Линклар

Қирғизистон президенти Роза Ўтунбоева ўтган ҳафта охирида ўтказган кенгашда мамлакат куч ишлатар тузилмаларига оддий одамлар ҳуқуқларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳақида топшириқ берди.

Ўш ва Жалолободдаги вазият бўйича 9 июл куни ўтказилган мазкур кенгашда, Қирғизистон муваққат ҳукумати матбуот хизматининг хабар қилишича, куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари, давлат телевидение ва радиолари раҳбарлари иштирок этган.

Кенгаш аввалида Ўтунбаева мамлакат жанубидаги вазиятни изга солиш ва келажакда зўровонликларга йўл бермаслик бўйича куч ишлатар тузилмалар ва махсус хизматлар томонидан кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳисобот тинглади.

Кенгаш натижаларига кўра, Қирғизистон президенти куч ишлатар тузилмаларига Ўш ва Жалолободда аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат оммавий ахборот воситалари ва муваққат ҳукуматнинг тегишли тузилмаларига мамлакат жанубидаги вазият ҳақида расмий маълумот ҳажмини кўпайтириш, фитначилар томонидан тарқатилаётган миш-мишларни рад этиш мақсадида ахборот узатишдаги муайян тартибни таъминлаш ҳақида топшириқлар берди.

- Фуқароларимизнинг ҳаммаси, миллатидан қатъий назар, милиционерлар, аскар ва зобитлардан чўчимай қўйишлари, улар тимсолида ўз ҳимоячиларини кўришлари шарт, деди Роза Ўтунбоева.

Куч ишлатар тузилмалар ишида айрим ижобий силжишларни қайд этган Қирғизистон президенти айни пайтда кенгаш иштирокчиларига фавқулодда ҳолат жорий қилинган ҳудудларда аҳоли билан етарли даражада ишланмаётганини айтиб, бу жойларда профилактик чоралар кучайтирилиши лозимлигини таъкидлади.

Айни пайтда, маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Ўш вилоят коменданти Бақтибек Алимбеков буйруғи билан вилоятда куч ишлатар тузилмалар ходимларининг ҳарбий интизомга риоя қилишини текширувчи комендантлик патруллари тузилди.

Мазкур патрул текширувлари натижасида ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетгани учун айрим ҳарбийлар жазога тортилаётгани хабар қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG