Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:51

Тожикистонда амри маъруф ҳам цензура қилинади


Тожикистонлик диндорлар амри маъруфларини халққа етказиши учун расмий рухсат олишлари зарур!” Бу борада Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдураҳим Холиқов баёнот берди. Ўз навбатида бундай қарор тожик жамиятидаги айрим дин уламолари ташвишига сабаб бўлган.

Тожикистон ҳукумати қошида янги ташкил топган дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдураҳим Холиқовнинг билдиришича, сўнгги йиллар диний маълумоти заиф бўлган муллалар ҳам халқ орасида амри маъруф қила бошлади. Бу ўз навбатида аҳоли орасида турли хил тушунмовчиликларга сабаб бўлаяпти.

- Шу нуқтаи назардан бизнинг вазифамиз уларнинг амри маъруфларини диний экспертизадан ўтказишдир. Шунинг билан бирга улар амри маъруфлари ёзилган дискларни халққа сотишдан аввал давлат солиғини ҳам тўлаб боришлари шарт, шаҳар бедарвоза эмас,- дея таъкидлади Дин ишлари бўйича қўмита раиси Холиқов.

Расмий бундай иш тутиш нафақат қўмита масъулларига, балки муллаларнинг ўзларига ҳам фойдадан холи бўлмаслигига ишонади.

Шу ўринда айтиш лозимки, амри маъруфлар ёзилган СД дисклар ва видео тасмаларни халққа етказиш йиллар давомида тожик жамиятида турли баҳсларга сабаб бўлиб келаётган эди.

Бунга қадар айрим дин уламолари Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан қисувга олиниб, уларнинг овози ёзилган СД дисклар сотувдан олиб қўйилган ҳам эди.

Шу кунларда жума намозларида намозхонлар ҳузурида ўқилган амри маъруфлар алоҳида шахслар томонидан қўл телефонларга ёзиб олиниб ва сўнгра хусусий студияларда дискларга ўтказилиб, бозорларга олиб чиқилмоқда.

Аммо бугун дин ишлари бўйича қўмита раисининг дин уламолари амри маъруфларини назорат қилишга оид қарори аксар диндорларнинг ташвишига сабаб бўлаётир.

Душанбе шаҳридаги “Қазоқон” маҳалласининг имоми Абдураҳим домла шу кунгача халққа амри маъруф қилишдан асосий мақсади фақат уларни тўғри йўлга, Исломга чақириш эканини айтади.

- Хоҳ уйда бўлайлик, хоҳ кўчада ёки халқ орасида бизнинг вазифамиз халққа амри маъруф қилиш, уларни Ислом йўлида бўлишликка чақиришдир. Аммо афсуски, буни айримлар тушунмайди. Улар бизни бу ишларни фақат обрў-эътибор қозониш ёки катта даромад кўриш учун қилаяпти деб хулоса қилишади. Лекин бу фақат Худо ва пайғамбаримизнинг буюргани, бошимизга қандай бало келса ҳам биз ўз вазифамизни бажарамиз, - дейди масжид имоми Абдураҳим

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистонда тожикистонлик дин уламолари билан бир қаторда ўзбекистонлик диндорларнинг амри маъруфларига ҳам эътибор кучли.

Рудакий туманлик Маликахон ая кўпинча Хайрулла Ҳамидовнинг амри- маъруфларини тинглашини айтади.


- Хайрулла Ҳамидовнинг овозларини ҳар доим эшитиб турамиз. Телефонларимизга ёзиб олганмиз. Менимча, шундай амри маъруфлар халққа кўпроқ эшитилиб турилса, жамиятда оилаларнинг бузилиб кетиши ҳолатлари камроқ бўлади.

Мен ва оилам учун Хайрулла Ҳамидовнинг амри маъруфлари жуда кўп нарса берди, - дер экан суҳбатдошимиз Маликхон ая, унинг қамалганидан жуда катта қайғудалигини қўшимча қилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, бундан роса икки йил аввал Тожикистон Маданият вазирлиги қарори билан Ўзбекистондан мамлакат ичкарисига рўзнома ва журналар ҳамда диний мазмундаги СД дисклар киритиш таъқиқлаб қўйилган эди.

Бу тадбир тожик жамиятида “Ҳизб-ут-таҳрир”, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” каби экстремистик ташкилотларнинг варақалари тожик жамиятида тарқалиши олдини олиш ортидан қабул қилингани айтилган эди.

Бироқ шунга қарамай Хайрулла Ҳамидов сингари таниқли кишилар амри- маъруфлари ҳар йўл билан тожикистонликлар хонадонларига кириб келишда давом этмоқда.

Аснода соҳа бўйича бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар дин уламоларининг амри маъруфлари диний экспертизадан ўтказилишига оид қарор замон талаби эканини айтишмоқда.

- Балки шундан сўнг айрим муллаларимиз ўз амри маъруфларида бировларни таҳқирлаш ёки ҳақоратлашдан тийилишса ажаб эмас. Худо буюрган: “Одамларни даъват этинг, аммо шундай қилингки, одамлар сиздан қочмасин”, деб. Баъзи домлаларнинг амри маъруфлари одамларни бездириб қўймоқда, -дейди мустақил таҳлилчи Саъдуддин Рустам.
XS
SM
MD
LG