Линклар

Рус жосуслари устидан маҳкама жараёни бошланади


АҚШда Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланаётган 10 нафар шахс бугун Ню Йорк маҳкамасига тортилади.


Чоршанба куни АҚШ федерал прокуратураси мазкур шахсларга нисбатан якуний айблов хулосасини эълон қилди. Жосусликдан ташқари, ҳибсга олинган шахслардан 9 нафари пул ювиш операцияларида айбланмоқда.


Чоршанба куни, шунингдек Россия ҳукуматининг Ғарб давлатлари фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, мамлакатда қамалган олим Игор Сутягинни АҚШ да қўлга олинган жосуслардан бирига алмаштириш ҳаракатида экани борасида хабар тарқатилди.


Сўнгги хабарларга кўра, ҳозирги кунда қамоқ жазосини мамлакат шимолида ўтаётган Игор Сутягин аллақачон Москвага олиб келинган.


Яқинда АҚШ Федерал тергов бюроси ўтган ойда Россиянинг 11 нафар жосуси қўлга олингани, уларнинг 1990 йиллардан буён АҚШдан туриб, Россия Ташқи разведка хизматига ишлаганликда айбланаётганини эълон қилди.

Кейинроқ айбланаётганлардан бири — Хуан Лазаро исмли шахснинг бир неча йиллар давомида жосуслик қилганига иқрор бўлгани, унинг рафиқаси Вики Палез эса 250 минг АҚШ доллари миқдоридаги гаров пули эвазига қўйиб юборилгани эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG