Линклар

logo-print

Саккизоëқ Паул башорати яна тўғри бўлиб чиқди


Саккизоëқ Паулнинг башорати тўғри чиқса¸ Испания жамоасини 7 июл куни яна бир ғалаба кутиб турибди.

Саккизоëқ Паулнинг башорати тўғри чиқса¸ Испания жамоасини 7 июл куни яна бир ғалаба кутиб турибди.

Германиялик футбол ишқибозларини жиддий хавотирга солган обернхаузенлик машҳур фолбин-саккизоёқ Паулнинг Испания қутисидан егулик танлагани яна аломат бўлиб чиқди - Германия терма жамоаси жаҳон чемпионатининг ярим-финалида Испаниядан мағлубиятга учради.



Германиянинг Обернхаузен шаҳрида жойлашган Sea Life Aquarium океанариуми ходимлари ўйлаб топган шоу сўнгги пайтларда кўпчиликнинг эътиборини қозонмоқда.

Жанубий Африкада футбол бўйича 2010 йилги жаҳон биринчилигидаги ҳар бир ўйин бошланишидан бир кун олдин саккизоёқ олдига иккита қути қўйилади: дейлик қутилардан бирига Германия байроғи¸ иккинчисига рақиб жамоа байроғи ёпиштирилган. Паул исмли денгиз махлуқи қутилардан қайси биридан мидияларни танласа, ўшаниси ғолиб бўлади¸ деб тахмин қилинади.

Шу тариқа Паул немис жамоасининг барча ўйинларини бехато топди - у Германиянинг Сербиядан мағлубиятга учрашини ҳам¸ жамоанинг Англия ҳамда Аргентина устидан улкан ғалабасини ҳам.

Германия-Испания ўйини арафасида Аквариум ходимаси Таня Мунциг саккизоёқнинг ҳатти-ҳаракатларидан ҳам ўйиннинг қандай кечишини башорат қилиш мумкинлигини гапиради:

- Паулнинг шошилмасдан егуликни танлашидан биз ўйиннинг нечоғли мунозарасиз ëки оғир кечишини ва ғолиб қўшимча вақтда ёки пеналтида аниқланишини тахмин қиламиз, дейди Обернхаузен океанариуми ходимаси Таня Мунциг.

Саккизоёқли башоратчининг башоратларига қарамасдан 7 июл куни ўйин арафасида аксар германияликлар Паулнинг хато қилганига ишонишмоқда. Германиянинг Россиядаги вице-консули жаноб Маркус Штадтхаус ҳам Паулнинг фолбинлигига ишонмаслигини айтади ва буни шундай изоҳларди:

- Мен учун Паулнинг башорати тўғри-нотўғрилигини башорат қилиш қийин, чунки мен фолбин эмасман. Лекин мен бунга ишонмайман. Менинг шахсий фикрим: Германия ғалаба қозонади, чунки мен Германия терма жамоасининг ўйинларини кўриб шундай хулоса қилдим. 2:0 Германия фойдасига, дея Озодликка ўз башоратини тақдим этди Германиянинг Россиядаги вице-консули Маркус Штадтхаус.

Айни шундай¸ испаниялик мухлислар Паулнинг башоратларига умуман ишонмасликларини айтсаларда¸ улар 7 июл куни Испания терма жамоаси Германияни мағлуб этади¸ деган ишончдалар. Бундайлар орасида Россиядаги Испания элчихонаси атташеси Марио Пита Ла Вега ҳам бор:

- Ҳа, албатта мен Испания ғалаба қозонади¸ деб ўйлайман. Лекин кўрамиз... Германия сўнгги ўйинларида жуда кучли футбол намойиш этмоқда. Менимча, ўйин пеналтига етса яхши бўлади, чунки бизда Кассилиас бор. Менинг башоратим: 1-0 Испания фойдасига, дейди Испания элчихонаси атташеси Марио Пита Ла Вега.

Саккизоёқ Паул 2008 йилги Европа чемпионати вақтидаёқ шуҳрат қозонган эди. Ўша чемпионатда у бир маротабагина хатога йўл қўйган.

Паулнинг бу шуҳрати PETA (People for the Ethical Treatment of Animals)- “Жонворларга ахлоқий муносабат тарафдорлари” ташкилоти эътиборини ҳам жалб қилди. Бу ташкилот “Паулга озодлик берилсин!” чақириғи остида халқаро акция бошлади¸ дейди мазкур гуруҳ аъзоси, денгиз биологияси мутахассиси¸ доктор Татьяна Брайнинг:

- Саккизоёқлар¸ дарҳақиқат денгиз ҳайвонлари орасида интеллектуал ҳисобланади. Улар ўта аққли. Уларнинг фолбинлик қобилиятига тўғриси¸ мен ишонмайман. Лекин уларнинг кучли хотира соҳиблари эканлиги турган гап. Бизнинг ташкилотимиз умуман жонворларни тутқунликда сақламасликка чақиради. Паулни эса денгизга қўйиб юбориш керак. Қани худди шу танловни унга топширишсин ва битта қутига "Ҳа¸ Озодлик!"¸ иккинчисига эса¸"Йўқ¸ Аквариум!" деб ëзиб қўйинг - кўрамиз нимани танлар экан¸ дейди денгиз биологияси мутахассиси доктор Татьяна Брайнинг.

Германия ва Испания ўртасидаги ярим-финал баҳси 7 июл куни Тошкент вақти билан соат 23:30 да Жанубий Африка республикасининг Дурбан шаҳрида бошланди ва ўйин Паул башорати ва исған дипломати тахминига мутлақ мос тарзда 1:0 ҳисобида Испания ғалабаси билан якунланди.

Эндиликда Испания терма жамоаси 6 июл куни Уругвай жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб қилган Голландия терма жамоаси билан 11 июл кунги финал ўйинида жаҳон чемпиони мақоми учун куч синашади.
XS
SM
MD
LG