Линклар

Брюсселда Ўш қирғини бўйича матбуот анжумани бўлди


Ўзбек фаоллари Брюсселда тақдим этган далилларнинг аксариятида қирғиз ҳарбийларининг миллий низога аралашганини кўрсатувчи фото ва видеотасвирлардир.

Ўзбек фаоллари Брюсселда тақдим этган далилларнинг аксариятида қирғиз ҳарбийларининг миллий низога аралашганини кўрсатувчи фото ва видеотасвирлардир.

Ўзбек фаоллари Брюсселда ўтказган бу анжуманда Ўш қирғинига оид янги далиллар Европа жамоатчилигига тақдим этилди.


Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари 1 июл кунидан бошлаб Европа иттифоқи президентлигини ўз қўлига олган Белгия пойтахтида Европа жамоатчилиги вакиллари учун махсус анжуман ўтказар экан¸ бу билан Қирғизистон жанубида юзага чиққан миллий низонинг асл манзарасини гавдалантириш ва Европа сиëсатчиларининг ўз ҳатти-ҳаракатларида ана шу ҳақиқатни инобатга олишга ундашни мақсад қилганлар.

Айни кунларда Брюсселда қолаëтган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова, 7 июл кунги матбуот анжуманида Европа оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳуқуқ ташкилотлари намояндаларига Ўш ва Жалолобод қирғинига оид инкор қилиб бўлмас ҳужжат-далиллар тақдим этилганини айтади:

-16 июн куни Андижон районида жойлашган қочқинлар лагерига бора олдим ва 26 дан ошиқ қочқинлар билан гаплаша олдим. Уларнинг берган маълумотларини ëзиб олдим. Булар қирғиз ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ëзилган видеотасмани қўлимга бериб¸ ана шуни халқаро ташкилотларга бериш ва албатта¸ халқаро текширувни амалга оширишда бу жуда катта аҳамиятли бўлиши мумкин¸ деган илтимосни қилишди. Ана шу илтимосни бажариш учун Европага келдим. Бундан ташқари жуда кўп суҳбатлар¸ жуда катта рақамлар¸ жуда катта фактлар бор. Бу нарсаларнинг халқаро ташкилотларга Қирғизистон томонидан етиб бормаслиги маълум эди. Шунинг учун бу нарсани Европага олиб келиб Европа телевидениесидан эълон қилдик¸ чиқиш қилдик, дейди Ўш қирғини борасида тўпланган маълумотларни Европада матбуот орқали жамиятга тақдим этган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Васила Иноятова

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-немис форуми раҳбари Умида Ниёзова учрашувда Қирғизистонда қирғиндан сўнг давом этаëтган инсон ҳақларининг кенг кўламли топталаëтгани¸ хусусан бу ҳақсизликнинг миллий мансублик асосида амалга оширилаëтгани ҳақида гапирилганини айтади:

- Асосий мақсад¸ Қирғизистондаги воқеа ва вазиятга эътибор қаратиш. Айтилдики¸ ҳозир Қирғизистонда ўзбекларни дискриминация қиладиган тенденция кетаяпти. Бу конфликт¸ кризис ўтгандан кейин ҳозирги пайтда ўзбеклар ҳибсга олинаяпти¸ уларнинг ҳуқуқлари поймол этилаяпти. Масалан¸ шахсан мен бошқа бир масалани кўтардим. Мана Европа иттифоқи¸ Туркия ва бошқа давлатлар гуманитар ëрдамларни жўнатишаяпти. Шу гуманитар ëрдам билан бирга ҳозир Қирғизистонга бу гуманитар ëрдамлар тарқатилишини назорат қилувчи кучли кузатувчи миссиялари керак. Агар Қирғизистондаги моноэтник ҳукумат ҳозирги кунда ҳам ўзбекларни дискриминация қилаëтган бўлса¸ бу дискриминацияни гуманитар ëрдам тарқатишда ҳам учратишимиз мумкин, дейди ҳуқуқ фаоли Умида Ниёзова.

Умида Ниёзова матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари намояндаларидан ташқари Европа иттифоқи комиссиясидан ҳам вакиллар қатнашганини қўшимча қилади:

- Европа иттифоқи комиссияси аъзолари, Пъер Морель офиси аъзолари келишди. Уларга айтдик, улар ҳам келиб гаплашиб, “биз ҳам воқеалардан жуда ҳам ташвишдамиз¸ лекин Европа иттифоқи бюрократияси секин ишлайди. Албатта¸ биз ҳам бўлаётган воқеаларни синчковлик билан кузатиб турибмиз ва қўшимча маълумотлар бўлса бизларга ҳам юборинглар”¸ деган бир гаплар бўлди, дейди Умида Ниёзова.

Брюссел анжуманида қатнашган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов¸ тадбирда Ўш қирғинига оид тақдим этилган далил ва ҳужжатлар унда қатнашганларни даҳшатга солганини айтади:

- Биз видеоларни кўрсатганимизда уни кўрганлар даҳшат билан кўришди. Улар анализ қилишга¸ ақл билан тушунишга ҳаракат қилаяпти¸ лекин ақлга сиғмаëтганлиги кўриниб турибдида. Улар оғизларини ëпиб¸ кўзларини катта очиб қараб турибди. Биринчидан¸ у нарсани youtube да кўрган бошқа¸ иккинчидан уларнинг вақтини атайлаб ажратиб бу ëққа келиши бошқа. Учинчидан¸ биздаги иккита видео youtube да йўқ эди. Бу иккита видеони Васила опа олиб келди. Биттаси 52 минут¸ биттаси 25 минут. Яна youtube дан ҳамма нарсани тозалаб ташлашганидан хабарингиз бор. Келганларни имкон қадар маълумот билан таъминлашга ҳаракат қилдик. Олдимизга қўйилган вазифанинг бизга боғлиқ бўлган қисмини бажардик¸ деб ҳисоблайман, деди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG