Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:39

Қирғизистондаги вазият Европа парламенти йиғини кун тартибида


Европа парламентининг бугун ўтказадиган йиғинида Қирғизистондаги вазият ҳам муҳокама қилинади.

Европа иттифоқининг ташқи алоқалар ва хавфсизлик масалалари бўйича масъули Кэтрин Эштоннинг билдиришича, парламентда Қирғизистондаги конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича яқинда ўтказилган референдум натижалари ва мамлакатдаги бугунги вазият кўриб чиқилади.

Эштон Қирғизистон ҳукуматини октябр ойига белгиланган парламент сайловларини эътироф этилган халқаро меъёрлар асосида ўтказишга чақирди.

Аввалроқ, Қирғизистон ҳукумати мамлакатда янги зўравонликларнинг олдини олиш учун Европа иттифоқидан мамлакат жанубига тинчликни сақлаш кучларини юборишини сўраган эди.

Иттифоқ расмийлари Қирғизистон томонининг сўровини кўриб чиқиши ва расмий Бишкекка ёрдам масаласи шу ой охирида ташкилотга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг йиғинида муҳокама этишини билдирди.

Ўтган ой Қирғизистон жанубида рўй берган зўравонликларда расмий ҳисоб-китобга кўра¸ юзлаб киши ҳаётдан кўз юмди. Қирғизистон Соғликни сақлаш вазирлиги қонли ҳодисалар туфайли ҳалок бўлганлар сони 309 га етганини хабар қилди.

Бироқ мустақил кузатувчилар аксари маҳаллий ўзбеклар бўлган ҳаётдан кўз юмганлар сонининг расман эълон қилинганидан ўн баравар кўп бўлиши мумкинлигини билдирганлар.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси ўз баёнотида Бишкек ҳукуматини этник келиб чиқишидан қатъий назар, барча фуқароларга нисбатан адолатли муносабатни таъминлашга ва ярашув жараёнини қўллаб-қувватлашга чақирди.
XS
SM
MD
LG