Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:37

Марказий Осиёда аёл-президентлар даври бошландими?


Роза Ўтунбоева Марказий Осиё давлатлари орасида давлатнинг энг юқори лавозимини эгаллашга эришган биринчи аёл бўлди.
Роза Ўтунбоева Марказий Осиё давлатлари орасида давлатнинг энг юқори лавозимини эгаллашга эришган биринчи аёл бўлди.

Роза Ўтунбаеванинг Қирғизистон президенти этиб сайланиши “Аёл-президент келажакда Марказий Осиё давлатлари учун одатдаги ҳол сифатида қабул қилиниши мумкинми ёки бу ғайриодатий ҳолат бўлиб қолаверадими?” деган саволни ўртага чиқарди.

Мазкур масала юзасидан фикр билдирган Қирғизистон ноҳукумат ташкилотлари коалицияси раҳбари Тўқтайим Уметалиева 1917 йил инқилобидан аввалги Марказий Осиёда аёлларнинг давлат бошқарувида алоҳида ўрни бўлганини таъкидлайди. Бунга мисол сифатида у ўтган асрда Олойда эл устида турган раҳбар аёлларидан бири Қурмонжон Додхоҳни келтиради.

- Қурмонжон Додхоҳ ўз халқи ва Қўқон хонлиги ҳудудида яшаб келган миллатлар учун ўз оиласини қурбон қилган. Бунга ҳайрон бўлмаса ҳам бўлади, деб ўйлайман. Қирғизларнинг узоқ ўтмишида давлат бошқарувчиси бўлган аёллар кўп бўлган. Қирғиз аёллари, умуман кўчманчи халқ аёллари учун, менимча, бу одатий ҳол, дейди Тўқтайим Уметалиева.

Айни пайтда Болгарияда қочқинликда яшаётган Туркманистон Ҳелсинки жамғармаси раҳбари Тожигул Бегмедова мустақиллик йилларида МДҲ аксар давлатлари, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларида юзага келган шароит тирикчилик ташвишини аёл киши зиммасига юклагани, бу минтақа аёлларининг сиёсат, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда эркаклардан кўра етакчироқ позицияларни эгаллашларига туртки бўлганини айтади.

Шу билан бирга у минтақанинг аксар мамлакатлари, хусусан, Туркманистон жамиятида мавжуд стереотиплар аёл кишининг давлат раҳбари бўлишига йўл бермаётганини таъкидлайди.

- Ҳозир туркман аёлларининг лидер бўлишига етарлича имкон йўқ. Патриархал стереотиплар ҳалигача уларга ҳамон иккинчи даражали ролни ажратмоқда. Шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда аёл кишининг Туркманистонда лидерга айланиши одатдаги ишдан кўра кўпроқ истиснодир. Аммо, яна бир бор қайтараман, маълум бир шароитда, худди Қирғизистонда бўлгани каби, Туркманистонда ҳам аёл кишининг лидер бўлиш эҳтимолини назардан соқит қилиб бўлмайди, дейди Тожигул Бегмедова.

Ўз навбатида, Озодлик радиосининг қозоқ хизматига берган интервюсида Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Дилором Исҳоқова Ўзбекистонда президент аёл киши бўлиши эҳтимолини рад қилмайди. Аммо бунда у ўзига яраша чекловлар бўлиши мумкинлигини алоҳида урғулайди.

- Ўзбекистонда аёл-президент сифатида фақат амалдаги президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова бўлиши мумкин. Мен бошқа вариантларни кўраётганим йўқ. Менга ҳам аёл кишининг президентлик қилиши маъқул. Мен унинг аёл бўлгани учун тарафини олаётганим йўқ. Бунга сабаб аёлларнинг қонунбузарликка камроқ йўқ қўйишидир. Ўзбекистонда ҳокимият алмашган тақдирда ҳокимият тепасига фақат Ислом Каримовга яқин бўлган одам келиши мумкин. Агар у аёл киши бўлса, бугунги кунда президентликка ягона аёл-номзод бўлган Гулнора Каримова бўлиши мумкин, дейди Дилором Исҳоқова.

Маълумки, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева парламент депутати, партия раиси бўлиб, мамлакатдаги йирик медиа-тузилмаларга раҳбарлик қилиб келганди. Аввалроқ аксар кузатувчилар Назарбоев ҳокимиятдан кетган тақдирда айнан унинг тўнғич қизи президентликка ўз номзодини қўйиши мумкинлиги ҳақида гапиришганди. Бироқ...

- Ҳаттоки Дариға Назарбоева ҳам отасининг ҳаққоний вориси бўла олмади. Бунга унинг эри ватан хоини ўлароқ тан олиниб, судлангани сабаб эмас. Буни президентнинг ўзи истамади. Назарбоев тўнғич қизини ўз вориси, дея тан олишни истамади. Умуман олганда, у аёлларни ворис сифатида кўришни истамаяпти. Мен худди Россияда бўлгани каби президентнинг ўзига ворис танлаш позициясини нотўғри, дея ҳисоблайман. Бизнинг демократик принциплар бўйича президентни халқ танлаши керак. Қозоғистонда президент бўлишга лойиқ кўплаб аёллар бор, дейди қозоғистонлик кузатувчи Розлана Таукина.

Кузатувчилар Марказий Осиё мамлакатларининг деярли барчаси тўқнаш келаётган ўтиш даврида минтақа мамлакатларини автократия ва диктатурадан халос қилиш учун айнан аёл-президентлар бошқаруви муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.
XS
SM
MD
LG