билан бўлади. Болалар “Эртага барибир дадам киргизади¸ ўқийман” деган мақсадда юради. Ҳозир отасининг пули бўлса кирадида. Ўқишнинг ҳаммаси пул. Камбағалнинг боласи кириши мумкин. Битта-яримта ўтиб кетиши мумкин. Лекин жуда ҳам қийин. Битиргандан кейин иш топиш ундан ҳам қийин¸ дейди нурободлик ўқитувчи Сайфулла ака.

Туманларда қурилган ҳашаматли касб-ҳунар коллежлари ҳам аслида таълим тизимидаги муаммоларни ҳал қила олмади, дейди самарқандлик ўқитувчи Боймурод.

- Коллежлар қурилаяпти¸ тўғри. Бу телевизорда. Бу матбуотда бор нарса¸ лекин амалда йўқ. Битта-иккита нарсани олиб бориб тайëрлайди булар¸ кўрсатади. Мен масалан¸ коллежларнинг кўпини биламан. Бизнинг районда ҳам учта-тўртта коллеж бор. Ҳаммасини биламанда. Булар коллежда ундай бўлаяпти¸ бундай бўлаяпти дейди. Коллежни битирган билан иш йўқ. Телевизорда бошқа гап¸ амалда бошқа гап¸ дейди самарқандлик Боймурод.

Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирида ўқитувчилик қилаётган бу домланинг сўзларига кўра, лицей ва коллежлардан сўнг олий ўқув юртларига ҳужжат топшираётган болаларнинг саводлилик даражаси собиқ иттифоқ даврига нисбатан жуда ҳам пасайиб кетди:

- Энди коллежлардан¸ академик лицейлардан олий ўқув юртларига кираëтган талабаларнинг билим даражаси ëмон тушиб кетган. Талабга жавоб бермайдида. Таълим системасини ислоҳ қилиш керак. 1997 йилда қабул қилинган уч босқичли деган. Нечанчи босқичда эканлигини Худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳаммаси қуруқ гаплар¸ мақтов гаплар. “Биз замонавий ëшларни тарбиялаяпмиз. Ëшларимизнинг келажаги зўр”. Бу гапларга ишонмайман мен. Болаларнинг билим даражаси ўта паст. Биз савол-жавоб қилиб кўрамиз.

Яқинда битта домламиз айтиб берди. Имтиҳонда болаларни савол-жавоб қилиб кўраяпти. Бунга жуда кўпчилик гувоҳ. Ҳалиги талабадан ўқув ишлари проректори “Ўзбекистоннинг буюк алломаларини айтиб беринг” деб сўраяпти. У талаба буюк алломаларга Ўзбекистон собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматовни айтаяпти. Ëки бўлмаса вилоят ҳокимини айтаяпти. Болаларнинг дунëқараши қай даражага келиб қолганини тушунаяпсизми? дейди домла.

У Ўзбекистонда таълим тизимини жиддий ислоҳот қилишни ва бу ишни ўрта мактаблардан бошлаш кераклигини айтади:

- Биринчи навбатда, мактаб ўқитувчиларининг ойлик даражасини кўтариш керак. Кўтарганда ҳам, жуда катта миқдорда кўтариш керак. Мактаб ўқитувчиси фақат илм билан шуғулланиши керак¸ фақат таълим билан шуғулланиши керак. Умрини шунга бағишлаши керак. Ҳозирги мактаб ўқитувчилари қай аҳволга туширилган? Ўқитувчилар номига дарсга киради¸ ўзининг устида ишламайди. Менинг билишимча¸ мактабда маълум бир фоиз эркак ўқитувчилар қолган бўлса¸ ўша эркак ўқитувчилар ҳам, дейлик ичкиликка берилиб кетган. Бефарқ бўлиб қолган ҳаëтга¸ бефарқ. Мана шундай даражага туширилган. Шаҳарларда ҳам ўқитувчилар савдога берилиб кетиб қолган. Қандай қилиб бўлса ҳам ҳаëтини ўтказаса бўлди. Миллат тақдири¸ юрт тақдири қизиқтирмайди. Шунақа ҳолатга тушиб қолганмиз биз. Бу ҳолатдан чиқиш керак¸ дейди домла.

Ва ниҳоят талабанинг етук билим оладиган маскани олий ўқув юртлари ҳам ислоҳотга тортилиши лозим, деб қўшимча қилади бу суҳбатдош.

- Олий таълим тизимида ҳам ўқитувчиларнинг ойлиги кам бўлгандан кейин мақсади пул ишлаш¸ талабалардан пора олиш. Талабанинг билими ўқитувчиларни кўп ҳам қизиқтиравермайди. Мен ўзим ишлаëтган олий таълим системасидан келиб чиқиб айтаяпманки¸ Ўзбекистоннинг ҳамма олий ўқув юртларида шундай. Битирув малакавий ишини талабанинг ўзи ëзиши керак. Лекин уни талаба ëзмайди. Уни домлалар маълум бир пул эвазига ëзиб беради. Талаба китоб ўқийдими йўқми¸ домлаларни бу нарса қизиқтирмайди¸ дейди домла.

Унинг айтишича¸ ҳозир олий ўқув юртининг оддий ўқитувчиси 220.000-300.000 сўм( 101-138 доллар), фан номзоди 300.000-360.000сўм (138-165 доллар) ва профессор, фан докторлари 370.000-500.000 сўм (170-230 доллар) маош олади.

Домла фикрича, агар Ўзбекистондаги таълим тизимининг аҳволи шундай ҳолатда қолаверса, бу тизимнинг келажаги порлоқ бўлишига сираям ишонч йўқ:

- Бу бошқарувда¸ бу системада ишонч йўқ. Буни очиқ айтиш керак. Ўзгартирилмаса бўлмайдиган ҳолат. 10-15 йил шу аҳволда давом этадиган бўлса¸ миллат ҳам¸ халқ ҳам фожиага етиб боради. Бу кўриниб турган нарса. Буни кўр одам ҳам кўриб турибди¸ дейди Ўзбекистон олий ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG