Линклар

logo-print

АҚШ рус жосусларини тўрт маҳбусга алмашди


Россия жосусларидан бири Анна Чапман ФСБ разведкачисининг қизидир.

Россия жосусларидан бири Анна Чапман ФСБ разведкачисининг қизидир.

АҚШ да Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланган 10 нафар шахс АҚШ фойдасига жосуслик қилганликда айбланган тўрт маҳбусга айирбошланди.



АҚШ Россия фойдасига жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинган 10 шахсни Россияда жосуслик айби билан қамалган 4 маҳбусга алмашди.

Жосусларни ўзаро алмашиш жараёни 9 июл куни Вена аэропортида амалга оширилди. Ғарб давлатлари фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, Россияда қамалган тўрт шахс ўтирган Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг махсус самолёти бугун эрта тонгда Вена аэропортига келиб қўнди. У билан кетма-кет Вена аэропортига ўтган ой АҚШ ҳудудида қўлга олинган рус жосуслари ўтирган самолёт ҳам келиб қўнди.

Бир неча соатдан сўнг эса ҳар иккала учқич номаълум томонга учиб кетди. Айни пайтда жосусларни ўзаро алмашиш жараёнига оид қўшимча маълумот ошкор қилинмади.

Пайшанба куни Россия президенти Дмитрий Медведев Ғарб давлатлари фойдасига жосуслик қилганликда айбланган тўрт кишини авф этишини эълон қилган эди.

Ҳар иккала давлат расмийлари фикрича, расмий Вашингтон ва Москва жосуслар билан юзага чиққан можаронинг шу кунгача яхшиланган ўзаро алоқаларга путур етказмаслигига умид қилмоқдалар.

Россия президенти матбуот вакили Наталя Тимакованинг маълум қилишича, Дмитрий Медведев Александр Запорожский, Геннадий Василенко, Сегрей Скрипал ва Игор Сутягинларни авф этиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.

Ғарб давлатларига жосуслик қилганликда айбланган бу шахслар Россияда кўп йиллардан буён жазо муддатини ўташаётган эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, маҳбусларни айирбошлаш келишуви гуманитар ҳамда ўзаро конструктив шериклик ғоясидан келиб чиққан ҳолда эришилган.

Ўтган ҳафта АҚШ Адлия вазирлиги Россия фойдасига жосусликликда гумон қилинган 10 нафар шахс ҳибсга олинганини маълум қилган эди.

Ҳибсга олинган шахсларнинг бир нечтаси сохта паспорт билан АҚШда 90-йиллар бошидан яшашган ва электрон почта орқали кодланган хабарларни юбориб туришган.

Нью-Йорк штати маҳкамасига тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Россия ташқи разведка хизматида тайёргарликдан ўтган бу шахслар ҳукумат доираларига кириш ва маълумот тўплаш топшириғи билан Қўшма Штатларга юборилган.

Адлия вазирлиги баёнотида айтилишича, ҳибсга олишлар бир неча йил давом этган давомли кузатувлардан кейин амалга оширилган ва сўроқ давомида улар Россия жосуслари сифатида фаолият олиб борганликларини тан олишган.

Маҳкама давомида уларнинг аксари ўзларининг асл русча исмларини очиқлаб , АҚШда қалбаки ҳужжатлар асосида фаолият юритганликларига иқрор бўлишди.

Тергов давомида эр-хотин Ричард ва Синтия Мерфи аслида Владимир ва Лидия Гертева экани маълум бўлди. Трейси Фоли эса Елена Вавилова бўлиб чиқди.

Доналд Хитвилд ўзининг асл исми Адрей Безруков эканини тан олди. Хуан Лазаро маҳкамага ўзини Михаил Анатолевич деб таништирди.

Аввалроқ, Патрисия Миллз ва Майкл Зоттоли маҳкамага асл исмлари Наталя Переверзева ва Михаил Куцик эканини айтишган эди.

АҚШда қўлга олинган бу шахсларнинг энди Россияга депортация қилиниши кутиляпти. Мол-мулклари эса мусодара қилинади.

АҚШ Давлат департаменти мамлакат миллий хавфсизилиги ва инсонийлик нуқтаи назаридан шундай қарорга келинганини билдирди.

- АҚШда қўлга олинган ноқонуний агентларни ҳибсда ушлаб туриш миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам бирон наф келтирмаган бўлар эди, дейилади Давлат департаменти баёнотида.

АҚШда жосуслик қилишда айбланиб ҳибсга олинган 10 киши эвазига алмаштирилаётган Россиядаги махбуслардан бири Игор Сутягиндир.

Москвадаги АҚШ ва Канада институти собиқ ходими¸ ядро соҳасидаги етакчи олим Сутягин 2004 йилда АҚШ ҳарбий разведкаси фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, 15 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG