Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:34

Қирғизистон прокуратураси ҳибсга олишлар бўйича ҳисоб берди


Ўш ва Жалолободдаги қирғиндан сўнг қурол чиқди¸ деган иддао билан ҳибсга олинаëтганларнинг аксари ўзбеклардир.
Ўш ва Жалолободдаги қирғиндан сўнг қурол чиқди¸ деган иддао билан ҳибсга олинаëтганларнинг аксари ўзбеклардир.

Қирғизистон прокуратураси ўтган ой Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар юзасидан олиб борилган текширув жараëнининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Айни пайтда Бишкек расмийлари оммавий кўламдаги жиноятлар бўйича ҳибсга олинганлар миллатини айтишдан бош тортаëтир.


Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат жанубида рўй берган қонли тўқнашувлар юзасидан олиб борилган текширув натижаларига оид янги маълумотларни ошкор қилди.


Бош прокуратуранинг билдиришича, Ўш шаҳри бўйича жами 921та жиноят иши очилган бўлиб улардан 101таси оғир жиноят бўйича қўзғатилган ишдир. Ушбу жиноятларни содир этганликда гумон қилинган 38 киши қўлга олинган ва улардан 34 нафари ҳибс этилган. Бедарак йўқолган фуқаролар бўйича милицияга 62та шикоят аризаси тушган ва мазкур ҳолат юзасидан 46 та жиноят иши очилган.


Ўш вилояти бўйича 446та жиноят иши қўзғатилган. Вилоятда содир этилган жиноятларга алоқадорликда гумон қилинган 68 шахс қўлга олинган ва улардан 63 нафари ҳибс этилган. Бедарак йўқолган фуқаролар бўйича 29 та шикоят аризаси тушган ва улар бўйича 10 та жиноят иши очилган.


Ўш шаҳар ҳарбий прокуратураси ҳам мамлакат Мудофаа вазирлиги ва Чегара хизмати ходимларига ҳужум қилиш ҳолати бўйича жами 14та жиноий иш қўзғатилганини билдирди.


Прокуратурага кўра, Ўш вилояти бўйича 278 та объект вайрон қилинган, улардан 229таси аҳоли истиқомат қилувчи уйлардир.


Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазири лавозимини вақтинча бажариб турган Дуйшенқул Чотонов 26 июн куни қилган чиқишида Ўш вилояти бўйича 744та хонадон ёқиб юборилганини тан олган эди. Бироқ БМТ қошидаги UNOSAT тадқиқот институти спутник орқали олиб борган текширув ишлари натижасида биргина Ўш шаҳри марказида 1807 та хонадонга шикаст етказилгани, улардан 1749 тасининг вайрон қилингани¸ 58тасининг тўлиқ вайрон қилинганини эълон қилди.


Мустақил манбаларга кўра, биргина Ўш шаҳрининг ўзида 3000 га яқин хонадон вайрон қилинган бўлиши мумкин.


Жалолобод вилояти бўйича эса, Қирғизистон прокуратураси тарқатган хабарга кўра, жами 147 жиноят иши очилган. Улардан 27таси қотиллик бўйича қўзғатилган ишдир.


Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, ўтган ой Ўш шаҳар ва Жалолобод вилоятида рўй берган этник тўқнашувлардан етказилган моддий зарар миқдори 3 миллиард 265 миллион сомни ташкил қилган.

Қирғизистон кучишлатар тизимлари Ўш ва Жалолободдаги жиноятларга алоқадорликда гумонланаëтганлар қўлга олинмоқда¸ деб ҳисоб бераëтган айни пайтда¸ иккала вилоятдаги ўзбеклар¸ бу жараëн баҳонасида асосан ўзи ҳужумга учраган айбсиз ўзбек йигитлари ҳибсга олинганидан шикоят қилмоқда.

Озодлик¸ қолаверса бошқа халқаро ахборот агентликларининг Қирғизистон расмийларига қўлга олинганларнинг миллий мансублигини аниқлашга қаратилган саволлари жавобсиз қолмоқда.

Хусусан¸ Қирғизистон Бош прокурори ўринбосари Озодлик билан суҳбатда қўлга олинганларнинг миллати ҳақида гапиришни ахлоқсизлик дея атади.

Айни пайтда¸ Қирғизистон Омбудмани Турсунбек Ақун Ўш ва Жалолободда ҳибсга олинганларнинг камида 80 фоизи ўзбеклар эканини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG