Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:13

“Афсуски, Тошкентни кўролмадим”


Россиялик сайёҳ Алексей Афғонов (ўртада) ўз сафари орқали миллатлараро муросани тарғиб қилиш ниятида.
Россиялик сайёҳ Алексей Афғонов (ўртада) ўз сафари орқали миллатлараро муросани тарғиб қилиш ниятида.

68 ёшли Алексей Афғонов Россиядан Тожикистонга яёв юриб келди. Тўрт ой давомида Алексей қарийб минглаб километр йўлни пиёда юрди. Етмиш ёшни қоралаб қўйган мўйсафид нима учун туғилган юртига пиёда келди?

Алексей Афғонов жорий йил 27 мартида Россиянинг Рязан шахридан йўлга чиққан эди. Орадан тўрт ой ўтиб, туғилган замини бўлмиш Тожикистонга қадам қўйди. Биз икки кам етмишга бориб қолган Алексей Афғоновдан қарийб беш минг километр масофани яёв юришга уни нима ундаганлиги билан қизиқдик.

- Охирги йилларда Россияда бошқа миллатларга нисбатан вужудга келган тоқатсизлик, ёвқараш мени Тожикистонга пиёда боришимга ундади. Менда: “Наҳотки бошқа республикаларда ҳам шундай вазият бўлса”, деган фикр ҳам йўқ эмас эди. Ахир ўзиз ўйлаб кўринг, россияликлар билан қарийб бир аср ака-ука эдик, энди муҳожир бўлдикми? Уруш йилларини, очарчилик даврларини унутдиларингми, ўрис биродарлар? Миллионлаб рус ва бошқа миллат вакиллари Ўзбекистонга, Тожикистонга, Қозоғистонга келишган эди. Уларни ота-боболаримиз муҳожир сифатида қабул қилишмаган эди-ку.

Тошкент шаҳрини эслайлик, Шоаҳмад Шомахмудов ва унинг умр йўлдоши Баҳри Аҳмедовалар оиласи турли миллатга мансуб 15 етим болани тарбиялаб, вояга етказди. Бу оиланинг бундай муруввати ва саҳовати бутун жаҳонга ўрнак бўлиб қолди. Уларнинг болалари ҳанузгача ўзбек бобосию момосини эслашади. Нима учун бугун тожик, ўзбек ва қирғиз сизлар учун муҳожир бўлиб қолди, ўрис биродарлар? Бу жуда ҳам нотўғри тушунча, инсофдан эмас, деб ҳисоблайман, дейди Алексей.

Унинг айтишича, бугун Россияда мурувват ва саҳоват етишмаяпти.

Алексей Афғоновнинг ёшлиги Тошкент шаҳрида ўтган, бироқ бу сафар уни Ўзбекистонга ўтишга қўйишмади.

- Майкамга эътибор берган бўлсангиз, Тошкент шаҳри ҳам ёзилган. Афсуски, Ўзбекистонга ўтолмадим, Тошкентни ҳам кўролмадим. Чунки менга виза керак эмиш. Кейинчалик маълум бўлишича, Қирғизистондаги воқеалар сабабли Ўзбекистонга ўтиш учун ҳаммага ҳам рухсат берилмас экан, дейди Алексей.

Шундан кейин суҳбатдошимиз Қирғизистонга - Бишкек шаҳрига ва Жалолобод ҳамда Ўш орқали Тожикистон томонга қараб юрган.

- Жалолободдаги экин майдонларида бирор инсонни учратмадим. Ерки эгасиз, ишловсиз қолдими, демак, бу маконда бирор даҳшатли нарса рўй берган. Жалолобод ва Ўш шаҳрини кўриб, сочларим тикка бўлди, ваҳимага тушдим. Уйлар ёниб кетган, ер билан яксон бўлган. Онда-сонда учраб қоладиган одамлар юзида қўрқув, даҳшат. Ҳар қадамда текшир-текшир. Текширувчилар эса тамоман бошқача. Улар вужудидан қаҳру ғазаб ёғилади, одамни одам ҳисоблашмайди. “Уруш, жанжал бўлган жойда инсоф, иймон кўтарилади” дегани шу бўлса керак-да. Афсуски, мана шу шаҳарларда сурат олгани ижозат беришмади, дейди Алексей.

Эндиликда Алексей Афғонов Сўғд вилоятининг шаҳар ва туманларини айланиб чиқиб, Тожикистон бўйлаб яёв юришини 9 сентябр республика мустақиллиги куни Душанбе шаҳрида якунламоқчи. Бироқ Алексейнинг айтишича, ўз миссиясини янада мустаҳкамлаш учун Россияга яна шу йўналиш бўйича яёв кетади. Сўнгра эса у жаҳондаги мусулмон, насроний ва буддавийлар қадамжоларига сафар қилиш ниятида.
XS
SM
MD
LG