Линклар

Украиналик ҳуқуқ фаоллари милиция ходимлари инсон ҳуқуқларини ва Конституцияни ошкорона менсимаётганини айтмоқдалар. Бунга 5 июл куни Украина ички ишлар вазирлиги интернет сайтида пайдо бўлган хабар сабаб бўлди.

Украина ИИВ хабарида айтилишича, Киев вилоят ички ишлар бошқармаси ходимларининг июн ойидаги “Қидирув” операцияси натижалари эълон қилинган.

- Матннинг охирида украиналик фуқаролардан ташқари Ўзбекистон, Россия, Беларус давлатларидан бўлган жиноятчилар қўлга олинганлиги айтилган эди. Мақолада улар ўз давлатларида жиноят содир этишгани ҳамда Украинада яшириниб юришгани ва яқин кунларда ўз юртларига бадарға қилинишлари айтилган, дейди украиналик ҳуқуқ фаоли, журналист Максим Буткевич.

Мазкур хабар украиналик ҳуқуқ фаолларини хавотирга солиб қўйган.

- Бизни энг аввало қўлга олинган одамлар матннинг бир неча жойида жиноятчи аталгани ташвишга солди. Суд орқали уларнинг айбдорлиги исботланмагунга қадар ҳеч ким уларни “жиноятчи” дея олмайди. Бу билан Украина Конституцияси моддалари бузилган, айбсизлик презумпциясига риоя қилинмаган, дейди украиналик ҳуқуқ фаоли

Максим Буткевичга кўра, Ўзбекистон прокуратураси қочқинларни Ўзбекистон Жиноий кодексининг 244-моддасининг 1- ва 2-бандлари бўйича¸ яъни диний-экстремистик гуруҳлар тузиш ëки уларга аъзолик¸ шунингдек, 159-модда¸ яъни Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганликда айбламоқда. Ҳуқуқ фаоллари эса уларнинг расмий Тошкент учун номақбул диний ва сиëсий қарашлари учун таъқибга учраган фуқаролар эканини айтмоқда.

Шу йилнинг июн ойидан бери Киевда бошпана излаётган ўзбекистонликлардан 4 нафари ҳибсга олинди.

15 июн куни Киевда ўзбекистонлик қочқин Умид Ҳамроев ўзи истиқомат қилиб келган уйида қўлга олинди.

17 июн куни эса Киев вилояти Ирпен шаҳар суди уни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирувга эълон қилинганлиги боис ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.

29 июн куни Киевда қочқинлик мақоми олиш ҳақида ариза топширган яна бир ўзбекистонлик Қосим Дадахонов ҳибсга олинган. Айни пайтда Қосим Дадахонов ҳам, ўзбек расмийлари талабларига мувофиқ, Украинадан экстрадиция қилиниши мумкин.

2 июл куни Киевда ўзбекистонлик Шодилбек Соибжонов қўлга олинган. Унга шаҳар ички ишлар бўлимига келиши ҳақида повестка бериб, қўйиб юборишган. Бироқ 6 июл куни Соибжоновни яна ҳибсга олишган.

- Тўртинчиси яқинда ҳибсга олинди. Ҳали уни ҳибсга олиш ҳақида суд қарори қабул қилинмаган. Душанба куни, 12 июлда суд маҳкамаси бўлади, деди “Чегарасиз” лойиҳасининг раҳбари Максим Буткевич.

Айни пайтда украиналик тартиб посбонлари томонидан қўлга олинган ўзбекистонлик тўртинчи маҳбуснинг исм-шарифи унинг яқинлари хавфсизлиги учун очиқланмаяпти.

Украинадаги “Чегарасиз” лойиҳаси мамлакат Ички ишлар вазирлигидан жавоб кутмоқда.

Украиналик ҳуқуқ фаолларининг айтишларича, ҳозирга қадар маҳаллий расмийлар томонидан на уларнинг, на “Амнести интернешнл” халқаро ташкилотининг баёнотларига ҳеч қандай жавоб бўлмаган.
XS
SM
MD
LG