Линклар

logo-print

Испания - футбол бўйича дунëнинг янги чемпиони


Испания терма жамоаси тарихда илк бор дунë чемпиони деган мақомни қўлга киритди.

Испания терма жамоаси тарихда илк бор дунë чемпиони деган мақомни қўлга киритди.

11 июл куни футбол бўйича жаҳон чемпионатининг сўнгги баҳси бўлиб ўтди. Унда Испания ва Ҳолландия терма жамоалари футбол бўйича дунёнинг энг нуфузли соврини учун куч синашди.

11 июл куни Тошкент вақти билан кечки соат 23:30да 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг финал ўйини бошланди. Якунловчи ўйин мураккаб беллашувларда аниқланган энг кучли жамоалар- “Қизил фуриялар” деб аталувчи Испания ва “Тўқсариқ учарлар” жамоаси номи билан машҳур Нидерландия- терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.

Қизиғи, иккала терма жамоа ҳам илгари Жаҳон чемпиони унвонини эгалламаган. Аммо голландлар финалга учинчи маротаба чиққан бўлса, испанлар бу жаҳон чемпионатига қадар ҳатто ярим финалда ҳам иштирок этмаган. Бу эса ўйиннингқанчалар муросасиз боришидан дарак эди.

Бу мусобақага тегишли яна бир қизиқарли факт: 10 июл куни Германия терма жамоасининг Уругвай устидан қозонилган ғалабадан кейин биринчи маротаба барча совринли ўринлар Европа терма жамоалари томонидан эгалланиши аниқ бўлди.

Якунига етган жаҳон чемпионати сўзсиз энг жозибали ва қизиқарли чемпионатлар қаторидан аллақачон ўрин олди. У биринчи маротаба Африка қитъасида ўтказилганлиги ҳам бу мусобақага ўзгача тус берди.

Нима билан бу 2010 йилги Жаҳон чемпионати эсда қолди? Бу савол билан “Спорт -Экспресс” футбол журналининг муҳаррир муовини Владимир Константиновга мурожаат қилдик:

- Биринчи навбатда мен учун Франция, Италия ва Англия каби кучли жамоаларнинг бошланғич босқичлардаёқ чиқиб кетиши кутилмаган ва ачинарли ҳодиса бўлди. Шунингдек, менга энг илғор ҳисобланган жаҳон юлдузлари кўрсатган кўримсиз ўйин ёқмади.
Шунга қарамасдан Жанубий Африка чемпионатни юқори даражада ўтказишга эришди, дейди Владимир Константинов.

“Спорт-экспресс” мутахасиссининг сўзларига кўра, мазкур чемпионат ФИФА қоидаларига жиддий ўзгаришларни киритишга мажбур этади:

- Бу ўзгаришлар пишиб етди. Лекин пашшани филга айлантиришнинг ҳожати йўқ: менимча 2014 йилги чемпинатга қадар электрон асбоб-анжомларнинг, видеотакрорларнинг жорий қилиниши қийн масала. Шунга қарамасдан биз замондан ортда қолишимиз керак эмас. Мен бир нарсага ишонаман- Бразилияда бўлиб ўтадиган кейинги Жаҳон чемпионати янада кўпроқ одамларнинг қизиқишини ўзига жалб қилади, деди “Спорт -Экспресс” футбол журналининг муҳаррир муовини Владимир Константинов.

Финал мусобақасини Чемпионлар Лигаси финал ўйининида ҳакамлик қилган собиқ полициячи Ҳовард Уэбб бошчилигидаги ҳакамлар жамоаси бошқарди.

Футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси иштирок эта олмаётганига қарамасдан ўзбекистонлик футбол ишқибозлари бу мусобақага қизиқишлари йўқолмаганлигини гапирмоқдалар. Россиянинг Калининградида меҳнат қилаётган Алишер бу йилги чемпионатдан мамнун эканлигини билдирди:

- Олдинги чемпионатга қараганда анча ўсиш бор. Олдинги чемпионатларда асосан 5-6 команда лидер деб ҳисобланарди: кўзга кўринган Аргентина, Бразилия, Германия, Англия, Франция ёки Испания. Бу йилги чемпионатда унақа нарса кўзга ташланмади- ҳамма жамоа деярли тенг бўлди. Бу йилгида кучли командалар кўп бўлиши аниқ эдию, мен Ганага тараф олган эдим, чунки бу команда чемпионатда қатнашган энг ёш терма команда бўлди.

