Линклар

"ЎшТВ" телекомпанияси дисклари текширувга олиб кетилди

  • Сарвар Усмон

Махсус кучлар Ўшдаги мустақил "ЎшТВ" телекомпаниясидаги тинтувнинг қандай асосда ўтказилганини ҳам айтмаган.

Махсус кучлар Ўшдаги мустақил "ЎшТВ" телекомпаниясидаги тинтувнинг қандай асосда ўтказилганини ҳам айтмаган.

9 июл куни Ўшдаги мустақил "ЎшТВ" телекомпаниясида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари тинтув ўтказди. Уч кун олдин қайта эфирга чиқа бошлаган мазкур телекампания раҳбари санкциясиз ўтказилган бу тинтув чоғида олиб кетилган дискларнинг қайтарилишини кутмоқда.




Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеалар 11 июн куни бошланиши биланоқ Ўш шаҳар мэри томонидан фаолияти тўхтатиб қўйилган "ЎшТВ" бундан 4 кун олдин кўрсатувларини ҳавога узата бошлаган, шаҳарликларнинг айтишича, телестанция фаолияти қайта тиклангани шаҳардаги вазият барқарорлашувига катта таъсир кўрсата бошлаган эди.

9 июл куни, кечга яқин телекомпания студиясида тинтув тугагач, мухбиримиз "ЎшТВ" раҳбари Халилжон Худойбердиев билан боғланишга муваффақ бўлди.

Атрофидаги ишончли манбанинг хабар қилишича, "ЎшТВ" раҳбари Халилжон Худойбердиевнинг уйига 9 июл куни кундуз соат 3 дан ўтганда ўзини Миллий хавфсизлик хизмати ходими, деб таништирган мулозим икки қуролли аскар билан келган ва уни олиб кетган.

Маълум бўлишича, Худойбердиев "ЎшТВ" студиясига олиб борилган.

Воқеа тафсилотларини Халил Худойбердиевнинг ўзидан эшитинг.

- Шу одамлар билан биз студияга бордик. Нимага деганда биз мана уч-тўрт кундан бери эфирга чиқаяпмиз уч соатлик материал қилиб. Унинг ичида янгилик¸ шаҳардаги воқеалар тўғрисида¸ тинчлик тўғрисида¸ ярашлар тўғрисида¸ умуман олганда ҳар хил миш-мишлар бўлаяпти. Ўша миш-мишларнинг олдини олиш учун мэрнинг ўзи бизни поддержка қилиб “Мана шунақа миш-мишларни йўқ қилиш учун тезроқ эфирга чиқинглар. Одамлар ўшанда мана Ўш ТВ ишлабди деб кўчага чиқади” дегани учун биз уч-трўт кундан бери эфирга чиқишни бошладик.

Озодлик: Бу келганлар прокурор сакциясими¸ умуман бирор ҳужжат билан келишибдими? Сизни нима деб олиб кетишди уйингиздан?

- Ҳеч қанақа санкция йўқ¸ қоғоз йўқ. Фавқулодда ҳолат вақтида қонунда шунақа нарсаси бордир¸ деб ўйлабман. Санкциясиз гумонланувчи¸ деб задержат қилиши мумкин деган хаëл билан “Бўпти келибсизлар. Қаëққа бораман” десам¸ “Студияга олиб кетамиз” дейишди.

Озодлик: Қандай у санкциясиз кетавердингиз у ëққа?

- Энди ҳозир сиз Прагада ўтирибсиз. Биз Ўшда. Тушундингизми?

Озодлик: Вазиятни билмайман.

- Ҳа¸ вазиятни билмайсиз. Бу ерда битта-яримта форма кийган одам қуролли бўлиб “Мен фалончаман. Юринг” деб келса¸ боришга мажбурмиз.

Озодлик: Бордингиз. У ерда нима иш бўлди?

- Студияда бизнинг дискларимизнинг кўпчилигини тинтув қилиб кўришиб¸ ундан кейин компютерлардаги қаттиқ дискларни олишиб кетишди. Ичида нима борлигини кўрса керакда.

Озодлик: Бир протокол билан олиб кетдими энди уни?

- Без протокол олиб кетди. Мен “Ҳамма ишимиз тўхтаб қолади. Телекомпания тўхтаб қолди¸ деб гап чиқиб кетмасин яна кўчада. Буни олиб келиб беринглар. Ҳозир биз ишлашни бошлаганимизга одамлар тинчлик экан деб кўчага чиқишни бошлади” деб тушунтирдим уларга. “Бўпти” дейишди. Энди эртага мен кутаман. Дискларимизнинг ҳаммасини берса¸ уларни ўрнига қўйиб¸ яна настройка қилиб¸ бир-бирига улаштириб¸ қисқаси анча иш борда.

Озодлик: Улар томонидан сизга ҳеч қандай таҳдид бўлмадими?

- Йўқ. Ким менга телефон қилса ҳам Ўшдан ҳеч қаëққа жилганим йўқ. Ким чақирса ҳам бораман. Мэр чақирадими бораман¸ прокуратура чақирадими бораман¸ СНБга чақирса бораман¸ ўзимни айби бор одамдай сезмайман.

Озодлик: Халил ака¸ сизникидан ташқари бошқа мустақил компаниялар бор. Уларда ҳам шундай ишлар бўлаяптими?

- Уни мен билмадим. Хабарим йўқ¸ дейди Ўшдаги мустақил "ЎшТВ" телекомпанияси муассиси ва директори Халилжон Худойбердиев.

Унинг суҳбат давомида айтишича, Миллий хавфсизлик хизмати идорасига телекомпания бош муҳаррири Шавкат Умаров ҳам суҳбатга чақиртирилган.

Лекин шаҳарда комендант соати вақти яқинлашиб қолгани учун Халилжон Худойбердиевнинг илтимосига биноан бош муҳаррир иккаловига уйга кетишга рухсат берганлар.

"Керак бўлсанглар чақирамиз" – бу "ЎшТВ" директори ва бош муҳаррири хавфсизлик идораси мулозимларидан 9 июл куни эшитган сўнгги гап.

Ўшда бир неча мустақил хусусий телекомпания бўлиб, улар орасида иккитаси - "ЎшТВ" ва "МезонТВ"лар ўзбек тилида ҳам кўрсатувлар олиб боради.

Ҳар иккала компаниянинг фаолияти 11 июн воқеалари бошланиши биланоқ Ўш шаҳар мэрининг фармойиши билан тўхатиб қўйилган эди.

Аввалроқ Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзакматов шаҳар активи йиғилишларидан бирида "ЎшТВ" ва "МезонТВ" раҳбариятини жалолободлик ўзбекларнинг митингидан репортажлар олиб кўрсатгани учун танқид қилган эди.

Апрел инқилобидан сўнг ўтказилган ўша митингларда жалолободлик ўзбеклар, жумладан Республика ўзбек миллий-маданий маркази Қодиржон Ботиров ўзбек тилига ҳам расмий тил мақоми берилишини, бошқа сиёсий талабларни илгари сурган эди.

Куни кеча Қирғизистон муваққат ҳукумати аъзоси А. Бекназаров 11 июн куни бошланиб кетган қонли воқеалар учун Қодиржон Ботировни айблади.

Шу кунгача Ботиров атрофидаги бир неча киши қўлга олинган, ҳибсда сақланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG