Линклар

logo-print

Ўшда ўзбек академик театри ҳам ëқиб юборилди

  • Абдулла Искандар

Ўш театри ўзининг 90 йиллигини нишонлаган кунлардан қолган сурат.

Ўш театри ўзининг 90 йиллигини нишонлаган кунлардан қолган сурат.

Бутун Марказий Осиëдаги донғи кетган уч театрдан бири бўлган Бобур номидаги Ўш театрининг ўтган йили таъмирдан чиққан биносидан¸ бугун бир тутам вайрона қолди.


Уруш замбараклари гумбурлар экан¸ илҳом парилари жим бўлади. Бу эски гап сўнгги кунларда этник ғалаëнларга саҳна бўлган Ўшда ҳам ўз исботини топгандай бўлди.

Марказий Осиёдаги энг кекса ўзбек театрларидан бири - Бобур номидаги Ўш ўзбек академик театрига ўт қўйилди.

“Ўзининг 90 йиллигини тантанали тарзда нишонлаган бу театрга яқинда янги парда осилган эди. Бу парда куйиб кул бўлди” дейди театр ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

- Нима десам бўлади¸ катта бир маданият ўчоғисиз қолдик.

Озодлик: Бу театрнинг ëниб кетиши “Ўрмонга ўт кетса¸ ҳўлу қуруқ баробар ëнади” деган маънода бўлдими ëки атайлаб ўзбекларнинг театри бўлгани учун ëқилдими?

- Ҳозир бундай қарасангиз¸ қирғиз санъаткорлари билан дўстмиз¸ жуда ҳам қадрдонмиз. Яхши одамлар. Ҳеч ўйлаган эмас эдик. У томонидан ўйлаб ҳам¸ бу томонидан ўйлаб ҳам ўйимнинг охирига ета олмаяпман. Бир томондан¸ ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баробар ëнади десак¸ бу томондан қарасак¸ биздан бошқа маданият корхоналарига тегилмади. Театр атрофидаги корхоналарга ҳам ҳеч нарса бўлгани йўқ. Билмайман¸ кимга бу малол келди? Бу ерда ҳозир ўзбекларнинг жиғига тегиш учун¸ қирғизларни ëмон кўриш учун¸ умуман ўртада низо чиқариш учун атайлаб қилинган иш ҳам дейилаяпти.


Бугунга келиб асар ҳам қолмаган театр саҳнаси.
Озодлик: Театрнинг ҳозирги аҳволи қандай? Нималар ëнди?

- Театрнинг ҳозир аҳволи йўқ. Театрнинг томи билан девори қолди¸ холос. Даже бухгалтерский администрация йўқ¸ умуман. Кассанинг ҳам харобини чиқаришган. Саҳна умуман йўқ¸ старт йўқ¸ свет йўқ. Ишлайдиган аҳвол йўқ. Ҳамма ëқни ëқиб юборишди. Жуда катта пулга¸ зўрға меҳнат билан¸ каттамиз Бахтиëр Аҳмедович бечора жуда кўп соғлигини йўқотиб ишхонани¸ (йиғлаб) ҳамма тарқаб кетди ҳамма ëққа. Жуда ҳам хунук иш бўлди. Пардаларни янги тутган эдик. Неча йилларда энди янги пардага эришган эдик. Парда ҳам эриб кетибди. Саҳнада ҳеч нарса қолмаган. Жуда ҳам ночор аҳвол¸ дейди театр ходимларидан бири.

Театрнинг нафақат пардаси¸ балки ҳар бир бурчаги санъаткор учун ардоқли¸ дейди ўшлик ҳамкасбларига сабр тилаган Ўзбекистон Халқ артисти Гулчеҳра Жамилова.

- Театрнинг ҳар бир нарсаси азиз. Нафақат парда¸ ҳамма нарсаси азиз театрнинг. Артистлар бу даргоҳни бекордан-бекорга илоҳий деб ҳисобламайди. Шунинг учун битта михи ҳам азиз¸ пардаси ҳам¸ бошқа нарсаси ҳам азиз.

Озодлик: Бу анча қадимий театр экан. 90 йиллик тарихи бор экан. Академик театр экан.

- Биласизми¸ театр бўлгандан кейин академик бўладими¸ бино кеча очилган бўладими¸ 90 ëшга кирган бўладими - бу нарса артистлар учун илоҳий бир жой¸ муқаддас бир жой бўлади. Шунинг учун у барибир ҳам азиз бўлади. Унинг нечага чиққанлиги муҳим эмас.

Озодлик: Гулчеҳра опа¸ сизни Ўшдаги артистлар эшитаëтган бўлиши мумкин. Уларга айтадиган гапларингиз борми?

- Энди Ўшдаги артистларга мен нима дейишим мумкин? Бу нарсага¸ албатта¸ чегара қўйилади. Бу энди ноинсофлик¸ қанақадир келишмовчиликми¸ менинг бир нарса дейишим жуда қийин. Театрнинг нима алоқаси бор бу нарсага? Калласи ишламаган одамлар қилганми¸ мен бир нарса дея олмайман. Мияси ишламаган¸ бугунги кун учун Худога шукур қилмаган одамлар қилиши мумкин бу ишларни. Шунинг учун театрми¸ магазинми¸ бошқами агар мана шунақа вайрона қиладиган бўлса¸ калласи йўқ одамлар қилиши мумкин. Театр¸ санъат доимо фақат яхшиликка¸ тинчликка¸ бир-бирига дўстликка ундаб келган даргоҳ бўлади. У ўзбек миллий театрими¸ қирғиз миллий театрими¸ рус миллий театрими – театрнинг олдига қўйган мақсади ҳамиша яхшиликка ундаб¸ одамларни кетидан эргаштириб аҳил бўлишлиги тўғрисида мана шу санъат нимага келган. Шунинг учун мен буни ҳеч қачон ажрата олмайман. Театргами¸ бошқасигами¸ умуман санъатга ëмон қўл уриш ваҳшийлик деб биламан.


Ўш театрининг ëниб кулга айланган музейидан қолган хотира.
Озодлик: Театрдаги артистларнинг руҳини¸ кўнглини кўтарадиган гапларингиз бўлса¸ марҳамат.

- Мен уларга сабр тилайман. Барибир ҳам танлаган соҳасига фидоийлик тилайман. Албатта¸ бу жуда оғир нарса. Театр ҳар бир артистнинг уйи бўлади. Бу менинг иккинчи уйим¸ деб бекорга айтилмаган. Бу қизил сўз эмас. Шунинг учун мен ўзининг уйи ëнгани билан баробар деб биламан. Албатта¸ бу жуда оғир. Бугунги кунда буларга сабр тилайман¸ дейди Гулчеҳра Жамилова.

Ўш театри ҳақидаги тақризлар муаллифи Хайрулла ака гапиради.

- Мен сизга айтсам¸ бу театримиз ўзбек халқи учун маънавият уруғини сочган¸ Ўрта Осиë халқларининг маданиятини¸ урф-одатини кўрсатиб¸ тараққий қилиб келаëтган театр эди. Яқиндагина¸ мана бир йил бўлиб қолаяпти¸ 90 йиллигини нишонлаган эдик. Агар чуқурроқ олса буни¸ театримиз ташкил бўлганига 100 йилдан ошган экан. Бу театримиз нафақат ўзбек тилида¸ қўшни қирғиз¸ қозоқ асарларини ҳам ўзбекчага таржима қилиб саҳналаштирилган. Маънавий томондан¸ ҳар томондан ривожлантириб миллий алоқаларимизни ривожлантирар эди. Театрнинг директори Тўхтаматовнинг таъкидлашича¸ биринчи этаждаги саҳна¸ томоша заллари¸ ўтирғичлари ҳаммаси ëниб кетибди. Етказилган зарар деб тахминан 5-10 миллионнинг атрофини айтаяпти. Бу театрнинг марҳум бўлиб кетган актëрлари нафақат Ўшда¸ балки Ўрта Осиë миқëсида ҳам танилган эди.

Озодлик: Бу театрга ҳам умумий уйлар қаторида ўт қўйиб юборишдими ëки ўзбекларнинг маданий маскани бўлгани учун атайлабдан ëқилдими?

- Очиқ-ойин кўриниб турибди. Агар театрни¸ мактабни¸ магазинни ëқса¸ нима учун шахмат тариқасида ëқилди. Фақат ўзбек магазинлари ëнди¸ ўзбек театри ëнди. Мана бугун шаҳардан ўтиб келдим. Ўшда Мезон ТВ бор. Ўшанинг ойналари пачақланибди. Фақат ўзбекларнинг кошонаси бўлгани учун ëқишди¸ дейди Хайрулла ака.

Айни пайтда театрни қайта тиклаш учун ҳаракатлар бормоқда¸ дейди Қирғизистон Маданият вазирлиги театр департаменти бошлиғи Тинибек Сидиков.

- Ҳозир театрнинг куйган жойларини суратга олиб уни қайта тиклаш мақсадида комиссия тузилди. Паниканинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси жойида. Театрни қайта тиклаш учун сарф-харажатларни ҳукумат ўз зиммасига олмоқда¸ дейди қирғиз мулозими.

Қирғизистондаги энг биринчи театр

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш театри Марказий Осиëдаги учта кекса ўзбек театри бири. Тошкентдаги ўзбек Миллий академик театри, Андижондаги ўзбек мусиқали драма театри қаторида Ўш ўзбек академик театри ҳам ўзининг шонли тарихига эга¸ дейди театрга узоқ йиллар бош режиссёрлик қилган Ғанижон Холматов.

Холматовга кўра¸ Бобур театри биринчи бўлиб 1918 йилда Ўш гарнизони ҳарбий комиссариатида ана шу маҳалдаги Жўрахон Зайнобиддинов каби таниқли давлат ва жамоат арбоблари томонидан ташкил қилинган. Ўтган 90 йил мобайнида Ўшдаги ўзбек театри 600 дан ортиқ асарларни саҳналаштирди. Улар орасида асосий ўринни ўзбек, қирғиз ва жаҳон драматургларининг асарлари эгаллайди.

Ўш театрининг Лайлихон Моидова, Тожихон Ҳасанова, Расулжон Урайимжонов, Дилором Соипова каби ижодкорлари минтақада ном чиқарган санъаткорлардир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG