Линклар

Ангрендаги турк лицейи битирувчилари "нурчилик"да айбланмоқда


Ўзбекистонда "нурчилар" ови 2008 йилдан бошланди ва илк гуруҳ устидан ҳукм 2009 йилнинг февралида чиқарилди.

Ўзбекистонда "нурчилар" ови 2008 йилдан бошланди ва илк гуруҳ устидан ҳукм 2009 йилнинг февралида чиқарилди.

Тошкентда “Нурчилар” оқимига алоқадорликда айбланаëтган 9 нафар ангренлик устидан маҳкама давом этмоқда. 2008 йилдан буён Тошкент¸ Бухоро¸ Сурхон¸ Урганч¸ Фарғонада бораëтган "нурчилар"га қарши кампаниянинг бу галги нишонлари Ангрендаги ўзбек-турк лицейи битирувчиларидир.


Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов тарқатган хабарга кўра, суд жараёни шу йилнинг 17 июнида Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича судида бошланган.

-Ҳар бир вилоятда кетаяпти. Бизлар просто буни ўргана олмаяпмиз. Кўп жойда буни бекитиб қилишаяптида. Буни ҳам билмаган бўлардик¸ агар бизга бир одам шуни айтмаганда.

Озодлик: Бунчалик бекитишнинг сабаби нимада?

- Биласизми¸ ҳамма нима оммавий ахборот воситаларига чиқиб кетиб¸ катта шов-шувлар бўлгани учун булар иложи борича ҳаммасини бекитиб қилишнинг ҳаракатини қилишаяпти. Бу нафақат “нурчилар”¸ “ҳизбчилар”¸ “ваҳҳобийлар”¸ “жиҳодчилар” ҳаммаси бўлаяпти. Жуда кўп бўлаяпти. Лекин ҳаммаси бизларга етиб келмаяпти.

Озодлик: Айблов хулосасида судланаëтганларга қанақа айблар қўйилмоқда?

- Айблов хулосасида¸ ноқонуний ташкилотларга аъзо бўлганлиги тўғрисида¸ нурчиларнинг тарихи келтирилаяпти. Туркия давлатида уни ташкил қилган одам Гулан келтирилаяпти. Уларнинг қачон ҳибсга олингани тўғрисида гапирилаяпти. Адвокатлар билан гаплашганимда¸ буларнинг гаплари бўйича бирорта асосли нарса йўқ. “Бу буюртма бўлса керак. Шунинг учун ҳам буларга қўйилган жиноят ишлари сохталаштирилган” деяптида.

Буларнинг ҳаммаси 244-модданинг 2-қисми ва 216-модда билан айбланаяпти. Булардан фақат учтаси 244-модда билан айбланаяпти. Улар қамоқ жазосида ўтиришибди. Қолганлари уйига бориб келаяптида¸ ҳибсга олинмаган улар. Бу ўтирганлар Ҳасанов Жасур¸ Ҳасанов Фарҳод ва Раҳматов Дилмурод. Қолган барчаси ҳеч қаëққа чиқиб кетмайман¸ деган қоғозга қўл қўйишади. Улар судга уйидан келишади. Ангрендан Тошкент вилоятига ҳар бир суд жараëнида бориб келишаяпти, деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов

Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ходимига кўра, мазкур суд маҳкамасини суд раиси Бахтиёр Рустамов олиб бормоқда.

Озодлик: Ангрендан 9 нафар йигит "нурчи"ликда айбланаëтган эканку. Ўша ишнинг кейинги процесси қачонга белгиланди?

- Кейинги процесс 13 июлга.

Озодлик:
Ҳукм ҳали чиқмайдими?

- Йўқ¸ ҳали аниқ эмас.

Озодлик
: Қариндош-уруғлари¸ бошқалар киритилаяптими?

- Ҳа, деди Озодлик билан суҳбатда Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ходими.


Ўзбекистонда “Нурчилар” оқимига алоқадор дея узоқ йиллик қамоққа ташланаëтганларнинг аксари ўзбек-турк лицейларида сабоқ олганлардир. Айни кунларда Тошкент вилоят судида судланаётган 9 нафар ангренлик йигит ҳам Ангрен ўзбек-турк лицейининг бир синфида сабоқ олганлардир.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари орқали намойиш этилган қатор кўрсатувларда "Нурчилар" оқими аъзоларининг кўпчилиги ўзбек-турк лицейи талабалари эканлиги, мазкур оқимга уларни лицейларда сабоқ берган ўқитувчилар жалб этгани, шу ўқитувчилардан бир нечтаси Ўзбекистондан бадарға қилингани айтилган эди.

Аммо Ўзбекистонда 1992 йили ташкил этилган ўғил болалар ўзбек-турк лицейининг ўз исмини ошкор этишни истамаган илк битирувчиларидан бири лицейда Саид Нурсий таълимоти мутлақ тарғиб қилинмагани¸ ҳатто ўқитилмаганини айтади:

- Саид Нурсий ҳақида¸ ҳатто Фатхуллоҳ Гулан ҳақида ҳам эшитмаганмиз бизлар. Энг кўп турклар билан бирга бўлган бизлармиз. Фатхуллоҳ Гулан деган одамнинг китобларда шеърлари чиқиб қоларди. Биз оддий бир шоир бўлса керак деб ўйлардик. "Нурчилар" деган жамоат ҳақида умуман билмаганмиз. Кўпинча бутун динларнинг тарихи¸ уларнинг келиб чиқиши¸ кейин ислом динининг тарихи. Пропагандистик маълумот берилмаган. Фақат тарихда бўлган нарсалар ўтиб кетилган. Кейин бу дарс қолдирилди Ўзбекистоннинг нимаси билан, дейди Озодлик билан суҳбатда ўзбек-турк лицейида таҳсил олган ўзбекистонликлардан бири.

Шундай бўлсада, суҳбатдошимиз ўша йилларда ҳам Саид Нурсий шахсига қизиқиб, ўқувчиларни сўроқларга тутиш холатлари бўлганлигини эслайди:

- Лицейда ўқиб юрган пайтда ҳам СНБ нинг ходимлари келиб суҳбат қиларди ўқувчилар билан. “Саид Нурсий деган одамни эшитганмисизлар? Шунақа нарса ўқитиладими?” деб сўрашар эди. Давление бор эди у пайтда ҳам. Шунинг учун турклар бунақа нарсани категорический ўтишмаган. Бунақа бўлмаган, деди қатъиян таъкидлаб ўзбек-турк лицейини тамомлаган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонда диний-экстремистик ташкилот деб эълон қилинган "нурчилар" ови 2008 йилнинг иккинчи ярмидан бери давом этмоқда. Шу вақт ичида Тошкент¸ Бухоро¸ Хоразм ва Сурхондарë ва Фарғонада ўнлаб йигит "нурчилик"да айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

"Нурчилар" билан боғлиқ илк маҳкама 2009 йилнинг 26 феврал куни ўтказилган ва Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газетаси ходимларидан 5 кишига 8 йилдан 12 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Ўтган йилнинг 6 апрелида Тошкент шаҳар суди "Етти иқлим" газетасининг яна икки ходимини 8 йилга, наманганлик имомни 12 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

29 апрел куни эса Бухоро вилоят жиноий ишлар суди маҳаллий физик олим Икром Мерожовни 9 йил, яна 8 кишини эса 6 йилдан озодликдан маҳрум қилди.

Кейинчалик "нурчилар" билан боғлиқ Самарқанд, Андижон, Наманган, Хоразм ва Тошкент шаҳрида яна бир қанча маҳкамалар бўлиб, ўнлаб йигитлар озодликдан маҳрум қилинди.

Бу жараëннинг сўнгги халқаси¸ йилнинг биринчи ярмида Фарғонада кузатилди. 31 май куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди “Нурчилар” оқимига алоқадор деб топилган 10 нафар фуқаро устидан ҳукм ўқиди. Суд раиси Шерали Комилов бошчилигида ўтган маҳкамада Фарғона шаҳри ва вилоятининг турли туманларидан бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244 моддаси биринчи ва иккинчи бандлари бўйича айбдор деб топилди ва 7 йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобига қараганда, Туркияда Саид Нурсий асос солган “Нурчилик” диний оқимининг Ўзбекистондаги фаоллари деган айбловлар билан қамалганлар сони 200 нафардан ошган.

Мустақил кузатувчилар¸ шу пайтгача "нурчилик"да айбланиб қамалганларнинг аксарияти хорижда таълим олган зиёли ëшлар эканини таъкидламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG