Линклар

Ўш ва Жалолободда ўзбеклар мулки эгаллаб олинмоқда

  • Сарвар Усмон

Ўш ва Жалолободда эгаси қирғиз бўлган ҳовли ва дўконларга талафот етмади.

Ўш ва Жалолободда эгаси қирғиз бўлган ҳовли ва дўконларга талафот етмади.

Ўш ва жалолободлик ўзбекларнинг бозорлардаги "точка"ларидан тортиб ошхонаю заводигача ўзларини "Қирғизистоннинг ягона эгалари", деб билаётганлар томонидан тортиб олиняпти. Маъмурларнинг бу талончиликдан хабари бору лекин бу хабардорликдан самара кўринмаяпти.



Гапни эгаллаб олинган кафедан бошламоқчимиз. Қизилқишлоқлик Муҳаммадумар ҳикоя қилади.

- Қорасув район Қизилқишлоқ айил ҳукуматига (Айил окмоту – қишлоқ ҳукумати, дегани. Қорасув туманидаги Қизилқишлоқ айил окмоту ҳудуди Ўш шаҳрига туташ – муаллиф) қарашли Бўстон кўчасининг яшовчиси Раимбоев деган йигит Ўш ОблГАИ территориясидан тўрт сўтик ер сотиб олиб ўша ерга бир кафе қурган эди. Тўполондан кейин ўша ерни янги хўжайинлари эгаллаб олишиб¸ бориб майда-чуйда нарсаларимни олиб олай деса ҳам уриб-сўкиб¸ дўқ-пўписа қилиб ҳайдашган. Тўрт кун бурун бўлган¸ дейди Муҳаммадумар.

Суҳбатдошимиз айтаётган Раимбоевнинг ўзи билан боғланишнинг иложи бўлмади. Маълум бўлишича,

- Бугун эрталаб ўша болани Қорасув район Ички ишлар бўлимига олиб кетишибди. Нима мақсадда¸ қандайлиги номаълум¸ дейди қизилқишлоқлик Муҳаммадумар.

Ўшдан олинган яна бир хабарга қараганда, шаҳарнинг тарихий марказидаги Сун Ят Сен кўчасида истиқомат қилувчи ўзбекларнинг уйлари ҳам эгаллаб олинган.

Бу кўчадаги вазият тўғрисида яқин маҳаллалардан бири қўмитаси раисидан маълумот олдик. Унинг айтишича, уйлар эгаллаб олинган, деган хабар ҳақиқатдан узоқроқ, лекин ўзбекларнинг ўз уйларида тинч яшолмаётгани бор гап.

- Сун Ят Сен кўчасида бўлаяпти бу иш. Уйга кириб олмаган қирғизлар. Улар уйига кириб олган ўзбекларни ҳайдаяпти. Биз СНБга ҳам айтдик¸ комендантга ҳам хабар бердик. Улар шу иш бўйича ишлашаяпти¸ чора кўришаяпти.

Озодлик: Маҳаллага киритмаяпти эканми?

- Маҳаллага кирган. Уйнинг эшикларини тақиллатиб сартлар деб сўкиб “Нимага келдинг?” деяпти. А так ўзлари уйга боришга қўрқишганидан киришмаяпти. Бу иш ҳамма структураларга айтилди.

Озодлик: Сизнинг маҳаллангизда уйларни¸ ресторанларни¸ ошхоналарни эгаллаб олиш борми йўқми?

- Бизда ҳамма ўзининг эгаси билан. Фалончаникини эгаллабди¸ деган гап йўқ. Ҳаммаси ўзининг эгаси билан.

Озодлик: Сун Ят Сенда бўлгандай воқеа Ўшнинг яна қаерида бор?

- Аношинада бўлди. Аношина кўчадагилар уже ярашиб киришди яна¸ дейди Ўш шаҳри маҳаллаларидан бири қўмитаси раиси.

Сун Ят Сен кўчасидаги вазият юзасидан изоҳ сўраб Ўш вилоят комендатурасига қўнғироқ қилдик.

Комендант ўринбосари Фаттахов бундай деди:

- Бу кўчада яшайдиганларнинг мулки эгаллаб олинганини тасдиқловчи конкрет фактлар йўқ. Лекин, “эмне учун келдинер, кеткиле”, деган гаплар айтилаётгани бор гап. Биз тергов органларига вазиятни ўрганишни топширдик. Агар керак бўлса, “зачистка” ўтказилади, деди комендант ўринбосари.

Ўзбекларга қарашли мол-мулк ва иш ўринларини эгаллаб олиш, хабарларга қараганда, Жалолобод вилоятида ҳам давом этмоқда.

Ўзларини "республиканинг ягона эгалари", деб ҳисоблаган шахслар ўзбекларнинг бозордаги "точка"сидан тортиб, заводларигача эгаллаб олмоқда.

Мана Жалолобод шаҳридаги аҳвол:

- Мисол учун¸ бозорда точкаси борларнинг жойларини эгаллаб олишиб¸ эгалари чиқмай қўйди эгаллаб олингандан кейин¸ дейди жалолободликлардан бири.

Мана бу эса, вилоятнинг яқинда босқинчилар қуролли ҳужумига учраган, юзлаб ўзбекларнинг уйларига ўт қўйилган Бозорқўрғон туманидан олинган маълумот.

Исмини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берган бозорқўрғонлик гапиради:

- Бозорқўрғонда Қамбаров Абдуқаҳҳор аканинг уйини¸ мол-мулкини¸ шахсий заводини эгаллаб ўтирилибди. Айтишича¸ 100 тонна селитра бор эди. Энди бу сотишгами¸ ўзларига тарқатишгами. Заводнинг қолган тарафларини беш-олтита одам кириб бўлиб олишган.

Озодлик: Қанақа завод эди у?

- Пахта ишлаб чиқарадиган “Олтин камар” деган завод.

Озодлик: Пахта тозалаш заводимиди?

- Ҳа. У кишининг бола-чақаси ҳаммаси ҳозирги кунда Ўзбекистонда. Унга ўхшаган мисоллар ҳам бор. Лекин уларни ҳали тўлалигича нима қила олганимиз йўқ. Бундай нарсалар кўп бўлаяпти¸ дейди бозоқўрғонлик йигит.

Бировларнинг ер участкаларини, мол-мулкни босиб олиш одати Қирғизистонда, асосан, 2005 йил, март инқилобидан кейин пайдо бўлган эди.

Ақаевнинг ўрнига Бакиев келганидан сўнг шу кунда июн тўполонлари учун Қирғизистон ҳукумати асосий айбдор қилиб кўрсатаётган Қодиржон Ботиров мулк ўғриларининг асосий нишонига айланган эди.

Республика Ўзбек миллий маркази вице-президенти, тадбиркор Қодиржон Ботировга қарашли бир неча гектарли ер ва кўпқаватли бино атрофдаги қишлоқларда яшайдиганлар томонидан босиб олинганига мана 3-4 йил бўлиб қолди.

- Қодиржон Ботиров орган одами билан ҳам кириб кўрди. Ҳар қанча ҳаракат қилиб кўрди. Лекин ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳалигача ўшаларнинг қўлида. Яқинда бухгалтерларидан биттаси шикоят қилиб элнинг ичида гапиришаëтган эди. Ҳар бири 15 минг сўмлик плиталарни босган одамлар майдалашиб ичидаги арматурасини олишиб қандайдир бозорларга олиб бориб сотишаяпти экан.

Озодлик: Плита бўйича сотса бўлмас эканми шуни?

- Яхши бўлардику. Улар лекин шунақа ажойибда. Буларга тушунмадик¸ дейди суҳбатдошларимиздан бири.

Ҳазил қиладиган вазият эмас. Чиндан ҳам тушунмаяпман: ахир тайёр плитани бузиб, ичидаги арматурани суғуришга қанча куч кетади-ю?! Шунинг ўрнига, плита ҳолида сотсалар бўлмайдими? Барибир, мушукларини пишт дейдиган одам йўқ-ку бутун бошли бир мамлакатда?!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG