Линклар

Ўзбекистонда “қора маклер”лар фаолияти тақиқланиш арафасида

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотдиси ҳали ҳам примитив даражада¸ дейди маклерларнинг ўзлари.

Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотдиси ҳали ҳам примитив даражада¸ дейди маклерларнинг ўзлари.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Агар мазкур қонун қабул қилинса¸ кўчмас мулк бозоридаги олди-сотди билан фақат тегишли лицензияга эга бўлган риэлторлик ташкилотларигина шуғуллана олади.


Ўзбекистон уй-жой бозорларидаги олди-сотди билан шуғулланадиган “қора маклер”лар, яъни бу иш билан расмий рухсатсиз шуғулланиб келганлар фаолиятига тез орада нуқта қўйиладиган кўринади.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг расмий сайтида ёзилишича, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши риэлторлик фаолияти масалаларини тартибга солувчи самарали зарур ҳуқуқий базани яратишга кўмаклашади ва унинг амалга оширилиши эса бу соҳада етарли даражада малакага эга бўлмаган шахслар йўлига жиддий тўсиқ бўлади.

Тошкентдаги уй-жой бозорида якка тартибда фаолият олиб борадиган маклер Мая опанинг айтишича, бу янги қонун Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги тартибсизликка чек қўяди:

- Яхши бўлади бу. Договор тузилади. Фирмада уже договор бўлиб¸ налог нималарига ҳам яхши бўларди¸ дейди Мая опа.

Мая опа бу янги қонун кучга киргач, маклерлик фаолиятидан тушаётган даромадлар энди давлат хазинасини бойитишини айтади.

Яна бир маклер Жамолиддин фикрича, бу янги қонун, уй сотаётган ёки уй сотиб олаётган фуқароларнинг фирибгарлар қўлида алданиб қолиши олдини олади:

- Энди ҳозир давлат томонидан назоратга олингани олувчи ва сотувчилар кўпроқ тушиб қолмасин¸ деган мақсадда амалга оширилаяпти¸ шекилли. Қаллобларнинг қўлига тушиб қолмасин¸ деган нима бўлаяпти¸ дейди маклер Жамолиддин.

"Ҳозир Тошкентда маклер дегани жуда ҳам кўпайиб кетган, бироқ бу ишга етарли малакаси йўқ бу "ҳаваскорлар"нинг асосий мақсади икки томоннинг ҳам пулини шилиб олишдир" деб давом этади Мая опа:

- Мана мен ўзим давлат ишида анча йиллар ишлаган бўлсам¸ шундан 22 йилида раҳбар бўлиб ишлаганман. Исполкомда 20 йил ишлаб қўйдим. Ижтимоий таъминотда 9 йил ишлаб қўйдим. Ҳозир ўзимнинг расман фирмам бор. Энди ҳозир етганча олиб фаолиятга мана шуни ҳам қўшмоқчиман. Энди айтаяпманку райондан¸ областдан келиб маълумоти борми-йўқми охиригача тушунмайди шу нарсаларни. Мана ҳозир квартира бозорга чиқинг¸ ҳар иккита одамнинг биттаси маклер¸ дейди Мая опа.

Тошкентдаги маклерлардан яна бири Ҳусниддиннинг айтишича, янги қонун қабул қилинишидан қатъий назар, у “қора маклерлар” фаолияти давом этаверади:

- Қаранг¸ битта иморатни бузишдан олдин¸ янгисини беришни ўйлаш керак. Ўша ерда қанча одамлар ишсиз қолиб кетишини ўйлаш керак. Бизда шу нарсани ўйлашмайдида¸ бузиб ташлашади. Ўша ердан нечта оила боқилган¸ нечта оиланинг нимаси кўтарилган. Шунақа нарсалар ўйланмайди. Билмайман қанақа қонунийлаштирилади бу нарса. Қанақа амалга оширилишини мен билмайман. Бир нарса чиқаришдан олдин инструкция чиқиши керак. Қонун чиққандан кейин қонунга яраша инструкция бўлиши керак. Қанақа ишлатилади у¸ налог қанча тўланади¸ қанақа тўланади¸ патент очиладими – бу нарсалар энди¸ қонун чиққандан кейин анча ўтиб инструкциялар чиқади. Агар у ҳам чиқса¸ дейди Ҳусниддин.

Маклер Жамолиддин ҳам “қора маклер”лар фаолияти бундан кейин ҳам давом этишини айтади:

- Қора маклерлар борлиги рост. Қора бозор ҳар доим бўлиб келган¸ бўлса ҳам керак. Ҳозир ҳамма лицензия олиши керак¸ ҳамма давлат рўйхатидан ўтиб ишлаши керак¸ деган қонун чиққанини эшитдим. Энди бу ëмон бўлмаса керак. Буни ҳам қилган қилаверади¸ менимча¸ қора бозор ҳам ëпилиб кетмаса керак. Ўтмаганлар ҳам ўзича ишлайверса керак. Секин-секин тартибга солинса керак. Ҳамма нарса тартибли бўлгани яхшию¸ дейди Жамолиддин.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра¸ ҳозир мамлакат кўчмас мулк бозорида расман рўйхатга олинган 2516 та ташкилот воситачилик хизмати кўрсатади. Бироқ норасмий манбаларга кўра¸ “қора маклер”ларнинг сони бундан бир неча баравар кўпдир.
XS
SM
MD
LG