Линклар

Россия АҚШ билан жосус алмаштириш ниятида


Россия ҳукумати Ғарб давлатлари фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, мамлакатда қамалган олимни АҚШ да қўлга олинган жосуслардан бирига алмаштириш ниятида.

Ядровий қуроллар бўйича таниқли экспертлардан бири саналган Игор Сутягин Россия прокурорлари томонидан маxфий ҳарбий ахборотни Буюк Британияда бўлган, аммо, АҚШ Марказий Разведка бошқармасига хизмат қилган фирмалардан бирига берганликда айбланган эди.

2004 йилда 15 йилга озодликдан маҳрум этилган олимнинг адвокати Анна Ставицкая Россия томони Сутягинни ўтган ой АҚШ да қўлга олинган жосуслардан бирига алмаштириш истагида эканини айтди.

Ставицкаяга кўра, Россия томони жосуслар алмашинувини пайшанба куни амалга оширишни кўзламоқда. Аммо адвокат Сутягинни АҚШ қўлга олган жосуслардан қай бирига алмаштиришмоқчи эканидан хабари йўқлигини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, алмаштириш учун Сутягин Британияга жўнатилади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Сутягиннинг жазо ўтаётган Архангелск области қамоқхонасидан аллақачон Москвага олиб келинганини айтмоқда.

АҚШ Федерал тергов бюроси ўтган ой Россиянинг 10 нафар жосуси қўлга олингани, улар 1990 йиллардан буён АҚШда туриб, Россия Ташқи разведка хизматига ишлаганликда айбланаётганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG