Линклар

logo-print

Тўлейкан Исмаилова Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлди


Тўлейкан Исмаилова¸ Ўш ва Жалолободда қирғиз милицияси ва ҳарбийларининг асосан ўзбекларни нишонга олаëатгани ҳақида очиқ гапирган кам сонли қирғиз фаолларидан биридир.

Тўлейкан Исмаилова¸ Ўш ва Жалолободда қирғиз милицияси ва ҳарбийларининг асосан ўзбекларни нишонга олаëатгани ҳақида очиқ гапирган кам сонли қирғиз фаолларидан биридир.

Кейинги кунларда Қирғизистон жанубидаги хунрезликлар¸ хусусан уларда жорий ҳукуматдаги айрим шахс ва гуруҳларнинг иштирокига оид факт ва далил тўплаш билан шуғулланаëтган ҳуқуқ фаоли тўпланган далилларни асраш мақсадида мамлакатдан чиқиб кетди.


Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Тўлейкан Исмаилова ватанини вақтинча тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида Озодликнинг қирғиз хизматига ўзи хабар қилди:

-Ҳозирги кунда мен инсон ҳуқуқлари ва қийинчиликда қолган одамлар тақдири¸ қолаверса ўзимнинг хавфсизлигимни ўйлаб, Қирғизистонимни тарк этишга қарор қилдим. Мен Қирғизистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдим, мажбур қилишди. Ҳозирги тайинсиз сиёсатчилар кетганидан кейин мен¸ албатта¸ Қирғизистонга яна қайтаман, дея умид билдирди ҳуқуқ фаоли Тўлейкан Исмаилова.

Тўлейкан Исмаилова 13 июндан 30 инга қадар Қирғизистон жанубида ишлагани, у ерда ҳатто тергов изоляторлари, шавқатсиз зачисткалар амалга оширилган Наримон, Шаҳидтепа маҳаллаларида бўлганини айтади. Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ўз қўлида қийноқларга солинган одамларнинг ëзиб олинган суҳбатлари, жиноятлар акс этган фото, видеодалиллар борлигини таъкидлайди.

- Бишкекдаги апрел воқеалари ва Ўшдаги воқеаларга сабабчи бўлган сиёсатчилар борлиги ҳақида далиллар бор, дейди Тўлейкан Исмаилова.

Бишкекдаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” ҳуқуқ фаоли маркази раҳбари Тўлейкан Исмаилова қирғизистонлик яна бир таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдирасулова билан биргаликда Ўш ва Жалолободдаги воқеаларни ўша ердан кузатиб, инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатларидан бонг уриб келаётган эди. Хусусан¸ ҳуқуқ фаоллари Ўш шаҳрига туташ Наримон қишлоғида бўлиб, у ерда қирғиз ҳарбийлари томонидан хўрланган¸ ўлдирилган ва қамоққа олинган ўзбеклар ҳақида маълумот тарқатган эди.

Наримондаги зачистка халқаро матбуот диққатини ўзига жалб қилганидан бир неча кун ўтиб иккала ҳуқуқ фаоли ҳам прокуратурада сўроқ қилинган эди.

Қирғизистон ҳуқуқ идораларининг мамлакат жанубидаги қирғинга оид факт ва далиллар тўплаëтган мустақил ҳуқуқ фаолларига кўрсатаëтган тазйиқидан хавотирга тушган Брюсселдаги “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик” ташкилоти раҳбари Брижит Дуфур Европа иттифоқи раисига мурожаат қилиб¸ ҳуқуқ фаолларини ҳимоя қилиш¸ хусусан жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни озод этиш борасида Бишкек ҳукуматига босим ўтказишни сўради.

Ўш ва Жалолободдаги қирғин¸ хусусан уларда ҳарбийлар қўли борлиги ҳақида ҳужжат-далил йиғишни бошлаган ўзбек жамоасининг таниқли вакили Азимжон Асқаров¸ бир неча ҳафтадан бери Жалолобод ҳибсхонасида қолмоқда ва ҳуқуқ фаолларига кўра¸ қийноққа солинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG