Линклар

logo-print

Россия АҚШ билан жосус алмашмоқчи


Ҳозирча Сутягин билан айирбошланадиган жосус исми айтилмаëтган бўлса-да¸ кўпчилик бунинг Россия ФСБси офицерининг қизи¸ ҳозирда Ню Йоркда ҳибсда қолаëтган Анна Чапман бўлишини тахмин қилмоқда.

Ҳозирча Сутягин билан айирбошланадиган жосус исми айтилмаëтган бўлса-да¸ кўпчилик бунинг Россия ФСБси офицерининг қизи¸ ҳозирда Ню Йоркда ҳибсда қолаëтган Анна Чапман бўлишини тахмин қилмоқда.

Россия ҳукумати Ғарб давлатлари фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, мамлакатда қамалган олим Игор Сутягинни АҚШ да қўлга олинган жосуслардан бирига алмаштириш ҳаракатида.


Бу ҳақда маълум қилган Сутягиннинг адвокати Анна Ставицкаяга кўра¸ олим 8 июл куни Буюк Британияга жўнатилиши мумкин.

Игор Сутягин Россия прокурорлари томонидан махфий ҳарбий ахборотни Буюк Британияда жойлашган, аммо АҚШ Марказий разведка бошқармасига хизмат қилган ширкатлардан бирига берганликда айбланиб, 2004 йилда 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Россияда озодликдан маҳрум этилган олим Игор Сутягин ядровий қуроллар бўйича таниқли экспертлардан, Россия Фанлар академиясининг АҚШ ва Канада бўйича илмий тадқиқотлар институти етакчи ходимларидан бири эди.

Сутягиннинг оила-аъзолари ҳамда адвокати Анна Ставицкая Россия ҳукумати қамоқдаги олимни ўтган ой АҚШ да қўлга олинган жосуслардан бирига алмаштириш ҳаракатида эканини айтмоқда.

Олимнинг акаси Димитрий Сутягин бу ҳақда Озодлик радиосига шундай деди:

-Унга бир қоғоз беришган. Қоғозда битилган кўпгина пунктлар орасида биттаси — у ҳамма айбни тўлиқ бўйнига олиши ҳақидаги пункт Игорга жуда аҳамиятли кўринган. Аммо бу қоғозни имзоламасликнинг имкони бўлмаган. Шу боис, у ҳозир икки нарса — мана шундай қоғозни имзолаб, айбловни бўйнига олгани ва ўз она юртидан кетишга мажбур бўлаётганидан эзилмоқда, дейди Димитрий Сутягин.

Игор Сутягин устидан суд иши Россияда катта шов-шувларга сабаб бўлган ва “жосуслик иши” дея ном олган илк судловлардан биридир. Унга “очиқ матбуот нашрлари, шунингдек, тергов томонидан аниқланмаган бошқа манбалардан Россия ҳақида давлат сири бўлган таҳлилий маълумотларни тўплаган” мазмунидаги айблов қўйилган эди.

Ўша кездаёқ Россия зиёлилари ва ҳуқуқ фаоллари давлат сирларини билиш имконига мутлақо эга бўлмаган олимга бу қадар мантиқсиз айблов қўйилишига қарши чиққан, буни кескин танқид қилган эди.

Қаттиқ баҳслар ва қаршиликларга қарамасдан олим АҚШ фойдасига жосусликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Сутягиннинг адвокати Анна Ставицкая ҳам ўз ҳимояланувчисини мажбурий равишда АҚШ да қўлга олинган жосусларга алмаштириш ҳаракати бораётганини таъкидлар экан, Игор Сутягин Россия ва дунё жамоатчилигига ўзининг айбсиз эканини етказиб қўйишни қаттиқ илтимос қилганини айтди.

- У ўзига мажбурлаб тиқиштирилган ва тузук-қуруқ ўқиш имкони берилмаган иқрор кўрсатмасини имзолаганига қарамасдан, қўйилган айбловни тан олмаслиги ва ўзини бегуноҳ ҳисоблашини жамоатчиликка етказиб қўйишимни қаттиқ илтимос қилди, дейди адвокат Анна Ставицкая.

Адвокат Сутягин пайшанба куни аввал Венага, у ердан эса Лондонга жўнатилиши мумкинлигини айтар экан, айни пайтда, уни АҚШ қўлга олган жосуслардан қай бирига алмаштирилишидан бехабар эканини айтмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам Сутягин жазо ўтаётган Архангелск области қамоқхонасидан Москвага олиб келинганини айтмоқда.

Россияда Олимларни ҳимоя қилиш жамоатчилик қўмитаси маъсул котиби Эрнст Чёрнийнинг Озодликка айтишича, Сутягиннинг 6 июл куни оқшом Москва шаҳридаги Лефортово тергов изоляторига олиб келингани ҳақида маълумотлар бор.

- Сутягинни Россия учун шундай олимдан кўра зарурроқ бўлган қандайдир одамларга алмаштириш мақсадида Англияга жўнатиш қарори қабул қилинган. Сутягин билан бу борада музокаралар ўтказилган, дея олимнинг яқинлари сўзларини тасдиқлайди Эрнст Чёрний.

Ҳозирга қадар Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати бу хабарларни изоҳлашдан бош тортмоқда. Айни пайтда Сутягиннинг Москва шаҳридаги тергов изоляторларидан бирига олиб келингани расман инкор қилингани ҳам йўқ.

Ўтган ҳафта АҚШ Федерал тергов бюроси ўтган ойда Россиянинг 11 нафар жосуси қўлга олингани, уларнинг 1990 йиллардан буён АҚШдан туриб, Россия Ташқи разведка хизматига ишлаганликда айбланаётганини эълон қилди.

Кейинроқ айбланаётганлардан бири — Хуан Лазаро исмли шахснинг бир неча йиллар давомида жосуслик қилганига иқрор бўлгани, унинг рафиқаси Вики Палез эса 250 минг АҚШ доллари миқдоридаги гаров пули эвазига қўйиб юборилгани эълон қилинди.

Жосус деб гумон қилинаётган бу шахслар АҚШ ҳукуматидаги сиëсий қарор қабул қилувчи доиралар билан алоқа ўрнатишга уринганликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG