Линклар

"Яқин орада вазият яхши томонга ўзгаради ва буни ҳис қиласиз!"

  • Сарвар Усмон

Зачисткаларнинг асосан ўзбек маҳаллаларида ўтказилаëтгани қирғиз омбудсманини ҳам хавотирга солмоқда.

Зачисткаларнинг асосан ўзбек маҳаллаларида ўтказилаëтгани қирғиз омбудсманини ҳам хавотирга солмоқда.

"Зачистка"лар ўқ отган, ўлдирган, вайрон қилган қирғиз йигитлари яшайдиган ҳудудларда ҳам ўтказилиши керак". Бу гапларни Ўш ва Жалолободга шахсан президент Ўтунбаеванинг топшириғи билан сафар қилган Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Ақун айтди.



Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Ақун Ўш ва Жалолободда, асосан, ўзбеклар қўлга олинаётгани, масалан, Жалолободдаги ҳибсхонада сақланаётган 39 кишидан 80 фоизи, Бозорқўрғонда ҳибсда сақланаётган 22 кишидан 21 нафари ўзбек экани тўғрисида Озодликка 7 июл куни билдирган эди.

Мазкур баëнот муносабати билан Озодлик қирғиз омбудсманини суҳбатга тортди.

Озодлик: Жаноб Ақун, Сиз кеча қўлга олинаётганлар, асосан, ўзбеклар эканлиги тўғрисида айтган эдингиз, шундайми?

- Ҳа, ҳа, ҳа...

Озодлик: Ҳар куни бизга етиб келаётган хабарларга қараганда, чиндан ҳам шундай. Маҳаллалардан ҳар куни қатор-қатор йигитларни қўлга олиб, қамаб қўйишаяпти. Яқинлари билан учрашишга рухсат беришмаяпти. Сиз жанубга президентнинг топшириғи билан борганингизни айтувдингиз. Кечадан бери президент билан учрашиб, у кишини вазиятдан хабардор қилдингизми?

- Қайтиб келганимдан кейин президент маъмурияти билан, президент маслаҳатчиси, бошқа масъуллар билан телефон орқали мулоқотда бўлдим. Улар сафаримиз самарали бўлганидан хурсанд бўлди. Гуруҳимиз жанубда мониторинг ўтказди, пенитенциар тизим муассасаларини кўздан кечирди. Ва кўрганларимизга асосланиб президент учун батафсил маълумот тайёрладик. Мана энди биз қўлга олинганлар ва ҳибсга олинганларнинг аҳволини енгиллатиш юзасидан чоралар режасини тузаяпмиз. Мақсадимиз қийноқларга йўл қўймасликдир. Сиз қўлга олинганларни яқинларига кўрсатишмаяпти, дедингиз. Тўғри, бундай ҳолатлар мавжуд, лекин оммавий эмас. Тўғри, ҳибсхоналарнинг маҳбусларга одамдай муомала қилмайдиган баъзи зобитлари ҳам бор¸ дейди Омбудсман Турсунбек Ақун.

Шу ўринда Омбудсман Турсунбек Ақун билан суҳбатни бўлиб, Ўшнинг “Калинин кўчаси” маҳалласида яшайдиган аёлнинг 8 июл куни Озодликка айтганларини эшиттиришга қўймоқчимиз.

- Жума куни эрта билан куëвимни олиб чиқиб кетишган. Уларнинг айтишича¸ иккита ГАИ йўқолиб қолган экан. Ўлигини топишиб ди экан. “Шунга сен соучастниксан” деб жума кундан бери эримни уриб¸ қўйиб юборишмаяпти.

Озодлик: Қайси кўчадансиз сиз?

- Калинин кўчада¸ Маяковскийда яшайди.

Озодлик: Жума кунидан бери орқасидан бордингларми?

- Ҳамма бораяпти. Борсак¸ “Эринг бўйнига олди” деб бўйнига қўйишаяпти.

Озодлик: ГАИларни ўлдирганмишми?

- Ҳа. Уни ўлдирганлар қочиб кетган бўлиши мумкин. Лекин менинг эримнинг бўйнига қўйишаяпти эканда¸ дейди эри 7 кундан бери ҳибсда сақланаётган ўшлик аёл.

Омбудсман Турсунбек Ақун билан суҳбатга қайтамиз.

Озодлик: Ўзингиз бошқараётган идоранинг, мамлакат президентининг милиция зўравонлигини тўхтатишга қаратилган конкрет қадамлари ҳақида айта оласизми?

- Биринчидан, шуни айтиб қўйишим керакки, Омбудсман институтининг вазият мониторингини ўтказишдек вазифаси бажараяпмиз. Биз шунингдек, Президентга, Жазони ижро этиш бошқармасига батафсил ҳисобот тайёрлаб топширдик. Тез кунда мен Муваққат ҳукумат аъзолари билан учрашаман. Яқин орада вазият яхши томонга ўзгаради ва буни ҳис қиласиз. Ўзбекларга муносабат, барча қўлга олинганларга муносабат бир хилда бўлади.

Озодлик: Жаноб Ақун, умуман, ўзбекларга нисбатан, агар юмшоқроқ айтар бўлсак, бундай нопропорционал зўравонликни қандай тушуниш мумкин?

- “Нопропорционал зўравонлик” нотўғри аниқлама. У ерда (ҳибсхоналарда – Озодлик) асосан ўзбеклар ушлаб турилибди. Қирғизлар жуда оз. Шунинг учун зўравонлик қилинаётгандай туюлмоқда. Агар ўзбеклар ва қирғизлар бир хил миқдорда сақланганда эди, пропорционал зўравонлик деган бўлардик¸ дейди Омбудсман Турсунбек Ақун.

Шу ўринда яна бир тингловчимиз, сузоқлик (Жалолобод вилояти) йигитнинг 8 июл куни айтганларини эшитинг. У Сузоқда қўлга олинганларнинг баъзилари исм-фамилияларини келтиради.

- Мадраимов Ўткирбек¸ Мадраимов Сайдулло¸ булар ака-ука экан¸ иккаловини ҳам уйидан олиб чиқиб кетган. Янгибоев Абдурашид деган одамни ëмон қилишибди. Тирноқларигача суғуриб немис қилмаган нарсаларни қилиб ташлаган. Мамажонов Қаҳрамонжон¸ Мўйдинов Сирожиддин¸ Умаралиев Ғофур – бу одамнинг ҳам уйига наркотик¸ автомат ташлаб умуман нима қилиб ташлабди. Жонтўраев Бурҳониддин¸ Тўрақулов Ҳамдам – булар ҳозир реанимацияда ëтибди. Ҳамдамнинг Яҳë деган укаси ҳам ҳозир касалхонада. Мамаюсупов Абдулфаттоҳ ҳам касалхонада. Қолганлар ҳаммаси Жалолобод вилояти¸ Бозорқўрғон тумани КПЗда ўтирибди.

Озодлик: Сузоқда эмас Бозорқўрғонда ўтиришибдими?

- Ҳа. Сузоққа РОВДга борса¸ “Мана кириб кўр. Сен айтган одамлар йўқ” деди. У ерда кўрмадик. Истаган пайтимизда улар Бозорқўрғонда экан.

Озодлик: Шу кунда ҳаммаси бўлиб нечта сузоқлик ўтирибди?

- Шу кунда 20 та сузоқлик ўтирибди.

Озодлик: Тўполонлар бошлангандан бери кейинги кунларда ҳаммаси бўлиб неча кишини олиб бориб қамади?

- Саноғи йўқ ака. Унинг орасида нечтаси калтак еб¸ орасида ўлганлар бор¸ дейди сузоқлик йигит.

Омбудсман Турсунбек Ақун билан суҳбатга қайтамиз.

Озодлик: Қўлга олинганлар орасида ўзбеклар кўпу қирғизлар деярли йўқ, деб ўзингиз айтаяпсиз. Нима учун шундай?

- Шу кунда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан айнан маҳаллаларда "зачистка" ўтказилаяпти. Чунки маҳаллаларга орган ходимларини киритишмаяпти, яшириниб олишяпти, тўсиқлар қўйишяпти. Қирғизлар яшайдиган овулларда эса, текширадиган нарсанинг ўзи йўқ. Шунинг учун ўзбеклар кўп қўлга олинаяпти. Бу ҳолат қирғизларнинг миллатчилик қилаётгани, қирғиз шовинизми оқибати эмас. Бошқа томондан, баъзи қирғизларнинг, баъзи зобитларнинг миллатчилик қилаётгани бор гап. Биз бу кўринишларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Чунки жабр кўрганларнинг кўпчилиги ўзбеклардир.

Озодлик: Жаноб Ақун, мана ўзингиз жабр кўрганларнинг кўпчилиги ўзбеклардир, деяпсиз. Бас, шундай экан, нима учун "зачистка"лар ҳужум қилганлар яшайдиган чекка овул-қишлоқларда эмас, аксинча, ҳужумлар қурбонлари бўлганларнинг маҳаллаларида ўтказилаяпти?

- Бу масала ҳам очиқлигича қолмоқда. Сиз айтаётган гапнинг асослари ўта кучли. Сиз айтаётган жойларни ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари кўздан кечирмоқда. Лекин бу етарли эмас. Улар асосан, маҳаллаларда юрибди. Тўғри айтасиз, текширувни маҳаллаларда ҳам, овулларда ҳам – тенг ўтказиш керак. Олойда ҳам, Қорағулжада ҳам тинтувлар ўтказиш керак. Қирғиз йигитлар шу туманлардан келиб ўқ отдилар, ўлдирдилар, вайрон қилдилар. Бу ерларда ҳам текширув ўтказилаяптию лекин етарли эмас¸ дейди Турсунбек Ақун.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG