Линклар

logo-print

ҲРУ: Ҳарбийларнинг зўравонликдаги иштироки текширилиши керак


Аксар ўшлик ўзбеклар¸ қолаверса халқаро кузатувчилар¸ миллий низога қирғиз ҳарбийларининг муайян гуруҳлари алоқадор эканини айтмоқдалар.

Аксар ўшлик ўзбеклар¸ қолаверса халқаро кузатувчилар¸ миллий низога қирғиз ҳарбийларининг муайян гуруҳлари алоқадор эканини айтмоқдалар.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар юзасидан режаланаётган халқаро тергов жараёнида можаронинг барча жиҳатлари, жумладан ҳукумат кучларининг бундаги роли ҳам тафтиш қилиниши кераклигини таъкидламоқда.


6 июл куни Қирғизистон Ўтиш даври ҳукумати Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеясига мурожаат этиб, мамлакат жанубида расмий ҳисоб-китобга кўра 300 дан зиёд одам ўлимига сабаб бўлган зўравонликлар юзасидан тергов ўтказишни ташкиллаштиришга ёрдам сўради.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ўш ва Жалолободдаги аксар ўзбеклар бир-биридан мустақил тарзда ташкилот вакиллари билан ўтказилган суҳбатларда ҳукумат кучлари ўз маҳаллаларига қарши уюштирилган ҳужумларда иштирок этганини ҳикоя қилиб беришган.

Ташкилот қирғиз хавфсизлик кучларининг ҳужумлардаги бевосита иштироки ҳали аниқламаган бўлса-да, ҳарбий кийимдагилар ва оломоннинг осонлик билан БТРларни қўлга киритгани¸ ҳукуматга қарашли хавфсизлик кучларининг уларни тўхтатишга ҳаракат қилмагани терговнинг асосий нуқталаридан бўлиши кераклигини билдирди.

Айни пайтда¸ Роза Ўтунбаева сўрови юзасидан Европа парламенти депутатлари ҳам Қирғизистондаги вазиятни муҳокама этдилар. Европа кенгашининг Халқаро алоқалар ва хавфсизлик бўйича масъули Кэтрин Эштон ўз чиқишида ЕИ Қирғизистон муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлаган ҳолда бу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, демократик жараёнларни жадаллаштириш ишларига кўмакчи бўлади, деб айтди.

- Хусусан¸ Қирғизистонда ўтказилиши кутилаётган парламент сайловларига тайёргарлик, демократик тизимларни кучайтириш ва миллатлараро ярашув жараёни ҳамда фуқаролик жамияти ташаббусларини қўллаб-қувватлашга бел боғлаганмиз¸ деди Эштон.

Қирғизистонда парламент сайловлари 10 октябр кунига белгиланган. Кэтрин Эштон Бишкек ҳукуматини сайловларини умумэътироф этилган халқаро меъёрлар асосида ўтказишга чақирди.

Ўтган ой Қирғизистон жанубида юзага чиққан миллий асосдаги зўравонликларда юзлаб¸ мустақил кузатувчилар фикрича эса¸ минглаб одам ҳаётдан кўз юмди.

Қирғизистон Ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева мамлакат жанубида қирғиз ва ўзбек жамоалари орасида янги зўравонликлар хавфи ҳамон сақланиб қолаётганини билдирди ва мамлакатда рўй бериши мумкин янги тартибсизликлар олдини олиш учун Европа иттифоқидан мамлакат жанубига тинчликни сақлаш кучларини юборишини сўради.

- Хавфсизлик ва бунда ЕИнинг иштироки масаласига келсак, биз бу борада БМТ ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан сўзлашувлар олиб бораяпмиз, бошқа таклифлар, жумладан ЕХҲТнинг полиция кучларини ишга солиш таклифини ҳам ўрганиб чиқяпмиз¸ деди Европа кенгашининг Халқаро алоқалар ва хавфсизлик бўйича масъули Кэтрин Эштон.

Қирғизистон Соғликни сақлаш вазирлиги қонли ҳодисалар туфайли ҳалок бўлганлар расмий сони 309 га етганини хабар қилди.

Бироқ мустақил манбалар ҳаётдан кўз юмганлар сони расман эълон қилинганидан ўн баравар кўп бўлиши мумкинлигини айтиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG