Линклар

Мирзо Зиёев ўғиллари узоқ муддатга қамалди

  • Гулнора Равшан

90-йиллардаги машҳур дала қўмондони Мирзо Зиëев сўнгра Имомали Раҳмон томонидан мамлакатдаги юқори лавозимларга тайинланган эди.

90-йиллардаги машҳур дала қўмондони Мирзо Зиëев сўнгра Имомали Раҳмон томонидан мамлакатдаги юқори лавозимларга тайинланган эди.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг собиқ раҳбари Мирзо Зиëевнинг ўғиллари ўтган йил ёзида Тавилдарада содир этилган тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб¸ Олий суд ҳукми билан 28 ва 30 йилга озодликдан маҳрум этилди.



Тожикистон Фавқулотда ҳолатлар собиқ вазири, ўтган йил ёзида Тавилдарада отиб ўлдирилган Мирзо Зиёевнинг ўғиллари 23 ёшли Саидаҳмад ва 26 ёшли Муҳаммадризо Зиёевлар устидан суд жараёни мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитасига тегишли вақтинчалик сақлаш изоляторида, мутлақ махфий тарзда ўтказилган.

Олий суд иккала айбланувчи устидан ҳукмни жорий йилнинг 26 июнида ўқиб эшиттирган эса-да, жамоатчилик бу воқеадан ўн кун ўтибгина хабар топди.

Бири 28 ва яна бошқаси 30 йиллик қамоқ жазоси олган Зиёевлар отаси Мирзо Зиёев ва унинг шериги Неъмат Азизовнинг ўтган йил июн ойида Тавилдарада содир этган ҳаракатлари ортидан очилган жиноят иши бўйича жавобгарликка тортилган эди.

Мирзо Зиёев ва Неъмат Азизовлар эса¸ зўравонлик воситасида давлат тўнтариш уюштиришга уриниш, ноқонуний қурол-аслаҳа сақлаганлик, наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғулланганлик ва уюшган жиноий гуруҳ тузганлик каби оғир жиноятларда айбланган эдилар.

Бу маълумотлар Тожикистон Олий судининг матбуот хизмати масъуллари томонидан тасдиқланди. Бироқ улар Мирзо Зиёев ўғиллари иши билан боғлиқ тўла тафсилотлардан тийилишини айтишди.

Тавилдарадаги воқеалар муносабати билан очилган жиноят иши бўйича Мирзо Зиëевнинг ўғиллари баробарида икки Россия фуқароси ҳамда Мирзо Зиёевнинг қариндошларидан иборат каттагина гуруҳ, жами 49 нафар одам турли муддатларга қамалган. Бу маълумотларни Тавилдарадаги манба тасдиқланди.

- Қамалганлар орасида Мирзо Зиеёвнинг акаси шайх Абдусамат, қуролдошлари, яқинларидан бири шайх Муҳсиддин ва тахминан учта қишлоқдан бўлган ўнлаб қариндош-уруғи ва уларнинг ўғиллари ва яна икки нафар россиялик фуқаро бор, дейди Тавилдаранинг Ҳафтчароғ қишлоқ фуқароси Маҳмад.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси расмийси Ҳикматулло Сайфуллозода фикрича, марҳум Мирзо Зиёевнинг ўғиллари ва унинг қариндошларини узоқ муддатларга қамоққа ташлашдан мамлакатдаги айрим сиёсий доиралар манфаатдордир.

- Бу айрим сиёсий доиралар манфаатлари кўзланган бир ўйин эди. Улар ўз режаларини шу йўл билан амалга оширдилар. Гарчи қўлга олинганлар орасида гуноҳсизлар бўлса-да, бироқ улар озод этилмадилар, балки ноҳақ қамалдилар. Негаки¸ агар уларни суд залидан озод қилишганида эди, бошқаларнинг ҳам гуноҳсизлиги исботланган бўлур эди. Ўша манфаатдор доиралар шундан чўчишди, дейди Ислом уйғониш партияси масъули Сайфуллозода.

“Асл воқеликдан хабари йўқ ҳукуматдаги доиралар ҳақни ҳақсиздан ажрата билмаслик йўли билан Тожикистондаги барқарорликни сақлаб қолмоқчи бўлса¸ катта хатога йўл қўяди”¸ деб давом этади Сайфуллазода.

- Худо кўрсатмасин¸ бундай адолатсиз ҳукмлар ва шу тартибда иш юритиш давом этаверса, тожик жамиятидаги барқарорликнинг яна издан чиқиш эҳтимоли йўқ эмас. Бизнинг мамлакатимиз қайси ҳолда эканини унутмайлик. Жанубимиздаги Афғонистон, шимолу шарқимиздаги Қирғизистондаги сиёсий вазият беқарорлиги ва яна Хитой, Россия ва бошқа шу каби йирик давлатларнинг ўз манфаатлари йўлидаги ўйинларини ҳам эсдан чиқармайлик. Улар жамиятдаги норозиликдан усталик билан фо йдаланмаслигига ким кафолат бера олади?, дея савол ташлайди Сайфуллозода Озодлик билан суҳбат давомида.

Ўтган йил мамлакат шарқида жойлашган Тавилдарада расман “Кўкнор 2009” деб номланган амалиëт доирасида ҳукумат кучлари ва Мирзо Зиёев тарафдорларидан бўлган Неъмат Азизов ўртасида тўқнашув юз берган ва ҳукумат даъвосича¸ 11 нафар хорижлик жанггари, жумладан Ўзбекистон исломий ҳаракатининг 8 аъзоси қўлга олинган эди.

Бироқ улар устидан олиб борилган тергов натижалари ёки суд ҳукми борасида ҳанузгача жамоатчиликка бирор маълумот берилмай келинади.
XS
SM
MD
LG