Озодлик: Бу йилги, сизнингча, энг яхши ўйинчи?

- Бу йилги чемпионатда - Диего Форлан.

Озодлик: Энг ёққан терма жамоа?

- Энг ёққани Сербия. Сербия жуда яхши ўйин кўрсатди. Бу жаҳон чемпионатида энг ёқмаган нарса, шу вувузела сурнайлари овози ёқмади. Футболга оз бўлса ҳам ҳалақит берди. Кейин ўйиндаги тўп ҳам ёқмади- салбий тарафлари бор экан, дейди футбол ишқибози Алишер.

Алишер ўзбек ҳакамлари ортидан ўзбек футболчилари ҳам жаҳон чемпионатида иштирок этиши мумкинлигини таъкидлаб, шундай деди:

- Бошқа ниятимиз йўқ. Фақат Ўзбекистон чиқишини талаймиз.Имкониятлар бор эди бизда. Жаҳон чемпионатида жуда унақа ўйин кўрсата олмаса ҳам 2002, 2006 йилларда имкониятларимиз катта эди. 2010 йилда ҳам зўр имконият бор эди. Шу терма жамоадаги мураббийларнинг қўққисдан алмашиб туришими, ёки маблағ етишмадими, билмадим- ҳозиргача бир тартиб йўқ.

Озодлик: Алишер, сизнинг финалга башоратингиз?

- Финалга тўғрисини айтсам бир нарсани башорат қила олмайман. Ҳатто саккизоёқ ҳам балога қоляпти ҳозир (кулади), ман саккизоёқ бўла қолмай. Мен чиройли ўйин тарафдориман. Ҳакам ҳакида гапирмоқчи эдим. Мана шу болага қойил қолиш керак. Тасанно! Баракалла дейиш керак! Ҳақиқий ўзбеклиги билан ажралиб турдида чемпионат давомида, характери билан, босиғлиги билан. Уларни кўриб ҳам бутун бир бошли команда ўйнагандек бўлди, деди Алишер.

Яна бир футбол шинавандаси Низом ака ҳам якунланаётган жаҳон чемпионатининг эсда қоларли томонлари тўғрисида гапирди:

- Нима дейди, сенсация бўлди ҳозир бу. Мисол учун¸ Ўзбекистон футболчилари кўрсата олмаган ўйинни шу ҳакамлар кўрсатди, шу орқали Ўзбекистон ўзини кўрсатиб қўйди, шунга хурсандман. Лекин менда шу Германия ўйини катта таъсир қолдирди. Неч айилдан бери кўриб кузатаётган бўлсам ҳам, барибир айтишадию, “Немис машинаси” ҳали ишга тушгани йўқ, тушса ҳеч ким тўхтата олмайди. Манга алам қилаётган жойи- нима сабабдан кечаги ўйинда, Уругвай билан, Германия ўзини ўйинини кўрсатмади?! Чунки мен чемпионат бошлангандан бери Германияга болет қилдим, дейди Низом ака.

Челябинскда яшаётган ёш футбол ишқибози Бобурбек бугунги ўйинда ”Тўқсариғлар” ютишини башорат қилди:

- Жаҳон чемпионати ўз фаворитлари Италия билан Францияни бундай кучсиз ўйнашини ҳеч ким тасаввур ҳам қилаолгани йўқ¸ дея башорат қилди Бобурбек.

Финал баҳси иштирокчиларидан Испания жамоаси раҳбари Икер Касильяс ва Голландиянинг бош бомбардимони Робин ван Персилар ўйин олдидан ўз командалари ғолиб чиқишига ишонишларини айтдилар.

Лекин машҳур саккизоёқ Паул футбол кўрмайди: у фақат башорат қилади. Бирор марта ҳам адашмаган бу жонивор Испания чемпион бўлишини башорат қилди ва яна ҳақ бўлиб чиқди - 2010 йилги чемпион¸ у башорат қилган каби¸ Испания бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG