Линклар

Украинада ҳибсга олинган ўзбек қочқинлари сони биттага кўпайди


Украина ҳибсхонасида қолаëтган ўзбекистонлик қочқинларнинг учтага етгани айтилмоқда.

Украина ҳибсхонасида қолаëтган ўзбекистонлик қочқинларнинг учтага етгани айтилмоқда.

Қочқинлар иши бўйича Украина кенгаши ҳамда Xалқаро Амнистия ташкилоти Украинада сўнгги кунларда ўзбекистонлик қочқинларни ҳибсга олиш ҳолларининг кўпайгани муносабати билан хавотир изҳор қилди.


Айни пайтда Украина ҳибсхоналарига ташланган ўзбекистонлик қочқинлар сони уч нафарга етди. Диний эътиқоди учун таъқибга учраб¸ Украинада учинчи давлатдан сиëсий қочқинлик мақоми олишни кутиб яшаган бу фуқароларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи бор, дейишмоқда ҳуқуқ фаоллари.

Украиналик ҳуқуқ фаоллари қисқа муддат ичида Ўзбекистонлик қочқинлардан уч нафарининг қўлга олинганидан хавотирга тушмоқда.

Қочқинлар иши бўйича Украина кенгаши координатори Евгения Мелеш Озодлик билан суҳбатда ўз ташкилоти хавотирини баён этади:

- Шунча қисқа муддатда “Ўзбекистон хукумати томонидан қидирувда” деган асосда ҳибсга олинганлар сонининг ошаëтгани Қочқинлар иши бўйича Украина кенгашида қўрқув пайдо этмоқда. Чунки қолган қочқинлар ҳам айни асосда исталган пайтда қўлга олиниши мумкин¸ деди украиналик ҳуқуқ фаоли Евгения Мелеш.

Украинадаги “Ижтимоий ҳаракат” марказининг “Чегарасиз” лойиҳаси раҳбари Максим Буткевич ҳибсга олинган ўзбекистонликларга оид тафсилотларни тилга олади:

- Қосим Дадахонов ҳибсга олинганидан сўнг, яна бир неча воқеалар бўлдики, улар бизнинг хавотиримизни тасдиқлади. 1 июл куни Ўзбекистондан келиб, бу ерда қочқинлик мақомига топширган Алишер Хидиров ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирилган. Уни уйидан топиша олмай, оила-аъзоларини ҳақорат қилиб, барибир уни топишларини айтишган. Ундан ташқари, 2 июл куни Киевда яна бир ўзбекистонлик Шодилбек Соибжоновни ҳибсга олишган. Сўнг шаҳар Ички ишлар бўлимига келиши ҳақида повестка бериб, қўйиб юборишган. Бироқ 6 июл куни Соибжоновни яна ҳибсга олишган. Айни пайтда у ҳибсда сақланаётган учинчи ўзбекистонлик қочқиндир, дейди “Чегарасиз” лойиҳаси раҳбари ҳуқуқ фаоли, журналист Максим Буткевич.

Ҳуқуқ фаолининг билдиришича¸ Ўзбекистон прокуратураси учала қочқинни Ўзбекистон Жиноий кодексининг 244-моддасининг 1 ва 2-бандлари бўйича¸ яъни диний-экстремистик гуруҳлар тузиш ëки уларга аъзолик¸ шунингдек 159-модда¸ яъни Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганликда айбламоқда. Ҳуқуқ фаоллари эса¸ уларнинг Тошкент ҳукуматига маъқул келмаган диний ва сиëсий қарашлари учун таъқибга учраган фуқаролар эканини айтмоқда.

Украина Бош прокуратураси матбуот котиби Юрий Бойченко Озодлик билан суҳбатда бу ҳолат бўйича айни пайтда аниқ маълумот бера олмаслигини айтиб, қочқинлик мақоми олишга мурожаат қилган хориж фуқаросини экстрадиция қилиш узоқ вақт олишини таъкидлаб ўтди.

- Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу фуқароларга нисбатан ҳақиқатан жиноий иш қўзғатилганлигини исботловчи ҳужжатларни тақдим этишлари лозим. Ундан ташқари, Интерпол томонидан бу фуқаролар қидирувда бўлиши лозим. Шунда ҳам экстрадиция қилиш масаласи бир неча йилга чўзилиши мумкин. Чунки иккала томон - ҳам ҳибсдаги фуқаро¸ ҳам Ўзбекистон томони ўзининг ҳақлигини исботлаши лозим. Унга қадар бу фуқаролар ҳеч қаерга экстрадиция қилиниши мумкин эмас, деди Украина Бош прокуратураси матбуот котиби Юрий Бойченко.

Украина 2006 йили Қримдан бошпана сўраб мурожаат қилган 10 нафар Ўзбекистон фуқаросини Ўзбекистонга депортация қилган эди. Бу депортация ҳалқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг жиддий эътирозига сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG