Линклар

logo-print

Россияда миллатчилик кайфияти сўнмоқдами?


“СОВА” ахборот-таҳлил маркази Россиядаги ксенофобия тамойилларини тадқиқ қилувчи нуфузли гуруҳ ҳисобланади.

“СОВА” ахборот-таҳлил маркази Россиядаги ксенофобия тамойилларини тадқиқ қилувчи нуфузли гуруҳ ҳисобланади.

“СОВА” ахборот-таҳлил маркази 2010 йилнинг биринчи ярмида Россиядаги радикал миллатчилик вазиятига оид навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот хулосасига кўра¸ Россияда миллатчилик асосида содир этилган жиноятлар сони камайган.


“СОВА” маркази эълон қилган маълумотларига кўра¸ ўтган йилнинг айнан шу даврига нисбатан Россияда миллий нафрат асосида содир этилган жиноятлар сони бироз камайган.

Шундай бўлса-да¸ таҳлилчилар бу борада некбинликдан ҳали анча йироқ. Улар фикрича Россияда миллатчилик ғояларига таянган террорчилик гуруҳларининг фаоллашгани ва “экстремистик фаолият”га қарши кураш ниқоби остида таъқибга учраётган россиялик муҳолифатчилар сони ошаётганига жиддий хавотир манбаи бўлиб қолмоқда.

“СОВА” ахборот-таҳлил маркази ҳисоботига кўра¸ 2010 йилнинг биринчи ярмида миллатчилар тажовузи натижасида Россиянинг 33 минтақасида 19 киши халок бўлган, 146 киши тан жароҳати олган. Жорий йилнинг июн ойида миллатчилар фаоллиги бирмунча сустлашган ва марказ кузатувчилари мамлакат бўйлаб икки маротабагина миллий ва диний асосдаги тажовузни кузатишган, холос.

Кейинги бир йил давомида ксенофобия кайфияти сусайди¸ деган хулоса чиқариш¸ албатта¸ нотўғри, лекин миллий-ирқий нафрат асосида содир этилаётган жиноятлар сонининг камаяётгани бор гап, дейди “СОВА” маркази раҳбари Александр Верховский Озодлик билан суҳбатда:

- Умуман олганда, бизнинг маълумотларимизга кўра, миллий асосда содир этилаётган хуружлар сони камайиб бормоқда ва бу сўзсиз¸ сўнгги пайтда кучайган полиция амалиёти натижасидир. Олиб борилган бир қатор йирик суд жараёнлари ҳам бунга мисол бўла олиши мумкин. Лекин миллатчиларга тазйиқнинг оширилиши уларнинг яширин ҳаракатлари ҳам кучайишига олиб келади: пинҳона янги-янги гуруҳлар тузилиши давом этиши мумкин, дейди “СОВА” маркази раҳбари Александр Верховский.

Айрим мутахассислар фикрича, Россияда радикал миллатчилик гуруҳлари ҳозирда айнан пинҳона фаолиятга ўтмоқда ва секин-аста террорчи ташкилотларга айланиб бормоқда. Бунга милиция ва суд ходимлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатларга қарши уюштирилаётган тажовузкор ҳаракатларнинг кўпаяётгани яққол мисол бўла олади¸ деган фикрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси раҳбари Александр Брод:

- Дарҳақиқат, миллатчи-радикалларнинг муҳожир ва айрим миллат вакилларига тажовузи камайиши кузатилмоқда. Бу ички ишларда содир этилаётган ислоҳотлар билан ҳам боғлиқ. ИИБ таркибида тузилган янги бўлим - экстремизмга қарши кураш департаменти Россия минтақаларида ҳам тақирбош, якка миллатчиларни қўлга олмоқда. Прокуратура ҳам четда тургани йўқ. Аммо радикал миллатчилик Россияда ўзгача шаклга кириб бормоқда. Мен¸ биринчи навбатда¸ террорчилик кайфиятларининг ошиб бораётганини назарда туяпман. Миллатчилар энди нафақат оддий фуқаролар, балки куч ишлатар тизим ходимларига қарши муттасил тазйиқ ўтказишга киришмоқдалар. Бу эса шунчаки террорчилик эмас, балки сиёсий террорчилик, дейди Александр Брод.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси раҳбарининг таъкидлашича, Приморъедаги “партизанлик” уруши каби ҳаракатларнинг аҳоли ўртасида қўллаб-қувватланиши хавфлидир, чунки бу мамлакатда йирик норозилик тўлқинини юзага келтириши мумкин.

Миллий нафрат асосида содир этилаётган жиноятларнинг камайиши Россия ҳукуматининг экстремизмга қарши кураш эълон қилганидан даракми? Сиёсатшунос Владимир Прибыловский бундан шубҳаланаётганини Озодликка билдирди:

- Менда бундай ишонч йўқ. Мен ҳукумат ва турли сиёсий тузилмалар ёшларнинг экстремистик ҳаракатларини ўз манфаатлари йўлида ишлатаётганига ишонаман, холос. Ҳа, ҳозирда бу каби жиноятлар камроқ содир этилмоқда, лекин бу “кейинги йилга улар янада камаяди” дегани эмаску! Камайиш тенденцияга айланиши учун бир неча йил давомида такрорланиши зарур, дейди жаноб Прибыловский.

Жорий йилнинг июн ойида Россия Давлат думаси экстремизмга қарши курашда Федерал хавфсизлик хизмати ваколатларини кенгайтирувчи қонунга ўзгартиришни биринчи ўқишда қабул қилди. Бу қонун лойиҳасини Федерация кенгашининг Ҳуқуқ ва суд масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Михаил Капуранинг ҳам қўллаб-қувватлагани хабар қилинмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса бу қонуннинг экстремистларга қарши эмас, балки кўча намойишларини уюштирувчиларга, мухолифат намояндаларига қаратилиши мумкинлигидан хавотирда.
XS
SM
MD
LG