Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:01

Норвегиядан бошпана олган тошкентлик йигит Ал-Қоидага алоқадорликда айбланмоқда


Норвегия полицияси Ал-Қоидага алоқадор қочқинларнинг қўлга олиниши муносабати билан махсус матбуот анжумани ўтказди.
Норвегия полицияси Ал-Қоидага алоқадор қочқинларнинг қўлга олиниши муносабати билан махсус матбуот анжумани ўтказди.

Норвегия полицияси Ал-Қоида ҳаракатига алоқадорлик ва қўпорувчилик амалиёти содир этишда гумон қилинган уч нафар шахсни қўлга олди. Норвегиянинг 11 сентябри дея баҳоланган амалиëт натижасида қўлга олинган шахслардан бири ўзбекистонликдир.

7 июлдан 8 га ўтар кечаси Норвегия давлат хавфсизлик хизмати Ал-Қоида ҳаракатига алоқадорлик ва қўпорувчилик амалиёти содир этишда гумон қилинган уч нафар шахсни Осло шаҳрида қўлга олди.

Махфий полиция раҳбари Йенн Кристиансен матбуот конференциясида қўлга олинган шахслар тўғрисида тергов манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қўшимча маълумот бера олмаслигини айтди:

- Уларнинг барчаси террорчилик хуружларига тайёргарлик кўраётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бугунги кунда Ал-Қоида террорчилик тармоғига алоқадор 3 нафар киши аниқланган: шахслардан бири 39 ёшли уйғур, яна бири 37 ёшли асли ироқлик бўлган шахс. Улардан бири Ўзбекистон фуқароси, 2002 йилда Қозоғистондан Норвегияга келган, у 31 ёшда, тошкентлик, Норвегия фуқаролигини олиш арафасида эди, деди махфий полиция раҳбари Йенн Кристиансен.

Айни пайтда “қўлга олинган диний экстремистлар гуруҳи Лондондаги портлашлари ва Германиядаги террорчилик хуружларини тайёрлашга алоқадорликда айбланмоқда. Айнан немис ҳамкасбларимиз бизга Норвегияда тайёрланаётган террорчилик ҳаракатлар ҳақида маълумот берди”, дея хабар қилди Норвегия Бош прокурори.

Норвегия Адлия вазири Кнут Сторбергет эса мазкур “радикал мусулмонлар гуруҳи” бир йилдан ортиқ вақт давомида махфий полиция назорати остида бўлганини билдириб, Норвегияда бошпана топган яна бир нечта ўзбекистонлик ва ироқлик шахснинг Ал-Қоида гуруҳига алоқадорлигига оид далиллар борлигини билдирди.

Норвегияда террорчиликда гумонланиб қўлга олинганлар¸ аниқроғи улар орасида бўлган Ўзбекистон фуқаросига оид тафсилотларни Ослода яшаётган ўзбекистонлик сиёсий қочқин, ҳозирда “ZONA” журналининг бош муҳаррири Евгений Дьяконовдан ўргандик:

- Қўлга олинган йигит¸ дарҳақиқат тошкентлик. Исми Алишер, фамилиясини ҳеч ким билмайди, 31 ёшда, бу ерда норвегиялик аёлга уйланган экан, Давид Якобсон деган норвегча ном олган, шаҳарнинг марказида яшаган. Уларнинг барчаси портловчи моддалар билан қўлга олинган. Ҳозир Осло тўлиқ қамалга олинган. Бугун эрталаб шаҳарнинг Парламент квартали¸ яъни ҳукумат бинолари жойлашган кўчада иккита портловчи модда ўрнатилгани аниқланган ва йўқ қилинган. Бу портловчи моддаларни йўловчи автобусларда портлатиш режалашгтирилганлиги ҳақида маълумот олдим.

Кеча кечқурун соат 11:20 ларда менинг уйимга полициячилар келиб сўроққа тутишди: қўшимча маълумотларинг борми, танийсанми ва ҳокоза саволлар билан. Менинг билишимча, бошқа ўзбекларнинг уйларига ҳам полиция борган, ордер билан тинтув қиляпти. Ҳозир барча қўлга олинганлар Ослонинг Грюнланд қамоқхонасида сақланмоқда, деди журналист Евгений Дьяконов.

Ослода яшаётган ўзбеклардан бири Шавкатжон мазкур воқеадан сўнг полиция ва журналистларнинг Норвегиядаги кам сонли ўзбекларга қизиқиши ортганини гапирди:

- Ўзбекистонлик одам дейишди. Биттаси уйғур, биттаси ироқлик экан. Бошқа ҳеч нима билмаймиз. Ҳамма ўзбеклар ҳайрон. У одамни ҳеч ким танимайди бу ерда. Хаёлимизга ҳам келмаяпти. Ҳамма ўзбек ишда бўлса, ҳаммамиз шокда. Норвегиялик журналистлар ҳам титаяпти¸ ўзбеклар камку бу ерда. Мана уйғурлар жамоаси бошлиғи телефон қилиб мен ҳам уни танимайман деди. Эртага уйғурлар пресс-конференция ўтказмоқчи, дейди Норвегияда яшаётган Шавкатжон.

Мутахассислар¸ сиëсий бошпана олганларнинг террор ҳаракатларига алоқадорлиги Норвегияда мусулмонларга қарши кайфиятлар кучайиши ва ашаддий сўлчи партиялар фаоллашишига хизмат қилишини тахмин қилмоқдалар. Мустақил журналист Евгений Дьяконов Норвегияда аксилтеррор амалиётларининг кучайиши мамлакатда яқинлашаётган сайловлар билан боғлади:

- Яқинда Норвегияда сайловлар бошланади. Ҳокимиятни эгаллашга¸ айниқса¸ ашаддий сўллар ( фашистлар) интилмоқда. Сўллар бугунги кунда парламентда 30% ўринни эгаллаган. Менимча, бу воқеадан шов-шув кўтариш йўли орқали бу партиялар ўзларининг обрўларини оширишга интилмоқда. “Нима учун биз душманларни ўз еримизда боқаяпмиз!” деган сўзларни эшитиб ўзбекистонлик сифатида мен ҳам жуда хафа бўлдим. Собиқ десантчи, разведкачи ва Афғон уруши қатнашчиси сифатида айтишим мумкин: ислом дини билан боғлиқ ҳар қандай шов-шув Европа мамлакатларида кимларнингдир манфаатларига хизмат қилмоқда, дейди Евгений Дьяконов.

Нима учун террорчилар айнан Норвегияни қўпорувчилик ҳаракатлари учун нишон қилиб танлаганликлари ҳозирча номаълум. Аммо Ал-Қоида раҳбарларидан бири Айман ал-Завоҳирий сафдошларини бошқа мамлакатлар қаторида Норвегияни ҳам портлатишга даъват қилган эди.

Бу воқеани маҳаллий оммавий ахборот воситалари аллақачон “Норвегиянинг 11 сентябри” деб номлашди.
XS
SM
MD
LG